Меню
Қашқадарё
Халқ таълими мутасаддиларига хизмат автомобиллари топширилди
Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги сессиясида “Мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармони лойиҳаси депутатлар, ўқитувчилар ва ота-оналар иштирокида муҳокама қилиниб, бир қатор таклифлар ишлаб чиқиларкан, вилоят ҳокими, Кенгаш раиси Зойир Мирзаев туман, шаҳар халқ таълими бўлимлари мудирларига хизмат автомобиллари ажратилишини айтган эди.
Маълум бўлишича, вилоятда шу пайтгача фақат Косон ва Чироқчи тумани халқ таълими бўлими мудирларига хизмат автомобиллари берилган.
“Мудир бугун бу мактабга боради – парта, иккинчисига боради – кўмир, бунисига боради – қурилиш, унисида – “котёл”... Хуллас, ўртада таълим эсдан чиқади. Аниқ биламан, туман халқ таълими бўлими мудирлари таълим сифатини умуман муҳокама қилмайди. Фақатгина ҳудудингни тозалаб қўй, ўт босиб кетибди, деган иш билан шуғулланади”, мазмунидаги танқидлар ортидан таълим жараёнини мунтазам назорат қилиб бориш учун барча мудирларга етарли имконият яратишга ваъда қилинганди.
Бугун вилоят мусиқали драма театри ёнидаги хиёбонда вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғига “Жентра”, туман ва шаҳар халқ таълими бўлими мудирларига “Нексия-3” автомашиналарини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.
Мазкур қулайлик таълим-тарбия сифатини янги босқичга кўтаришда муҳим ўрин тутиши таъкидланди.
Н.ХЎЖАЕВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.