Меню

Қашқадарё

06.12.2016 2728

ХАЛҚИМИЗНИНГ ЎЗ КЕЛАЖАГИГА БЎЛГАН ЮКСАК ИШОНЧИ

 

Асосий қонунимизнинг 117-моддасида қайд этилганидек, ҳар бир сайловчи бир овозга эга. Овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланади. 4 декабрь куни мамлакатимизнинг миллионлаб фуқаролари ана шу ҳуқуқларидан фойдаланиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этди.

- Сайловда вилоятимизнинг овоз бериш ҳуқуқига эга фуқаролари жуда фаол қатнашишди, - дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 13-Қашқадарё округ сайлов комиссияси котиби Сайёра Орипова. - Буни соат ўн тўртда умумий сайловчиларнинг 66 фоиздан ортиғи овоз беришда қатнашиб бўлганидан билиш мумкин. Қонунчиликка кўра, агар сайловчилар рўйхатига киритилган фуқароларнинг ўттиз уч  фоизи овоз беришда иштирок этган бўлса, сайлов ўтган ҳисобланади. Энг асосийси, сиёсий тадбир очиқ, ошкора, тегишли қонунлар асосида, адолатли ўтказилди, дейишга тўла асосимиз бор.

Дарҳақиқат, сайлов участкалари эрта тонгданоқ сайловчилар билан гавжум бўлди. 13-Қашқадарё округ сайлов комиссиясининг маълумотига кўра, округ ҳудудида тузилган 884 та сайлов участкасида рўйхатга олинган 1 миллион 951 минг 62 нафар сайловчидан 1 миллион 723 минг 847 нафари, яъни сайловчилар умумий сонининг 88,35 фоизи овоз беришда қатнашди. 10 минг 978 нафар сайловчи муддатидан олдин овоз берди.

- Эрта тонгдан фарзандларим, набираларимга бош бўлиб, сайловда иштирок этиш учун келдим, - дейди 78 ёшни қаршилаган Абдувоҳид Ўрунов. - Биз турли сайловларни кўрганмиз.  Мустақиллик туфайли ҳақиқий сайлов нима эканини тушуниб етдик. Қаранг, шаҳару қишлоқларимиз обод бўлиб, турмушимиз йилдан-йилга юксалиб бормоқда. Мамлакатимиз янада тараққий этиши, турмушимизнинг бундан-да фаровонлашиши учун ҳисса қўшадиган муносиб номзодга овоз бердим.

Шуни ҳам таъкидлаш ўринлики, мустақиллик йилларида Биринчи Президентимизнинг "Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва, албатта, бахтли бўлишлари шарт" деган ғояси ягона умуммиллий мақсадга айланди. Бугун бу улуғ ишлар катта ғайрат-шижоат билан изчил давом эттирилаётгани учун ҳам ёшларимиз мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларда фаол қатнашмоқда.

Бу жиҳатлар эл-юртимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий имтиҳон - Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида яна бир бор ўз исботини топди: сайлов кунигача 18 ёшга тўлган 55 минг нафардан зиёд вилоятимиз ёшлари Конституцияда белгиланган сайлаш ҳуқуқидан фойдаланиб, илк маротаба овоз берди.

- Менинг овозим мамлакатимизнинг эртанги тараққиёти ва халқимиз фаровонлигининг яна ҳам юксалишида аҳамиятли эканидан фахрландим, - дейди Касби туманидаги Байдоқчи қишлоғида яшовчи Гўзал Раҳматуллаева.     - Номзодлар дастури билан яхши таниш эдим, шунинг учун биринчи марта овоз бераётган бўлсам-да, шошиб қолмадим. Бу кун ҳаётимдаги энг унутилмас кун бўлиб қолади.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси "Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида"ги Қонунининг 19-моддасига кўра, саломатлигининг ҳолати ёки бошқа сабабларга кўра овоз бериш биносига кела олмайдиган сайловчилар участка сайлов комиссиясига тегишли илтимос билан мурожаат этиш ҳуқуқига эга, бу комиссия овоз беришни ана шу сайловчилар турган жойда ташкил этиши шарт. Ана шу жиҳатлар инобатга олиниб, Қарши шаҳридаги 20-сайлов участкасида жисмоний имконияти чекланган, кекса ёшдаги инсонлар ҳамда сайлов куни муайян сабабларга кўра сайлов участкасига кела олмаган фуқароларга махсус кўчма қути олиб борилди ва уларга овоз  бериш учун имконият яратилди.

Надежда Теминдиярова ҳам соғлиғи сабаб сайлов участкасига бора олмасди. Сайлов участкаси ходимлари унинг хонадонига келиб сайловдаги иштирокини таъминлаб беришди. Надежда Теминдиярова Ватан тараққиёти, аҳоли фаровон турмуш тарзини таъминлайдиган, элим деб, юртим деб ёниб яшайдиган энг муносиб номзодга овоз берганидан хурсанд.

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари орасида биринчи бўлиб Ўзбекистонда кўзи ожизлар учун махсус тайёрланган бюллетенлардан фойдаланилиши, уларнинг овоз беришда шахсан қатнашгани мазкур сиёсий жараён юртимизда очиқлик, тенглик ва адолат тамойиллари асосида ўтгани ифодаси эканини участкаларда бўлган хорижий кузатувчилар ҳам кенг эътироф этди.

Дарвоқе, дунёга юз тутган Ўзбекистон жаҳон аҳлининг эътиборида. Демак, юртимизда бўлиб ўтган сайлов ҳам уларнинг назаридан четда қолгани йўқ. Сайлов участкаларидаги овоз бериш жараёнларини сиёсий партияларнинг 3500 нафардан ортиқ ходимлари, 65 нафар маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакили ҳамда вилоятимизга келган 25 нафар      халқаро кузатувчи бевосита кузатиб борди.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатиш бўйича миссияси узоқ муддатли кузатувчилари Геворкян Рафаэл (Россия), Чинн Жефри (АҚШ),   Азамат Алдамжаров (Қозоғистон), Хёер Бриджит (Германия), Германиядаги "Silk Road Company" маданий-жамоатчилик компанияси директори Герхард Биркл, Қирғизистон парламенти депутати Алмазбек Акматов, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигидан Сергей Букреев (Россия),  Жавед  Чаудри (Покистон) ва бошқалар сайлов участкалари ва уларда яратилган шарт-шароитлар билан танишди ва  вилоятимиздаги сиёсий тадбирни, овоз бериш жараёнларини кузатиб боришди.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо қўшни Қирғизистон Республикаси кузатувчилари Қарши давлат университетида ташкил этилган 20-сайлов участкасида бўлдилар. Бу ерда сайловчилар учун яратилган қулайликлар, она ва бола хонаси, тиббиёт хонаси жиҳозланишига эътибор қаратишди. Улар юртимизда Президент сайловига юқори даражада тайёргарлик кўрилгани, мамлакатда халқаро стандартларга мувофиқ сайлов қонунчилиги ва сайлов тизими мавжудлиги, ўзига хос сайлов тажрибаси тўпланганини эътироф этишди.

- Президент сайловини ўтказувчи сайлов участкаларида бўлиб, сайловчилар учун яратилган қулай имкониятларнинг гувоҳи бўлдик, - дейди Қирғизистон парламенти депутати Алмазбек Акматов. - Шунингдек, Ўзбекистон   фуқаролари бу жараёнда муносиб иштирок этаяпти, улар жуда фаол, юқори кайфиятда.

Германиядаги "Silk Road Company" маданий-жамоатчилик компанияси директори Герхард Биркл учун эса  юртимиздаги сайлов участкаларида ташкил қилинган она ва бола хонаси катта янгилик бўлди.

- Бу тажрибани Германияда ҳам қўллаш мумкин экан, - дейди  у. - Чунки бизда бунақа шароит яратилмаган. Бундай қулайлик сайловчига эркин овоз бериш учун яна бир имкониятдир.

Сайлов куни участка сайлов комиссиялари аъзолари, кузатувчилар ва сайловчилардан сайлов қонунчилиги    бузилиши билан боғлиқ мурожаатлар келиб тушмади.

Бир сўз билан айтганда, вилоятимиз сайловчилари Президент сайловида фаол иштирок этишди. Улар конституциявий ҳуқуқларидан фойдаланиб, ўзларининг бугуни, келажаги ва юрт истиқболи учун овоз беришди.

Б.ЎКТАМ

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!