Меню
Қашқадарё
ХАЛҚИМИЗНИНГ ФИДОЙИ ФАРЗАНДИГА БЎЛГАН ЮКСАК ЭҲТИРОМИ НАМУНАСИ
Қарши шаҳрида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ҳайкали ўрнатилгани бежиз эмас. Шавкат Мирзиёев ўз маърузасида таъкидлаганидек, “Ўйлайманки, барчамиз, айниқса, сиз, азизлар бир ҳақиқатни яхши биласиз: Ислом Абдуғаниевич Қашқадарёни, унинг мард ва олижаноб элини буюк бир меҳр билан севар, бу заминни Ватан ичра Ватаним, деб ардоқлар эдилар”.
Шунга кўра, Ислом Каримовнинг вилоятимиздаги ҳайкали у киши шу ерда раҳбар бўлиб ишлаган вақтидаги ишхонаси – вилоят ҳокимлиги биноси ёнида ўрнатилди. Бир вақтлар Ислом Каримов шу бино деразаларидан ташқарига қараб, воҳа, унинг одамлари тақдири ҳақида қайғуриб ўйга толган бўлса не ажаб. Қарангки, бугун Биринчи Президентимиз тинч-фаровон, ривожланган, ҳар томонлама чирой очган, ўзи обод этган манзилларга мамнун ва хотиржам ҳолда боқиб турибди.
Айтиш жоизки, Қашқадарё аҳли вилоят мустақиллик йилларида иқтисодий барқарор, саноати ривожланган ҳудудга айланиб, аҳоли турмуш даражаси муттасил ўсиб бораётгани, бунёдкорлик, халқимиз фаровонлигини юксалтириш билан боғлиқ барча эзгу ишлар Биринчи Президентимиз номи билан боғлиқ эканини чуқур ҳис қилади.
“Муборакнефтгаз”, “Шўртаннефтгаз”, Муборак газни қайта ишлаш заводларидаги янги қувватлар, Шўртан газ-кимё мажмуаси, Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи, Талимаржон ИЭС, Тошгузар – Бойсун – Қумқўрғон темир йўли қурилишлари, тезюрар “Насаф” поезди, “Афросиёб” электр поезди ҳаракатининг йўлга қўйилиши... Биргина вилоятда шунча воқелик ва барчаси бир шахс – Ислом Каримов номи билан боғлиқ.
Қолаверса, воҳа одамларини “пахта иши” деган бўҳтон ва туҳматдан ҳам айнан Ислом Каримовнинг жонкуярлиги қутқариб қолган эди. Шунинг учун қашқадарёликларнинг бу зотга ҳурмати баланд, ихлоси бўлак. Вилоят марказида қад ростлаган улуғвор ҳайкал эса халқимизнинг фидойи фарзандига бўлган юксак эҳтиромини кўрсатиб турибди