Меню

Қашқадарё

11.05.2023 5424

Халқаро ташкилот толиблар жисмоний жазо турларини қўллаётганидан ташвишда

БМТ толибларни омма олдида қатллар ўтказиш, турли айбловлар билан ҳибс этилганларни калтаклаш ва тошбўрон қилишда айблаб, амалдаги ҳукуматни бундай амалиётлардан воз кечишга чақирди. The Washington Post манбаси халқаро ташкилотнинг Афғонистонга ёрдам кўрсатиш бўйича миссияси ҳисоботига таяниб ёзишича, фақатгина охирги олти ой давомида мамлакатда 274 нафар эркак, 58 нафар аёл ва икки нафар бола халойиқ олдида калтакланган.

"Жисмоний жазолаш Қийноқларга қарши конвенцияга зиддир ва тўхтатилиши керак", деган БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича мониторинг миссияси раҳбари Фиона Фрейзер. Шунингдек, у зудлик билан қатлларга нисбатан мораторий эълон қилишга чақирган.

Толибонлар ташқи ишлар вазирлиги ушбу чақириққа жавоб тариқасида Афғонистон қонунлари шариат қоидалари ва тамойилларига мувофиқ белгиланишини маълум қилган. "Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳуқуқ ва ислом қоидалари бир-бирига номувофиқ келган ҳолатларда ҳукумат шариат тамойилларига асосланиши шарт", дейилади идора баёнотида.

Толиблар қарийб икки йил аввал ҳукумат тепасига келганидан кўп ўтмай жисмоний жазо турларини қўллашни бошлаган. Шу билан бирга улар аёллар учун чекловларни ҳам кучайтириб, хотин-қизлар истироҳат боғлари ва спорт заллари каби жамоат жойларига чиқишини тақиқлаган.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!