Меню
Қашқадарё
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, Қашқадарё нуронийлари ва меҳнат фахрийларининг воҳамиз аҳлига МУРОЖААТИ
Азиз юртдошлар!
Қашқадарёнинг мард ва саховатли инсонлари!
Бугун глобал пандемияга айланган, мамлакатлар чегараларини осонгина кесиб ўтиб, дунё миқёсида тарқалган коронавирус инфекцияси Ўзбекистонга ҳам кириб келди. Унинг юртимизда кенг тарқалиб кетишининг олдини олиш айни дамдаги энг юксак даражадаги долзарб масала эканини ҳар бир онгли фуқаро - ёшу кекса, аёлу эркак чуқур англаб олиши, санитария ва гигиена, карантин қоидаларига қатъий амал қилиши шарт.
Вирус ёш ва жинс, миллат ва ирқ танламайди. У фақат иммун тизими заиф, касалманд ва кекса кишилар учун хавфли, деган қараш ҳам мутлақо хатодир. Вирусдан ҳамма бирдек сақланиши керак. Зеро, "Ўзини сақлаганни Худо ҳам сақлайди", деган нақл бугунги кун чақириғи сифатида қулоқларимиз остида жаранглаб туриши зарур.
Хўш, короновирус ўзи нима? Ундан қандай ҳимояланиш керак? Малакали мутахассисларнинг хулосаларига кўра, касалликнинг дастлабки аломатлари иситма, йўтал, ҳолсизлик ва нафас қисиши тарзида кечади. Вируснинг инкубацион даври 4 кундан 14 кунгача давом этади. Асосан одамдан одамга, кўпинча яқин мулоқот натижасида ўтади.
Инфекциядан ҳимояланиш шартлари бизнинг азалий қадриятларимиз билан ҳамоҳанг: тозалик-озодаликка, соғлом турмуш тамойилларига риоя қилиш. Кейин, Сизда иситма, йўтал, ҳолсизлик ва нафас қисиши каби ҳолатлар кузатилса, дарҳол ўзингизни бошқалардан узоқроқ тутинг, уйдан чиқмасдан туриб, зудлик билан шифокорларга хабар қилинг.
Қадрдонлар!
Юртимизда коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олиш борасида барча зарур чоралар давлат даражасида амалга оширилмоқда. Сизу биздан, энг аввало, ортиқча ваҳимага берилмаслик, оғир-босиқлик билан жорий этилган чеклов ва карантин талабларига қатъий риоя этиш сўралмоқда. Бинобарин, Ибн Сино бобомиз айтганидек, ваҳиманинг ўзи ярим касалликдир, хотиржамлик ярим соғлиқ, сабр эса шифонинг бошланиши.
Ҳар бир инсон дунёга келар экан, албатта, умид билан яшайди. Соғ-саломат бўлиб, ўзи, фарзандларининг иқболини кўриш ва юрт келажаги учун хизмат қилишни ният қилади. Мана шундай синовли паллаларда, айниқса, кайвонилар, кўпни кўрган нуроний отахону онахонлар бошқаларга ибрат ва маслаҳатгўй бўлишлари талаб этилади. Одамларга, ёшларга Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тавсия этилган шахсий гигиена қоидаларига амал қилиш, заруратсиз кўчага чиқмаслик, уйда туриб онлайн дарс сабоқларини тинглаш, китоб ўқиш, қолаверса, чекиш ва спиртли ичимликлардан ўзини тийиш бўйича насиҳатлар қилсалар мақсадга мувофиқ бўлади.
Коронавирус хавфини оддийгина соғлом турмуш тарзи билан енгиш мумкин. Айниқса, уй бекаларининг шахсий гигиена қоидаларига қаттиқ риоя қилиши кундалик одатга айланиши шарт.
Жумард воҳадошлар!
Кимнинг ким эканлиги оғир дамларда билинади. Жамият олдида масъулиятли бўлиш, ўзимизни ҳам, бошқаларни ҳам хавф-хатарга қўймаслик, юксак маиший ва ижтимоий маданият, ўзаро ёрдам, руҳий-маънавий бирдамлик ярашади бизга. Шундай экан, биз барча саховатпеша инсонларни карантин талабларига сўзсиз амал қилиш баробарида, муҳтожларга ёрдам беришга, айниқса, кекса, ёлғиз яшовчилар, бемор ва ногиронлиги бўлган камбағал оилаларни моддий қўллаб-қувватлашга, ижтимоий муҳофаза қилишга чақирамиз.
Ушбу мураккаб давр синов ўлароқ, халқни маънан, руҳан янада бирлаштириши керак. Айни дамларда ягона мақсад йўлида барчамиз якдил ва аҳил ҳаракат қилишимиз ғоят аҳамиятли.
Давлат халқ саломатлиги, эпидемиологик хавфсизликни ўйлаб, вақтинча чегараларни ёпди, оммавий тадбирлар ўтказиш тўхтатилди, таълим муассасаларида таътил эълон қилинди, транспортлар ҳаракати чекланди. Умуман, эпидемиологик хавф-хатарга қарши барча чоралар кўрилмоқда, барча куч ва воситалар инфекция кенг тарқалишига қарши сафарбар этилган. Шундай экан, шунчаки кузатувчи бўлиб турмай, берилаётган кўрсатмаю тавсияларга қатъий амал қилайлик, эзгу чақириқларга "лаббай" деб жавоб берайлик.
Очиқ айтиш керак, баъзан шундай одамлар ҳам учраб турадики, синов паллаларидан фойдаланиб қолишга, бойлик орттиришга ҳаракат қилади. Бу жуда ярамас, кечирилмас одат. Оғир вазиятда қинғир йўл билан топилган бойлик, нархларни асоссиз кўтариш, озиқ-овқат тақчиллигини келтириб чиқариш гуноҳи азим, халқ олдидаги жиноятдир!
Биз, хусусан, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, фаоллар ҳар қандай инсофсиз, адолатсиз нархларни ошириш ҳолатларига қарши курашишга тайёрмиз.
Яратганнинг инояти билан бу синовли кунлар, албатта, ортда қолади. Бунинг учун, муҳтарам Президентимиз айтганидек, "Тинчлик ва соғлиқни асрасак, қолган нарсаларга албатта эришамиз".
Қадрли юртдошлар!
Давлат ўз фуқаролари ва жамият олдидаги бурчини, масъулиятини аъло даражада адо этмоқда. Биз ҳам - ҳар бир фуқаро, нодавлат нотижорат ташкилотлари, жамоат тузилмалари, тадбиркорлар, фермерлар, ҳунармандлар, маданият ходимлари, ўқитувчи ва зиёлилар, маҳалла ва жамоатчилик фаоллари бундай мураккаб эпидемиологик вазиятда талаб қилинадиган бурчимиз ва мажбуриятларимизни аъло даражада адо этишга масъулмиз. Бу оддийгина, оилавий тадбирлар, маросимлар, меҳмондорчиликлар, тўй-томошалар, гап-гаштакларни тўхтатиб туришимиз, болалар тарбияси, шахсий гигиенага эътиборни кучайтириш кабиларда намоён бўлади.
Муҳтарам ташкилот ва корхоналар раҳбарлари, тадбиркор ва ишбилармонлар!
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 мартдаги "Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига риоя этган ҳолда иш фаолиятини ташкил этишингизни, ходимларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилишга шахсий масъулият билан ёндашишингизни сўраб қоламиз.
Ўзингиз ва яқинларингизни асранг, биз Сиз билан биргамиз!