Меню
Қашқадарё
ХАРИДОР БОР, КЎНГИЛ ТЎҚ
Ишлаб чиқариш
Чироқчи тумани ҳақида гап кетганда, кўпчиликнинг кўз олдида пахта, ғалла, чорвачилик ва полиз маҳсулотлари етиштиришга ихтисослашган ҳудуд гавдаланади.
Ҳақиқатан ҳам, кўп йиллар давомида туманда асосан икки-учта йўналишга эътибор қаратиб келингани рост. Бироқ, бугун ҳудудда тадбиркорликнинг барча соҳалари жадал ривожланмоқда. Буни туманнинг биргина Чироқчи маҳалласи мисолида ҳам кўриш мумкин.
- Айни пайтда маҳалламизда 3365 нафар киши истиқомат қилаётган бўлса, тадбиркорларимиз сони 85 нафардан ошди, - дейди маҳалла раиси Сулув Бердиқулова. - Улар хизмат кўрсатишнинг барча йўналишларидан тортиб, ишлаб чиқариш ва миллий ҳунармандчилик борасидаги юздан ортиқ ташаббусларни рўёбга чиқарган.
Шу маҳаллалик Наргиза Тошпўлатова ҳам яқинда фаолият бошлаган ташаббускорлардан бири саналади. У таъсис этган "Meran furwood" масъулияти чекланган жамиятида замонавий мебель маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда.
- Бугун мебель ишлаб чиқариш ривожланиб бормоқда, - дейди тадбиркор. - Бежирим, алоҳида дид билан ишланган мебеллар харидорни беэътибор қолдирмайди. Шу боис банкдан 250 миллион сўм миқдорида кредит олиб, фаолиятимиз учун зарур бўлган энг замонавий технологияларни харид қилдик. Ҳозирги кунда корхонамизда офис мебеллари, ўқув жиҳозлари, ошхона, меҳмонхона ва ётоқхона учун мўлжалланган буюмлар ва шу каби бошқа мебель маҳсулотлари ишлаб чиқарилаяпти. Айни вақтда 8 нафарга яқин кишини иш билан банд этганмиз.
Таъкидлаш ўринлики, бугун юртимиздаги аксар аҳоли хонадонларида зарур уй-рўзғор буюмлари орасида мебель жиҳозлари асосий ўринни эгаллайди. Уларни харид қилишга эҳтиёж эса мудом юқори. Бу эса юртдошларимизнинг турмуш фаровонлиги юксалаётганидан далолат, десак тўғри бўлади. Шунинг баробарида ишлаб чиқарувчилар учун кенг имконият ҳамдир.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.