Меню

Қашқадарё

24.03.2018 1944

ХАСТА КЎНГИЛЛАР ҚУВОНЧГА ТЎЛДИ

 

Ушбу анаъанага содиқ қолган ҳолда бу гал ҳам вилоятимизда яна бир хайрли ишга қўл урилди. Ота-онасидан бевақт айрилган, ҳозирда яқин қариндошлари васийлигига олинган ва вилоятимизнинг барча ҳудудларида яшаётган 150 нафар боланинг Наврўзни эсда қоларли, шодон ўтказишига алоҳида эътибор қаратилди. Шу мақсадда улар учун кўҳна Кешга кўнгилочар саёҳат уюштирилди. Мазкур тадбир вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан қатор мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилди.

Сафар олдидан Қарши темир йўл вокзалида болажонлар билан учрашув бўлиб ўтди. Бундан кўзланган мақсад мамлакатимизда ҳар бир ёш авлод камолига давлат даражасида устувор аҳамият қаратилаётгани, ҳеч ким эътибордан четда эмаслигини англатишдан иборат. Шу маънода йигит-қизларга аввалдан тайёрланган ажойиб совғалар топширилди.

- Икки набирам – Маржона ва Дилёрбек ота-онасидан эрта етим қолишганди, айни пайтда улар менинг қарамоғимда, - дейди Қарши шаҳридаги Арабхона маҳалласида яшовчи Маҳбуба Очилова. – Улар ҳали ёш бўлсалар-да, бу ҳолатдан кўнгилларида бироз кемтик бор эди. Саёҳатга чиқишини эшитиб роса хурсанд бўлишди. Ташкилотчилар набираларимга янги мактаб формалари, спорт кийимлари ҳамда бадиий китоблар тўплами беришди. Ана энди уларнинг қувончдан кўзлари порлаяпти. Бундай хайрли ишларни қилаётганларга миннатдорлик билдираман.

Шундан сўнг болалар чиққан поезд Шаҳрисабз томон йўл олди. Уларга вилоят ҳокими Зафар Рўзиев, шунингдек, вилоят прокурори ва ички ишлар бошқармаси бошлиғи, жамоат ташкилотлари вакиллари ҳам ҳамроҳлик қилди. Болалар билан суҳбатлашиш чоғида шу нарса маълум бўлдики, уларнинг ҳар бири алоҳида-алоҳида олам, кўплаб қизиқишларга эга. Ватанимизга, жамиятга фойдаси тегадиган инсон бўлиб етишишни ният қилишган.

Китоб темир йўл вокзалида ёш меҳмонларни тантанали кутиб олишди.

Болалар саёҳатни Амир Темур бобомиз қурдирган ҳашаматли тарихий обида - Оқсарой билан танишишдан бошлади. Бу борада уларга гидлар яқиндан ёрдам беришди. Ёшлар буюк Соҳибқироннинг муаззам ҳайкали пойида ҳам бўлишди. Шунингдек, Чўбин мадрасаси, унинг ичида жойлашган музей, Кўкгумбаз масжиди каби диққатга сазовор жойлар кейинги манзилга айланди.

 

- Шаҳрисабзга биринчи марта келишим, - дейди саёҳат иштирокчиси, 12 ёшли Орзигул Отабекова. – Ҳақиқатан ҳам жуда гўзал ва фусункор шаҳар экан. Қадимий Кеш ҳақида, Амир Темур бобомиз тўғрисида китобларда ўқиганман. Ҳайбатли ёдгорликларни, қадимий осори атиқаларни яқиндан кўрганимдан бахтиёрман. Аждодларимиз бизга бебаҳо мерос қолдирганига гувоҳ бўлдим, дилим яйради. Истагим – уларга муносиб бўлиш.

Сафардан олам-олам таассуротлар олган болалар Шаҳрисабз шаҳридаги Ёшлар саройига таклиф қилинди. Бу ерда улар учун дастурхон ёзилиб, концерт  дастури ташкил қилинди. Шу куни муҳташам ва файзли кошонани болаларнинг шодон ўйин-кулгиси эгаллади.

Ушбу саёҳат берган хуш кайфият болаларни анча вақтгача тарк этмаслиги аниқ.

М.ШУҲРАТОВ

Муродилла КОМИЛОВ олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!