Меню
Қашқадарё
Халқаро олимпиадада қатнашадиган энг кучли 6 математик сараланди. Улар орасида китоблик ўқувчи ҳам бор
Шу йилнинг 21-22 сентябрь кунлари Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳридан масофавий тарзда 61-Халқаро математика олимпиадаси ўтказилиши режалаштирилган. Ушбу нуфузли мусобақада иштирок этувчи Ўзбекистон терма жамоасини шакллантириш мақсадида Халқ таълими вазирлиги томонидан саралаш олимпиадалари ўтказилди. Унда энг юқори натижани қайд этган 6 ўқувчи терма жамоа аъзолигига қабул қилинди.
Эътиборлиси, улар орасида Китоб туманидаги 1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатининг 11-синф ўқувчиси Элдор Нейматов ҳам бор. Иштирокчиларнинг 3 нафари бухоролик, 1 нафари Намангандан ва яна бири Тошкент шаҳридан.
Халқаро математика олимпиадасида иштирокчиларнинг билимларини синовдан ўтказиш учун ҳар куни 3 тадан масала берилиб, 4,5 соат вақт ажратилади. Ҳар бир масала 7 баллдан баҳоланади. Якуний натижалар 28 сентябрь куни эълон қилинади.
Қайд этиш лозим, нуфузли халқаро олимпиадаларда олтин, кумуш, бронза медалларини қўлга киритган ўқувчилар ҳамда уларни тайёрлаган ўқитувчилари Президент қарорига мувофиқ пул мукофотлари билан тақдирланади.