Меню
Қашқадарё
ХАЛҚ ФАРОВОНЛИГИ УЧУН СИФАТЛИ ТАЪЛИМ, МАЛАКАЛИ ТИББИЁТ ВА КУЧЛИ ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯНИ ТАЪМИНЛАЙМИЗ
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сайловолди дастурида айни йўналишларда ҳам жуда муҳим ташаббус ва таклифлар илгари сурилган.
Кейинги етти йилда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистонда янги Уйғониш даври, яъни Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш стратегик вазифа сифатида белгиланиб, кенг кўламли тарихий ислоҳотлар, янгиланишлар амалга оширилмоқда. Шиддатли тус олган барча ислоҳотлар марказида инсон ва унинг қадри турибди. Зотан, инсон муносиб шароитда таълим-тарбия олиб, фаровон ҳаёт кечирган тақдирдагина, жамият ва давлат уйғунликда барқарор ривожланади.
Янгиланган Конституциямизда Ўзбекистоннинг "ижтимоий давлат" деб эълон қилиниши ва бу борадаги мажбуриятларнинг уч баробарга кўпайиши ҳар бир сиёсий куч учун ўзига хос йўл харитасидир.
O'zLiDeP ижтимоий соҳада ўз ечимини кутаётган масалалар мавжуд, деб ҳисоблайди ва ўзининг Сайловолди дастури доирасида электорат эътиборига қатор ғоя ҳамда истиқболли лойиҳаларни тақдим этмоқда.
Жамиятни маърифий юксалтиришга интилиш - устувор мақсад
Улуғ маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг: "Авлодларингизга фақат бугуннинг эмас, келгуси замоннинг илмини ўргатинг", деган пурмаъно даъвати партиянинг таълим йўналишидаги ислоҳотларида маёқ бўлиши табиий.
O'zLiDeP бу соҳадаги изчил ислоҳотларни қатъий қўллаб-қувватлаган ҳолда мактабгача таълимга бўлган эҳтиёжни тўлиқ қондиришни кафолатлайди. Бунда давлат-хусусий шериклик ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари биринчи навбатда қўллаб-қувватланади. Биз, таълим ва интеллектуал ривожланиш бўйича Янги Ўзбекистон дунёдаги етакчи мамлакатлар қаторига кириши зарур, деб ҳисоблаймиз.
Келгуси йилларда мактабларни ривожлантириш давлат дастурини жорий этиш O'zLiDePнинг диққат марказида бўлади. Модомики, нажот илмда, маърифатда экан, биз 2030 йилга қадар қўшимча 2,5 миллион ўқувчи ўрнини яратиш, таълим сифатини тубдан яхшилашни долзарб вазифаларимиздан бири сифатида кўрамиз. Чунки, бугунги кунда мамлакатимизда аҳоли сони йилдан-йилга ўсиб, бунга ҳамоҳанг тарзда мактаб ёшидаги болаларнинг сони ҳам кўпаймоқда.
Мактаб битирувчилари масаласи бизнинг доимий диққат марказимизда бўлади ва уларни касбга йўналтириш борасида фаол иш олиб борамиз. Шу жиҳатдан 2030 йилгача битирувчиларни олий таълим билан қамраб олиш кўлами 50 фоизга етказилиши учун барча чораларни сафарбар қиламиз. Бу эса уларнинг нафақат мамлакатимизда, балки хориждаги нуфузли университетларда ўқиши учун қулай имконият яратади.
Мақсадимиз - Янги Ўзбекистонни юксак маданият ва маънавиятга эга бўлган, эркин, бахтли инсонлар яшайдиган мамлакатга айлантиришга қаратилган ва уни амалга ошириш учун бутун куч ҳамда имкониятларимизни сафарбар этамиз.
Соғлом танда соғ ақл
ёхуд малакали тиббиётни таъминлаш кафолати
Аҳоли ўртасида касалликларни кескин камайтириш, соғлом турмуш тарзини фаол жорий этиш, ўртача умр давомийлигини 78 ёшга етказиш каби энг муҳим вазифалар бўйича барча имкониятларни тўлиқ ишга солишимиз керак.
Шунинг учун ҳам O'zLiDeP келгуси беш йилда бюджетдан тиббиётга ажратиладиган йиллик маблағ ҳажмини камида 2 карра ошириш, яъни 6 миллиард долларга етказишни асосий мақсадлардан бири сифатида белгилаган. Бунда асосий эътибор касалликлар профилактикасига қаратилади.
Оналар ва болалар ўлими, болалар ўртасидаги ирсий касалликларни камида 2 баробарга қисқартириш, онкологик, юрак-қон томир, қандли диабет бўйича эрта ўлимни эса 2,5 баробарга камайтиришга бор кучимизни сафарбар этамиз.
Биз хотин-қизлар ўртасида онкологик касалликларни камайтириш мақсадида 40 ёшдан ошган аёллар учун тегишли даврийликда тиббий кўрикдан ўтиш жорий қилинишига эришамиз. Касаллик муддати ўтиб кетишига ва авж олишига йўл қўймаслик орқали кафолатланган бепул тиббий ёрдам, унинг аниқ ҳажмининг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқишда партия фаол иш олиб боради.
Хориж тиббиётида ўзининг ижобий самараларини бераётган тиббий суғурта тизимига ўтишни бугун даврнинг ўзи тақазо этиб турибди. Биз "Тиббий суғурта тўғрисида"ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишни тезлаштирамиз. Давлат тиббий суғуртаси билан бирга нодавлат тиббий суғурта тизимини жорий этишни муҳим ташаббус сифатида илгари сурамиз. Шу тариқа тиббиётда хусусий секторнинг улушини 25 фоизга етказиш чоралари кўрилади.
O'zLiDeP хусусий секторни қўллаб-қувватловчи сиёсий куч сифатида нодавлат тиббиёт муассасаларига аҳолининг ҳаёти, соғлиғи ва санитария-эпидемиологик хотиржамлиги учун юқори даражадаги хавф-хатар билан боғлиқ тиббий фаолият турларидан бошқа барча тиббий хизматларни кўрсатишга, мураккаб операцияларни амалга оширишга рухсат бериш ва лицензиялаш тартибини янада соддалаштиришни таклиф этади.
Бироқ, "Адолат" СДПнинг қуйидаги ғоясини ножўя таклиф дея танқид қилишдан ўзга иложимиз йўқ. Уларнинг фикрича, тиббиёт даромад олиш манбаига айланиб қолмаслиги учун нодавлат тиббиёт ташкилотларини "тижорат ташкилоти"дан нотижорат ташкилотига ўтказиш керак эмиш.
Бунга асло қўшилиб бўлмайди. Чунки хусусий тиббиёт соғлиқни сақлаш соҳасида сифат ва рақобат ривожланишини таъминлайди. Хусусий тиббиёт давлат тиббий хизматига муқобил хизмат тури бўлиб, у давлат тиббиёт муассасаларига юкни камайтиради ва бюджет харажатлари иқтисод қилинишига сабаб бўлади.
Демак, хусусий тиббиётни нотижорат шаклга ўтказиш давлат тиббиёт муассасаларига юкламанинг ортишига, сифатнинг йўқолишига олиб келади. Натижада халқимиз зарар кўради.
Ҳар бир оила ўз уйига эга бўлсин!
Бизнинг мақсадимиз келгуси йилларда қўшимча уй-жой қурилиши соҳасига 15 миллиард доллар маблағни йўналтириш орқали 1 миллион хонадонли уй-жойлар қурилишига эришишга қаратилган. Ажратилган маблағларни ўз ўрнида ва мақсадли ишлатилиши ҳам жуда муҳим. Партиямиз бундай уйларни шинам ва чиройли, зилзилага чидамли қилиб қурилишига катта эътибор қаратади.
Аҳолига имтиёзли ҳамда узоқ муддатли кредитлар берилишини тизимли йўлга қўямиз. Шунингдек, янги уй-жой сотиб олган фуқароларга қўшилган қиймат солиғининг ярмини қайтариб бериш тизимини жорий этамиз. Бу оилаларнинг уй-жой масаласини ҳал қилишда муҳим қадам бўлади.
Инсон қадри ва ижтимоий ҳимоя
O'zLiDeP "Янги Ўзбекистон - ижтимоий давлат" тамойили асосида ижтимоий хизматлар сифатини яхшилаш ва камбағалликни қисқартириш йўлида тегишли чора-тадбирларни амалга оширади. Шу жиҳатдан биз маош олувчи фуқароларни меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 3 баробаригача даромад солиғидан озод этилишига эришамиз. Саъй-ҳаракатларимиз аҳолининг оилавий даромади ошишига ва пировардида ҳаёт даражаси юксалишига хизмат қилади.
Биз ҳар бир одам ҳаёти қадрли эканини эътироф этиб, ногиронликни белгилаш жараёнларини соддалаштириш, сарсонгарчиликка йўл қўйилмаслик, Тиббий ижтимоий эксперт комиссиялари бемор тўғрисидаги маълумотларни электрон тизимдан олиши ва электрон расмийлаштириши керак, деб ҳисоблаймиз. Маълумотларни электрон тизимдан олиш ва электрон расмийлаштириш инсон омили иштирокини камайтиришга хизмат қилади.
Келажагимиз эгаларига эътибор - манзилни яқинлаштиради
Партиямиз ёшлар учун манфаатли иш ўринларини яратиш ва тадбиркорлик фаолиятини молиялаштириш йўналишларида тизимли ишлар олиб боради.
Ёшлар учун замонавий касбларга ўқитиш тизимини тубдан қайта кўриб чиқамиз ҳамда корхоналар буюртмаси асосида касбга тайёрлаш амалиётини жорий қиламиз. Бу орқали ёшларни ишлаб чиқариш жараёнларига тайёрлаш самарадорлигини оширишни кўзлаяпмиз. Шунингдек, партиямизнинг ташаббуси билан ҳар бир вилоятда камида 100 гектар майдонда "Ёшлар ижтимоий-иқтисодий маркази" ташкил қилинади ва бу марказлар ёшлар учун чинакам "лойиҳалар фабрикаси" бўлиб хизмат қилади.
Тадбиркорликка қадам қўйган ёшларимиз учун микромолиялаш хизматларини кенгайтириш ва замонавий молиявий инструментлардан фойдаланиш имкониятларини яратамиз. Шунингдек, ўз бизнесини ижарага олинган бинода бошлаётган ёшлар учун ижара харажатларининг 50 фоизини бир йил давомида қоплаб бериш механизмини жорий қиламиз.
Хотин-қизлар ва ёши улуғ инсонларга барча шароитлар яратилади
O'zLiDeP жамиятда аёллар тадбиркорлигини фаоллаштиришга қаратилган сиёсатни изчил давом эттиради. Аёлларнинг масофавий меҳнат ва рақамли тадбиркорлик бўйича кўникмаларини оширишга жиддий эътибор қаратиш орқали улар орасидаги ишсизлик даражасини 2 марта камайтириш қатъий мақсадимиздир.
Туғруқ таътилидаги аёллар учун онлайн ишлаш тизимини жорий этиш юзасидан ҳуқуқий асослар яратилиши бўйича изчил иш олиб борамиз. Тадбиркорлик субъектларининг ёпилиши натижасида ишсиз қолган ёш болали аёлларни қўллаб-қувватлаш учун уларни ишсизликдан суғурталаш тизимини жорий қиламиз.
Партия мамлакатимиздаги уч миллиондан ортиқ нуронийлар ҳар йили бепул тиббий кўрикдан ўтказилиши, шифохона ва сиҳатгоҳларда даволаниши, улар учун юртимиз бўйлаб саёҳатлар ташкил этилишига кўмаклашади.
"Кексалар саломатлигини муҳофаза қилиш тўғрисида"ги қонунни қабул қилиш орқали 70 ёшдан ошган кексаларга бепул тиббий ва зарур ижтимоий хизматни кучайтиришни илгари сурамиз.
Биз биргаликда катта кучмиз! Қудратимиз ҳам шу бирлигимизда! Янги Ўзбекистон тараққиёти учун бирлашган ватандошларимизни "Ваъда эмас натижа, эртага эмас бугун" учун, партиямиз учун овоз беришга чақирамиз!
Эркин ЗАХИДОВ,
Севара УБАЙДУЛЛАЕВА,
O'zLiDeP Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига кўрсатган номзодлар