Меню
Қашқадарё
ХАЛҚИМИЗ БУНЁДКОРЛИК САЛОҲИЯТИНИНГ ЁРҚИН НАМОЙИШИ
Ҳар бир инсон бугун кечагидан, эртага бугунгидан яхши яшашни истайди. Фаровон ҳаёт кечиришга, ўзига муносиб турмуш тарзини яратишга ҳаракат қилади. Шу йўлда меҳнат қилади, изланади, интилади. Сўнгги йилларда юртдошларимизда ҳам ана шундай бунёдкорлик, яратувчанлик руҳи ошиб бормоқда.
Аҳоли томонидан қурилаётган шахсий уй-жойлар, давлат томонидан барпо этилиб, аҳолига имтиёзли кредит асосида берилаётган намунавий типдаги уй-жой массивлари, кўп қаватли бинолар, янги-янги таълим масканлари, тиббий, маданий-маиший, савдо, умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, саноат корхоналари объектлари шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфасини тубдан ўзгартириб юборгани сир эмас.
Шунингдек, жойлардаги муҳандислик-коммуникация тармоқлари ҳам босқичма-босқич янгиланиб, янги, замонавий қиёфа касб этиб бормоқда. Қурилаётган кенг ва равон йўллар, маданий ҳордиқ чиқариш учун мўлжалланган хиёбонлар, яшил майдонлар юртимиз кўркига кўрк қўшаётгани бор гап.
Қуйидаги рақамларга эътибор қилинг: биргина вилоятимизнинг ўзида жорий йилнинг дастлабки 6 ойи давомида 2 триллион 814 миллиард 700 миллион сўмлик қурилиш ишлари амалга оширилган. Бунинг 25,1 фоизи мавжуд биноларни таъмирлаш, реконструкция қилиш ҳисобига шаклланган бўлса, 74,9 фоизи янги қурилган бино ва иншоотлар ҳиссасига тўғри келади.
Яна бир мисол, жорий йилнинг ўзида вилоятда 1700 та кўп хондонли уй-жойлар қурилмоқда.
Жумладан, Қарши шаҳрида 240 та хонадондан иборат 3 та 16 қаватли уй-жой бунёд этилаяпти. Шунингдек, "Қишлоқ қурилиш инвест" ИК томонидан 1140 та хонадондан иборат 45 та 4 қаватли ва 2 та 5 қаватли уй-жой қуриб битказилмоқда. Бундан ташқари, қанча-қанча хусусий уй-жойлар, савдо, хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш бинолари, ижтимоий соҳа объектлари барпо этилмоқда. Уларнинг ҳаммаси шаҳару қишлоқларимиз кўркига янада кўрк қўшаётгани, юртдошларимиз турмуш фаровонлигига замин яратаётгани сир эмас.
Ҳар куни иш ёки турмуш ташвишлари билан кўчага чиқамиз, шаҳар айланамиз, янги-янги қурилишлар бўлаётгани, кўзни қувнатадиган бино ва иншоотлар барпо этилаётганининг гувоҳи бўламиз. Бу биз учун аллақачон одатий ҳолга айланиб кетган. Шу боис, йиллар давомида вилоятимиз, шаҳримиз қанчалик ўзгариб кетганига, ўзгариб бораётганига кўпам эътибор қилмаймиз. Зотан, ушбу суратларга боқсангиз, истиқлол шарофати билан шаҳару қишлоқларимизда қанчалар ўзгаришлар бўлганини тасаввур этасиз.