Меню

Қашқадарё

22.02.2018 1942

ХАЛҚ ДОНИШМАНДЛИГИНИНГ МЎЪЖАЗ НАМУНАЛАРИ

“Ватан таркин бир нафас айлама, яна ранжи ғурбат ҳавас айлама”. “Айрилмагин элингдан, қувват кетар белингдан”. “Кўрпанг қаерда бўлса, кўнглинг шу ерда”. “Эл қўрисанг, ўзарсан, қўримасанг тўзарсан”.

Бу мақоллар маъносини чуқур англаган ҳар қандай инсон ўз юртини, халқини севишга, сарҳадларини асрашга, тинчликнинг қадрига етишга ўрганади. Зеро, ватанпарварлик - ўз Ватанига меҳр қўйишдангина иборат эмас. Бу жуда катта ҳис… Бу - Ватан билан ўзини бир бутун деб билиш, унинг яхши-ёмон кунларида асқатиш демакдир.

Кундалик ҳаётимиз давомида деярли ҳар куни дуч келадиган яна шундай мақоллар ҳам борки, уларда жамиятдаги турли табақа, соҳа кишиларининг образлари учрайди. Масалан:

“Кулол мундидан сув ичар”.

“Подачининг қизининг пода қайтганида ғайрати келар”.

“Пазанданинг гўжасидан ош чиқар, ношуднинг паловидан тош чиқар”.

Бу гаплар бирор ҳолат ва вазиятдан келиб чиқиб айтиладики, уларга эслатма ёки тарбиявий ним кулги, ҳазил-мутойиба, киноя ҳам сингдирилган.

“Бой бойга боқар, сув сойга оқар”, “Бойдан амр бўлса, бойваччадан хамир бўлар” сингари мақоллар ҳам ўзида катта маъно жамлаган. Жамиятда юқори мартабага мансуб кишиларнинг ўз тоифасидагилар билангина муносабатда бўлиши, айниқса, қиз чиқариб, келин олишда икки оиланинг ижтимоий келиб чиқиши, моддий ва маънавий аҳволини ўрганиш, шунга қараб хулоса чиқаришда қўлланилган бўлиб, бугунги кунда ҳам  нутқимизда анча фаол ишлатилади.

Яна шуни унутмаслик керакки, мақоллар тарбиялаш воситаси бўлибгина қолмай, ёлғончилик, бахиллик, мақтанчоқлик ва ишёқмаслик каби ёмон хулқ-атвор, одатлардан тийилишга чақиради. Шу боис ҳам педагогикада мақоллар ва унинг тарбиявий аҳамияти муҳим ўрин тутади. Мақоллар аҳилликка, дўст билан душманни  фарқлай олишга чақиради, ўзидаги салбий феъл-атворни йўқотиб, яхши одатларни касб этишга даъват этади.

“Бесабрнинг нафси шошар, тусагани кузда пишар”, “Тоқатлига тоғлар эгар бошини, бетоқатнинг итлар еяр ошини”, “Ўйламай гапирган оғримай ўлар” каби мақоллар орқали эса шошма-шошарлик билан қарор қабул қилиш қораланади. Бир сўз айтишдан аввал ёки бирор иш бошлаш олдидан албатта чуқур ўйлаб кўриш лозимлиги эслатилади. Айтилган сўзнинг отилган ўққа қиёсланишини инобатга олсак, етти ўлчаб, бир кесиш нафақат муаммо келтириб чиқармайди, балки катта ютуқларни қўлга киритишимизга замин бўлади.

Маълумки, оила фаровонлиги, тинчлиги, фарзандлар камолоти аёлларга боғлиқ. Хонадон бекаси қанчалик илмли, ҳунарли ва зукко бўлса, ўша хонадонда оқил фарзандлар улғайиб, тинчлик ҳукмрон бўлади, аксинча бўлса қут-барака кўтарилиб, охири оила пароканда бўлади. Доно халқимиз томонидан яратилган мақолларда аёлларнинг хулқ-атвори, уй тутуми, таъсири назарда тутилади:

“Бўз яктак қичитар, яхши хотин тинчитар”.

“Семиз қўзининг гўшти яхши, оқил онанинг – қизи”.

“Отаси тентакнинг бириси - тентак,  онаси тентакнинг бариси - тентак”.

Инсониятни асрлар давомида эзгуликка, олижанобликка ундаган, меҳнатсеварлик, ватанпарварлик руҳида тарбиялаган, фаровонликни улуғлаган халқ мақоллари катта ҳаётий дарсдир. Шундай экан, авлодлар онгини ушбу маънавий меросимиз билан суғорайликки, фарзандларимиз келажакда оқил ва комил инсонлар бўлиб етишсин.

С.АЛЛАЁРОВА

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!