Меню

Қашқадарё

21.09.2020 1502

Халқаро тинчлик кунида Қашқадарёда онлайн фестиваль-танлов ўтказилаяпти

Бугун бутун дунёда Халқаро тинчлик куни кенг нишонламоқда. Бу сана Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси томонидан 1981 йилда таъсис этилган, бундан роппа-роса 20 йил ўтиб, 2001 йилда эса Бош Ассамблея бир овоздан ҳар йили тинчлик кунини зўравонликни тўхтатиш ва сулҳ куни сифатида нишонлашга қарор қилган.

БМТнинг расмий сайтида қайд этилганидек, 2020 йилги Халқаро тинчлик кунининг мавзуси – “Тинчликни биргаликда шакллантирамиз”.

-Одамлар бир-бирига душман эмаслиги бу йил ҳар қачонгидан ҳам аниқроқ кўринди, - дейилади БМТнинг ушбу санага бағишланган хабарида. – Аксинча, умумий душманимиз соғлигимиз, хавфсизлигимиз ва турмуш тарзимига таҳдид соладиган дахшатли вирус эканлиги аён бўлди. “COVID-19” пандемияси дунёни саросимага солди ва дунёнинг бир чеккасида содир бўлаётган воқеалар сайёрамиздаги барча одамлар ҳаётига таъсир қилиши мумкинлигини эслатди. Жорий йилнинг март ойида БМТ Бош котиби Антониу Гуттериш барча урушаётган томонларни қуролни ташлаш ва бутун эътиборни бу мисли кўрилмаган глобал пандемияга қарши курашишга қаратишга чақирди. Ушбу даъват асосан қуролланган томонларга йўлланган бўлса-да, халқаро глобал бирдамлик ва ҳамкорлик бизнинг давримизда соғлиқни сақлаш жабҳасида рўй бераётган энг оғир инқирозга қарши курашиш ва ғалаба қозониш борасида жуда муҳимдир. Бу қийин дамларда дунёга раҳм-шафқат, меҳр ва умид керак. Пандемиядан кимнидир камситиш, дискриминация қилиш ёки нафратни тарғиб этиш учун фойдаланишга қарши курашда БМТга қўшилинг. Биргаликда биз ғалаба қозонамиз ва тинчлик ўрнатамиз.

Ўзбекистон ва, хусусан, вилоятимизда ҳам давлат ва жамоат ташкилотлари Халқаро тинчлик кунига бағишланган бир қатор тадбирларни ўтказмоқдалар. Масалан, кеча Республика “Istiqbolli avlod” ижтимоий ахборот маркази Кашқадарё вилояти бўлими ўзининг Telegram-каналида онлайн викторина ўтказиб, унинг иштирокчилари ушбу муҳим сана билан боғлиқ учта саволга жавоб беришлари керак эди. Бу вазифани энг тез ва аниқ бажарган уч нафар ғолибга бугун марказнинг сертификатлари ва акция ҳомийларининг махсус совғалари топширилди.

-Ташкилотимизнинг миссияси жамиятдаги зўравонликни бартараф этишга қаратилган экан, ушбу пировард мақсадимиз Халқаро тинчлик кунининг асосий вазифалари билан ҳамоҳангдир, - дейди “Istiqbolli avlod” маркази вилоят бўлимининг раҳбари Шаҳноза Раупова. – Шунинг учун ҳам биз имкони борича кўпроқ одамлар, айниқса, ёшларга ушбу кун ҳақида кенг маълумотлар беришга интилиб, улар тинч ҳаётимизнинг асл қадр-қимматини янада тўлароқ ҳис қилишини истаяпмиз. Бугун Қашқадарёда Халқаро тинчлик кунини нишонлаш доирасида яна бир онлайн тадбир – “#Биз тинч келажак бунёдкорларимиз” шиори остида жаҳон халқларининг миллий рақслари фестиваль-танлови бошланди. Вилоят халқ таълими бошқармаси билан ҳамкорликда ташкил этилган бу танловда 10- 14 ёшли болалар иштирок этишмоқда.

Ташкилотчиларнинг айтишича, фестиваль-танлов 21-25 сентябрь кунлари ўтказилиб, унинг совриндорлари “Энг яхши миллий рақс”, “Энг яхши миллий либос”, “Энг яхши актёрлик ижроси”, “Энг ҳиссиётли ижро” ва “Энг яхши ижро техникаси эгаси” каби номинацияларда тақдирланади. Барча ғолибларга сертификатлар ва эсдалик совғалари топширилади.

Ўз мухбиримиз

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!