Меню

Қашқадарё

24.07.2020 1374

ХАРОБА ЁТОҚХОНАДАГИ АҲВОЛ ЎНГЛАНАДИМИ?

"Qashqadaryo" газетасининг 2020 йил 7 июль сонида "Қаршидаги кўп қаватли ётоқхонада яшаётган аҳоли ноласи: на газ, на ичимлик суви бор. Канализация ҳам ишламайди" сарлавҳали  мақола чоп этилган эди.

Мақолада кўтарилган муаммолар юзасидан Қарши шаҳар ҳокимлиги ўз муносабатини баён этди. Унда шундай дейилган:

"Қарши шаҳри Беклар маҳалласи Амир  Темур кўчасида жойлашган 136-сонли ётоқхонада 88 та хона мавжуд бўлиб, ҳозирда бу ерда 80 та оила яшаб келмоқда. Қарши шаҳар ҳокимлиги томонидан ётоқхонадаги мавжуд муаммолар жойига бориб ўрганилиб, ҳозирда ётоқхона биносини таъмирлаш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилмоқда.

Бундан ташқари, ётоқхона ҳудуди Қарши шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги ободонлаштириш бошқармаси ходимлари томонидан тозаланиб, чиқиндилар олиб чиқиб кетилмоқда. Жорий йилнинг 22 июль куни бу ерда яна бир марта кенг кўламдаги ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, ётоқхона ҳудуди ва кўчалар чиқиндилардан тозаланди. Қарши шаҳар СЭОМ ходимлари томонидан ётоқхонада дезинфекция ишлари амалга оширилди".

Таъкидлаш жоизки, ўтган ойда ҳам шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан ушбу ётоқхонада ободонлаштириш ишлари амалга оширилган, атрофдаги чиқиндилар тозаланиб, ташиб кетилган эди. Буни муаммони ўрганиш жараёнида ётоқхонада яшаётган аҳоли вакиллари ҳам эътироф этишган. Аммо орадан икки кун ўтмай яна гир атроф аввалги ҳолига келиб қолган. Демак, бу ерда вақти-вақти билан ўтказиладиган ободонлаштириш ишлари билан натижага эришиб бўлмайди. Тезроқ ётоқхонани тўлиқ таъмирлаш, аҳолининг яшаши учун зарур шароитларни ҳозирлаш чораларини кўриш лозим.

Шунингдек, мақолада кўтарилган муаммолардан яна бири - ётоқхонанинг табиий газ таъминотидан узиб қўйилганлиги юзасидан эса "Ҳудудгаз Қашқадарё" масъулияти чекланган жамияти РАДДИЯ берди. Ҳа, МЧЖнинг Telegramдаги расмий канали орқали эълон қилинган матнда худди шундай ёзилган. Биз эса қайси фикримизнинг рад этилганини сира тушунмадик. Шу боис уни айрим тузатишларни истисно қилган ҳолда ўз ҳолича келтирамиз:

"Ҳудудгаз Қашқадарё" МЧЖ шуни маълум қиладики, шаҳарнинг Амир Темур кўчасида жойлашган 136-сонли ётоқхонадаги ҳолат, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йилдаги 22-сонли ҳамда 2019 йил 16 мартдаги 226-сонли қарорларида кўрсатилган талабларга тўғри келмайди.

Мисол учун, газ лойиҳа ҳужжатлари, газдан фойдаланиш ускуналари мавжуд эмас, шунингдек, ҳар бир қаватда жойлашган ошхона яшаш уйига айлантириб юборилган, ис гази чиқиб кетиши учун мўлжалланган дудбуронлари ҳам тўсиб ташланган. Газ ҳисоблагичлари ўрнатилмаган.

Хулоса қилиб айтганда, ётоқхонанинг лойиҳа пешҳисоб ҳужжатлари ва "Қарши шаҳар газ" филиали билан шартномаси мавжуд эмас. Истеъмолчилар рўйхати табиий газдан фойдаланиш бўйича "Биллинггаз" ва "Фосса" дастурида    шаклланмаган.

Бундан кўринадики, Қарши марказий буюм савдо комплекси жамияти ётоқхонанинг юқоридаги камчиликларини бартараф этиб, газлаштириш учун лойиҳа ҳужжатларини "Қарши шаҳар газ" филиалига тақдим қилса, табиий газ таъминоти қайта тикланади".

Бундан келиб чиқадики, ётоқхонада бинойидек шароит яратиш учун ҳали кўп муаммолар ҳал этилиши керак. Боз устига, "ётоқхона биз учун ортиқча бошоғриқ бўлмоқда" деб турган "Қарши марказий буюм савдо комплекси" АЖ бу талабларни бажариши амримаҳол.

Демак, хароба ётоқхонада яшаётган аҳолининг  ваъда қилинаётган ўзгаришлар қачон бўлишини кутишдан ўзга чораси йўқ.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!