Меню
Қашқадарё
ХАЛҚ РОЗИЛИГИ - БОШ МАҚСАД
Оммавий қабул
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги "Конституция ва қонун устуворлиги - ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятининг энг муҳим мезонидир" деб номланган маърузасида "...ҳамма раҳбарларга яна бир бор эслатиб ўтмоқчиман. Бизга умид ва ишонч билдирган, бизни раҳбар этиб сайлаган, эл-юртимизни, ҳар бир фуқарони рози қилиш асосий бурчимиз эканини ҳеч қачон унутмайлик. Халқ биздан рози бўлса - Яратган ҳам биздан рози бўлади", дея алоҳида таъкидлаган эди.
9-10 декабрь кунлари Қарши шаҳри, Касби, Қамаши ва Шаҳрисабз туманларида Президент Администрацияси масъул ходимлари, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Олий суд каби ўндан зиёд республика ташкилотлари, вилоят секторлари раҳбарлари аҳоли муаммоларини тинглаб, уларга ечим излагани ҳам айнан халқни рози қилишга қаратилганини айтиш ўринли. Ўрганишлар давомида йўл, газ, кўмир, электр энергияси билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш кун тартибида бўлди.
Вилоят аҳолисининг кўмирга бўлган йиллик эҳтиёжи 25 минг тоннани ташкил қилиб, маълумотларга кўра, шу кунгача 16 минг тонна кўмир олиб келинган. Оммавий қабуллар жараёнида Ғузор, Нишон, Қарши, Миришкор, Касби, Муборак ва Косон туманлари аҳолисига кўмир етказиб берилди.
Вилоят аҳолисининг газ баллонларига эҳтиёжи 72 минг 600 донадан зиёдни ташкил этса, икки кун ичида 1 минг 334 газ баллони етказиб берилиши билан бу режа 91 фоизга уддаланди. 20 декабрга қадар яна қўшимча 5 минг дона газ баллони етказиб бериладиган бўлди.
Оммавий қабулларда 1 минг 69 мурожаат кўриб чиқилиб, 441 тасига жойида ечим топилди, 341 мурожаат эгасига ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳат берилган бўлса, 287 масала бўйича аниқ муддат ва масъуллар белгиланиб, назоратга олинди.
Мазкур жараёнда сайёр суд мажлислари ҳам ташкил қилиниб, суд қарорлари асосида 48 маҳкум жазони ўташ муддатидан шартли озод қилиниб, оиласи бағрига қайтарилди. 19 фуқаро маъмурий жазодан озод қилинди, 69 шахсга белгиланган жазо енгиллаштирилди.
Шунингдек, оммавий қабуллар жараёнидаги мурожаатлар таҳлили асосида вилоят ижтимоий ҳаёти билан боғлиқ қатор тизимли муаммоларни ҳал қилиш бўйича ҳам чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди. Вилоятда "Обод қишлоқ", "Обод маҳалла" дастурлари, "Обод марказ" лойиҳаси доирасида бажарилаётган ишлар ҳолати ҳам ўрганилиб, аниқланган муаммоларни ҳал қилиш чоралари кўрилди.
Б.САЙФИЕВ
Жамшид НОРҚОБИЛОВ олган суратлар.