Меню
Қашқадарё
ХАЛҚИМИЗ МАНФААТИГА ХИЗМАТ ҚИЛАЁТГАН ЮКСАЛИШЛАР ЭЪТИРОФИ
Қайд этиш лозим, истиқлол йилларида узоқ ва бой ўтмишга эга Қарши шаҳри қиёфаси буткул ўзгарди, гўзал, замонавий ва барчанинг ҳавасини келтирадиган манзилга айланди. Ўтган йиллар давомида вилоят марказида катта кўламдаги бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Хусусан, тарихий-меъморий обидаларимиз - Одина, Кўкгумбаз, Хўжа Абдулазиз, Қиличбек, Бекмир, Шарофбой каби масжид ва мадрасалар, кўҳна кўприк ва сардоба, қадимги ҳаммом каби 17 та тарихий обида бутунлай қайта чирой очди. Шу билан бирга, шаҳарнинг бош - Мустақиллик майдони тубдан реконструкция қилиниб, бир пайтлар ҳарбий парадлар ўтказиш учун мўлжалланган бетон майдондан гулу гулзорга бурканган гўзал сайргоҳга айлантирилди.
Жорий йилнинг 24-25 февраль кунлари давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг вилоятимизга ташрифи чоғида берган топшириқларига асосан Қарши шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳамда Ўзбекистон Қаҳрамони ва халқ шоири Абдулла Орипов ҳайкаллари, ихтисослаштирилган эндокринология ва кардиология маркази бинолари, юқумли касалликлар шифохонаси қурилиши ва ҳудудларни ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Абдулла Орипов номидаги она тили ва адабиёт фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернат очилди. Қашқадарё соҳилида эса "Эл-юрт таянчи" ҳайкали ўрнатилди ва бу ўзгаришлар ўз навбатида шаҳар қиёфасида бутунлай янгича чирой касб этаётир.
Вилоят марказида илгари режасиз қуриб ташланган, кўримсиз, пастқам уйлар бўларди. Улар кенг ва равон йўлга мутлақо мос келмас, шаҳарнинг замонавий қиёфасини бузиб турар эди. Шундан келиб чиқиб замонавий кўп қаватли уй-жойлар барпо этилди. Уларнинг юқори қаватларида кенг ва шинам хонадонлар бўлиб, биринчи қаватида савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари жойлашган. Биноларнинг биринчи қавати девори гранит, юқори қаватлари оқ мармар билан қоплангани ажиб чирой бахш этган. Бундай архитектура чанг-ғуборни сездирмай, бинонинг асл қиёфасини сақлашда муҳим аҳамият касб этади.
Умуман, бунёдкорлик, кўҳна ва айни пайтда замонавий кўриниш олган Қарши шаҳрида бажарилаётган ишлар кишилар кайфиятига ҳам юқори таъсир кўрсатмоқда. Бу куни кеча Наврўз хиёбонида ўтган байрам тадбирида ҳам кўп бора эътироф этилди.
Сайил кўринишини олган тадбирда дошқозонларда миллий таом - ош тайёрланиб, меҳмонларга тарқатилди. Тасвирий санъат асарлари кўргазмалари ташкил қилинди, санъаткорлар ижросида куй-қўшиқлар ижро этилди.
Т.ПЎЛАТОВ