Меню

Қашқадарё

12.05.2016 2051

ХАРИДОР ҲУҚУҚИНИ БИЛМАСА

МАҲСУЛОТ СИФАТСИЗ ЭКАН

Мамлакатимизда савдо-сотиқ, хизмат кўрсатиш соҳаси истеъмолчилар хоҳиш ва талабига мос тарзда ривожланиб бораяпти. Тадбиркорлар томонидан тайёрланиб, бозорга чиқарилаётган истеъмол товарлари, мижозларга таклиф этилаётган хизматлар хилма-хиллиги кескин ошган. Табиийки бу истеъмолчи учун танлаш имкониятини кенгайтиради. Кимдир арзон маҳсулот ёки хизматга қаноат қилса, кимдир юқори сифатлисини қидиради. Бироқ, сифати мақталиб, тавсия этилган товар ёки хизмат ҳамма вақт ҳам сиз кутгандек бўлиб чиқмаслиги мумкин.

Қарши шаҳрида яшовчи Бекназар   Раҳимов тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун ўзига тегишли бўлган нотурар жойнинг олд қисмини ойнаванд қилиш мақсадида Хоразм вилоятида рўйхатдан ўтган "GLASS PRO" масъулияти чекланган жамияти вакилларига мурожаат қилганида сифатли товар ва хизматдан умид қилганди. У тегишли маҳсулот ва хизмат учун 6 миллион 672 минг сўм маблағни бажарувчига олдиндан нақд пулда тўлаб ҳам беради. Келишувга асосан, буюртма шартномада белгиланган муддатда ўз эгасига етказилиб, ишчилар томонидан ойна ўрнатиб берилиши керак эди. Бироқ  келтирилган ойналар талаб даражасида эмаслигини кўриб, харидорнинг дили хуфтон бўлади. Шундан сўнг у "GLASS PRO" МЧЖ масъуллари билан  боғланиб, буюртмадан норозилигини айтади. Афсуски, тадбиркор истеъмолчининг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдиришдан нарига ўтмайди.

Қонун барчага баробар, уни четлаб ўтишга эса ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Истеъмолчига сифатли маҳсулот етказиб бера олмагани учун 6 миллион 672 минг сўм миқдоридаги маблағ "GLASS PRO" корхонасидан истеъмолчига қайтариб берилди.

Юлдуз ТЕМИНОВА,

вилоят истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари ҳудудий бирлашмаси мутахассиси.

480 МИНГ СЎМГА —БУЗУҚ ТЕЛЕФОН?

Китоб туманида яшовчи Феруза Маҳмудова Шаҳрисабз туманидаги "Минг хил буюмлар" савдо мажмуасидан 480 минг сўмга "Sамsung" русумли телефон аппарати сотиб олди.

Аввалига сотувчи телефоннинг афзалликлари тўғрисида оғиз кўпиртириб, сифати ҳам юқори эканига харидорни ишонтиради. Бу мақтовлардан сўнг телефон аппарати дарҳол ўз эгасини топади, тўлов эса харидорнинг пластик карточкаси орқали амалга оширилади.

Орадан кўп вақт ўтмай, телефон аппарат ишлатишга яроқсиз экани маълум бўлади. Харидор алданганини тушуниб етади ва кайфияти тушган ҳолда товар сотиб олинган дўконга қайтиб боради. Бироқ сотувчи унинг асосли талабларини бажаришдан бош тортади.

Истеъмолчининг мурожаати атрофлича ўрганилганда, савдо мажмуаси сотувчиси ҳақиқатан ҳам сифатсиз товар сотгани аниқланди ва телефон аппаратининг бошқасига алмаштириб берилиши таъминланди.

Баҳром ЭШҚУВВАТОВ,

вилоят истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш  жамиятлари ҳудудий бирлашмаси матбуот ва ахборот сектори бошлиғи.

НАҚДМИ ЁКИ ПЛАСТИК?

Банк пластик карточкалари замонавий, қулай ва ишончли тўлов воситаси саналади. Қолаверса, барча савдо ва пуллик хизмат кўрсатиш шохобчаларида пластик карточкалар орқали тўловларнинг ҳеч бир тўсиқсиз, чекланмаган миқдорда ҳамда нақд пулга тенглаштирилган ҳолда амалга оширилиши амалдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида белгилаб қўйилган. Аммо...

Миришкор туманилик Фароғат Ёмғированинг эътирози ҳам пластик  карточка ва нақд пулда амалга ошириладиган тўлов ўртасида юзага   келган ана шундай тафовутга оид бўлди. 

 Фароғат Ёмғирова Жейнов қишлоғидаги қурилиш материаллари бозорига боради. У ерда сотувчи билан 1 миллион 350 минг сўмлик қурилиш молларини сотиб олишга келишади. Харидор тўловни пластик карточка орқали амалга оширишини айтганида, сотувчи келишилган нарх устига устама миндириб, маҳсулотлар нархини 1 миллион 600 минг сўмга ўзгартиради. Шундан сўнг харидор ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишга киришади.

Ўрганишлар давомида юзага келган қонунбузилиш ҳолатига чек қўйилиб, истеъмолчининг ҳақ-ҳуқуқи тикланди.

Ислом ЖОНИЕВ,

Миришкор туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ижро этувчи аппарати раиси.

КАССА ЧЕКИНИ ОЛИШ ШАРТ!

Барчамиз - истеъмолчи. Ҳар куни нимадир харид қиламиз, турли хизматлардан фойдаланамиз ва улар учун тегишли тартибда ҳақ тўлаймиз. Аммо барча жойда ҳам тўланган нақд пулимиз учун касса чеки берилмайди ёки ўзимиз талаб қилмаймиз.

Аслида сотувчи ёхуд хизмат кўрсатувчи истеъмолчига товар сотилганда ёки хизмат кўрсатилганда тўловга оид касса чеки беришга мажбур. Бу амалдаги тегишли қонун ва меъёрий ҳужжатларда ҳам ўз ифодасини топган. Қолаверса, касса чеки истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда асосий далиллардан бири ҳисобланади.

Деҳқонобод туманилик Фахриддин Дўстов кийим-кечак сотиб олиш мақсадида ЯТТ "Рузигул Турақобилова" савдо дўконидан қиймати 150 минг сўм бўлган кўйлак сотиб олади. Хариддан сўнг савдо чеки олишни эп билмайди ва хариддан мамнун ҳолда уйига қайтади. Аммо мақтаб сотилган кўйлак сифатсиз бўлиб чиқди. Истеъмолчи ҳафсаласи пир бўлиб ўша дўконга қайтиб борди ва сотувчидан товарни сифатлисига алмаштириб беришни ёки пулини қайтаришни талаб қилди. Бироқ унинг бу қонуний талаби рад этилади. Истеъмолчининг пул сарфлаб харид қилгани ҳақиқат. Чекни олишни унутгани Ф.Дўстовга бош-оғриқни кўпайтирди, аммо якунда унинг талабига асосан сифатсиз товар дўконга, тўланган пул эса ўз эгасига қайтарилди.

Зафар ҲАМРОЕВ,

Деҳқонобод туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ижро этувчи аппарати мутахассиси.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!