Меню

Қашқадарё

31.08.2022 4969

ХАЛҚИМИЗНИНГ УЛУҒ ОРЗУСИ УШАЛГАН САНА

  Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз

31 йил аввал - 1991 йил 31 август куни мамлакатимиз ҳаётида буюк тарихий воқеа юз берди. Халқнинг улкан жасорати ва матонати билан эл-юртимиз асрлар давомида орзу қилган озодлик ва эркинлик - Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги қўлга киритилди ва бу кун шу муқаддас заминда яшаётган инсонларнинг тақдирида туб бурилиш ясади.

Истиқлол халқимизга беқиёс куч-ғайрат бағишлаб, илгари тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган имкониятларни яратди, янги ҳаёт, янги марралар ва янги ютуқлар сари йўл очди, юртимизнинг ҳақиқий салоҳиятини намойиш этди.  1 сентябрь - Мустақиллик куни энг улуғ, энг азиз байрамимизга айланди ва бу қутлуғ сана ҳар йили юксак даражада нишонланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллик байрами юртимизнинг барча ҳудудлари сингари Қашқадарёда ҳам юқори савияда ва кўтаринки кайфиятда ўтказилмоқда. Бу, айниқса, Қарши шаҳридаги муҳташам амфитеатрда "Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз" ғояси асосида ташкил этилган воҳамизнинг асосий байрам тантаналарида яққол сезилиб турди.

Вилоят ҳокими Муротжон Азимов Қашқадарё аҳли ва вилоятимиз меҳмонларини байрами билан самимий муборакбод этар экан, мустақиллик - халқимиз учун улуғ неъмат, дея таъкидлади ва истиқлолнинг яратувчанлик кучи мисоллари тариқасида жорий йилда воҳамизда турли соҳаларда амалга оширилган ишлар ва ҳаётга татбиқ этилаётган истиқболли лойиҳалар хусусида сўз юритди.

- Қашқадарёда 2022-2023 йилларга мўлжалланган, умумий қиймати 15 триллион сўм бўлган 270 та саноат лойиҳаси дастури шакллантирилган, - деди вилоят ҳокими ўз табрик сўзида. - Тадбиркорликка яратилган қулай муҳит эвазига жорий йилда 5 минг 600 та кичик бизнес субъекти ташкил қилинди ва ялпи ҳудудий маҳсулотда кичик бизнеснинг улуши 70 фоизга етказилди. Вилоятда жорий йилнинг ўтган даврида 3,5 триллион сўмга тенг қурилиш ишлари амалга оширилди. Давлатимиз раҳбарининг алоҳида ғамхўрлиги билан жорий йилда вилоятимизга қўшимча йўналтириладиган 1,5 триллион сўмдан зиёд маблағ эвазига 2  минг 800  километр муҳандислик-коммуникация тармоқлари, 160 та ижтимоий соҳа объектини янгидан қуриш ва реконструкция қилиш ишлари режалаштирилди.

Вилоят раҳбари биргина янги ташкил этилган Кўкдала туманини ривожлантириш учун уч йил ичида 2 триллион сўм маблағ ажратилишини ҳам айтиб ўтиб, мазкур ҳудудда 159 километр масофадаги йўл таъмирланиши, 50 километр ичимлик суви, 80 километр электр энергияси таъминоти тармоқлари, 44 та бино ва иншоот, 20 дан ортиқ мактабгача таълим маскани, 2 та мактаб, 18 та маҳалла биноси, кутубхона, спорт иншоотлари фойдаланишга топширилишини таъкидлади.

- Давлатимиз раҳбари жорий йил апрель ойида вилоятга ташрифи чоғида фаоллар билан суҳбатда: "Қашқадарёнинг ери бой, тупроғи унумдор, одамлари меҳнаткаш. Фақат уларни бирлаштириб, елкадош бўлиб, ҳалол ишлаш керак. Одамлар бефарқ бўлмаса, Қашқадарёнинг қадамлари тезлашади",  дея олдимизга янгидан янги вазифаларни қўйган эди, - деди Муротжон Азимов. - Албатта, маррани баланд олиш, кўзланган режаларни фидойилик билан амалга оширишда ҳамжиҳат ва ҳамфикр бўлиш, матонат ва жасорат билан танлаган йўлимиздан оғишмай меҳнат қилиш ватанпарварликнинг олий намунасидир... Барчангизни ана шу эзгу йўлда  бирлашиб, юртимиз ривожи учун масъулият билан яшашга, меҳнат қилишга даъват этаман. Жонажон Ватанимизнинг бугуни, эртаси, ёшларимизнинг ҳаётга муносиб кириб келиши сиз ва бизнинг бугунги иштиёқимиз, халқпарварлигимиз ҳамда миллатсеварлигимизнинг натижаси эканини юксак ҳурмат билан таъкидлайман.

Вилоят ҳокими ўз сўзида эътироф этган деярли барча жабҳалар - таълим, тиббиёт, маданият, спорт, ижтимоий ҳимоя, тадбиркорлик соҳаларидаги изчил ислоҳотлар ва улкан ўзгаришлар байрам тадбирининг бадиий қисмида ҳам ўз аксини топди. Ҳар йилгидан-да чиройли безатилган амфитеатр саҳнасида юртимизнинг ўтмиши ва бугунги куни, мустақиллик йилларида эришилган ютуқлар, замонамиз қаҳрамонлари ҳақидаги мусиқали-театрлашган композициялар намойиш этилиб, шу ернинг ўзида ўрнатилган замонавий экран-дисплейларда мавзуга доир суратлар ва видеолавҳалар кўрсатиб турилди. Санъат усталари ва ёш хонандалар ижросидаги юрт ва истиқлолни мадх этувчи куй-қўшиқлар мумтоз ва замонавий рақслар, бахши термалари, спортчи ва ҳарбийларнинг кўргазмали чиқишлари билан уйғунлашиб, барча томошабинларда ажойиб таассурот қолдирди. Эътиборлиси, байрам тантаналари вилоят телевидениеси ва ижтимоий тармоқлар орқали тўғридан-тўғри намойиш этиб борилди.

Амфитеатрдаги тантана байрамона мушакбозлик билан якунланди.

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 31 йиллигига бағишланган байрам тадбирлари давом этмоқда.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!