Меню

Қашқадарё

04.07.2024 6497

Қашқадарёлик ёшлар совриндорлар сафида

Халқаро олимпиада 

Китоб туманидаги 96-мактабнинг 11-синф ўқувчиси Мадина Суюнова ва Қарши шаҳридаги 1-сонли ихтисослаштирилган мактаб интернатининг 9-синф ўқувчиси Тўлқин Жайловов 15 июнь - 3 июль кунлари Хитой Халқ Республикасининг Пекин шаҳрида ташкил этилган "Иккинчи Халқаро математика ёзги оромгоҳи - 2024" қатнашчилари ўртасида ўтказилган халқаро олимпиадада бронза медалларини қўлга киритишди.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ахборот хизмати тарқатган маълумотларга кўра, ушбу интеллектуал оромгоҳда дунёнинг 31 мамлакатидан 340 нафарга яқин терма жамоалар аъзолари ва тренерлар иштирок этган. Унда халқаро олимпиадаларда юқори натижалар қайд этган, дунё тан олган математиклар иқтидорли ёшлар билан комбинаторика, алгебра, сонлар назарияси ва геометрия каби йўналишларда ўқув машғулотлари олиб борган.

Хитой томонидан иккинчи марта ташкил қилинган мазкур халқаро тайёргарлик математика бўйича терма жамоалар учун жорий йил 11-22 июль кунлари Aнглиянинг Бат шаҳрида ўтказиладиган 65-Халқаро математика олимпиадаси олдидан ўзига хос синов вазифасини бажаргани айтилади.  

Умуман, "Иккинчи Халқаро математика ёзги оромгоҳи - 2024"га жалб қилинган математика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари унинг доирасида ташкил этилган халқаро олимпиада беллашувларида жами 1 та кумуш ва 5 та бронза медалига сазавор бўлган.

Эътироф этиш жоиз, кейинги йилларда ўзбекистонлик ёшларнинг турли халқаро фан олимпиадалари ва интеллектуал беллашувларда қўлга киритаётган ютуқлари салмоғи ортиб бормоқда. Эътиборли жиҳати, бундай мусобақаларда қашқадарёлик иқтидор эгалари ҳам фаол қатнашиб, жамоадошлари билан бирга мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келмоқда.

Мисол учун, жорий йилнинг 25-30 июнь кунлари Туркиянинг Анталия шаҳрида ўтказилган ва йигирмадан ортиқ мамлакатлардан 135 нафар иқтидорли ўғил-қизлар иштирок этган ўсмирлар ўртасидаги 28-Болқон Математика олимпиадасида ўзбекистонлик ўқувчилар томонидан 3 та кумуш, 3 та бронза медали қўлга киритилганди. Ўшанда Ғузор тумани 68-сонли умутаълим мактаби 9-синф ўқувчиси Икром Ҳасанов ҳам совриндорлар орасида эътироф этилган эди.

Ёшларимизга кейинги халқаро олимпиадаларда ҳам омад ёр бўлсин!

Ўз мухбиримиз

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!