Меню
Қашқадарё
ХАРОБА БИНОДА ЯШАЁТГАН АЁЛГА 20 МИЛЛИОН СЎМ ПУЛ БЕРИЛАДИГАН БЎЛДИ
Акс-садо
Хабарингиз бор, газетамизнинг 2021 йил 19 февраль сонида "Харобада яшаса, ҳокимият уй берадими?" сарлавҳали мақола чоп этилган, унда Қарши шаҳридаги Шайхали шаҳарча фуқаролар йиғинида хароба бинода яшаётган Фотима Авазованинг турли идораларга уй-жой масаласида ёрдам сўраб қилган мурожаатлари натижасиз қолаётгани, хусусан, шаҳар ҳокимлиги, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан инсон ҳаёти, тақдирига ўта бефарқлик билан жавоб хатлари йўллангани, қолаверса, шаҳарча фуқаролар йиғини раиси ва бошқа масъуллари бу борада айтарли ишга қўл урмаётгани, ёлғиз аёл боши билан бир ўғлини институтда контрактда, бир ўғлини коллежда ўқитаётгани, чилангарликка ўқиган катта ўғли эса ишсиз экани ҳақида сўз юритилганди.
Қарши шаҳар ҳокимлиги ахборот хизматидан маълум қилишларича, вилоят ҳокими Зойир Мирзаев Шайхали шаҳарча фуқаролар йиғинида аҳоли вакиллари билан учрашиб, уларнинг муаммоларини тингларкан, Фотима Авазованинг уй-жой билан таъминлаш ҳамда ўғлини ишга жойлаштириш масаласидаги мурожаатига ҳам эътибор қаратган.
Қайд этилишича, вилоят ҳокими аёлга ҳозирда бепул уй-жой билан таъминлай олмаслигини, ёрдам тариқасида 20 миллион сўм пул берилишини айтган. Бундан ташқари, Фотима Авазованинг ўғли "Ҳудудгаз Қашқадарё" газ таъминоти филиалига чилангарликка ишга қабул қилинадиган бўлди.
Энди ҳамма гап - ушбу ваъданинг амалга кўчишида. Айтилган ёрдам пули берилса, оила ўзига ер участкаси олиш имконига эга бўлади. Катта ўғил газ идорасида доимий ишлаб турса, ҳаминқадар ўзи хоҳлагандай уй ҳам тиклаб олиши мумкин. Шундай экан, ваъданинг рўёбини яқин кунларда кўрамиз, деб умид қиламиз. Ҳа, УМИД қиламиз!
Чунки, ўтган йили Россияда чиқинди йиғиб, оиласини боққан шаҳрисабзлик 11 ёшли Исломбек юртимизга қайтгач, вилоят ҳокими у билан учрашган ва оиласига 20 миллион сўм пул ва бошланғич тўлови тўланган уй берилишини айтганди. Бир неча кун аввал тарқалган хабарларда таъкидланишича, айтилган ваъда бажарилмасдан қолган, оила "эски ҳаммом, эски тос" ҳолида яшамоқда. Шайхалидаги харобада яшаётган аёлга ҳам 20 миллион сўм ваъда қилинаркан, буниси қандай якун топаркан деган хавотиримиз бор...
НАСРИДДИН