Меню

Қашқадарё

10.04.2018 2937

ХАЛҚАРО МАҚОМ САНЪАТИ АНЖУМАНИНИ ЎТКАЗИШ ТЎҒРИСИДА

 1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–3391-сонли қарори билан Шаҳрисабз шаҳрида ҳар икки йилда бир марта ўтказилиши белгиланган Халқаро мақом санъати анжуманини (кейинги ўринларда Анжуман деб аталади) биринчи марта 2018 йилнинг 6-10 сентябрь кунларида ўтказиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Фанлар академияси, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси ҳамда Қашқадарё вилояти ҳокимлигининг таклифлари маъқуллансин.

 2. Қуйидагилар:

 Халқаро мақом санъати анжуманига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита таркиби 1-иловага;

 Халқаро мақом санъати анжуманини ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

 3. Ташкилий қўмита икки ҳафта муддатда Анжуманга тайёргарлик кўриш ва уни юксак савияда ўтказишга қаратилган чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

 4. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Фанлар академияси, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбек миллий мақом санъати маркази:

 бир ой муддатда халқаро анжуманнинг очилиш ва ёпилиш маросимлари сценарий ва бадиий дастурларини тайёрлаш;

 1 июлга қадар мазкур конференцияда хорижий давлатлардан иштирок этадиган мусиқашунос ва мақомшунос олимлар, таниқли санъаткорлар, етук мутахассислар ва фахрий меҳмонлар рўйхатини шакллантириш, уларни тақдирлаш сценарийсини ишлаб чиқсин;

 1 августга қадар анжуман доирасида “Мақом мусиқа санъати ва унинг жаҳон цивилизациясида тутган ўрни” мавзусида ўтказиладиган илмий-амалий конференцияга тайёргарлик кўрсин.

 5. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Маданият вазирлиги, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги анжуманни ЮНЕСКО шафелиги остида ўтказиш масаласини белгиланган тартибда ҳал этсин.

 6. Қашқадарё вилояти ҳокимлиги 25 августга қадар Шаҳрисабз шаҳрида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилишини, анжуман ўтказиладиган саҳна майдонлари ва заллар талаб даражасида тайёрланишини таъминласин.

 7. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Анжуманга ташриф буюрувчи меҳмонлар учун Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг виза талабномаларига биноан Ўзбекистон Республикасига кириш визалари белгиланган тартибда консуллик ва бошқа йиғимларни ундирмасдан расмийлаштирилишини таъминласин.

 8. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Бадиий академияси, “Ўзбеккино” миллий агентлиги, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Cавдо-саноат палатаси ва “Ҳунарманд” уюшмаси билан биргаликда:

 Анжуман доирасида Шаҳрисабз шаҳридаги Оқсарой майдони ҳудудида мақом санъатига оид турли кўргазмалар, миллий созлар ва либослар, ҳунармандчилик буюмлари, тасвирий ва амалий санъат асарлари, ҳайкалтарошлик намуналари, бадиий ва ҳужжатли фильмлар, аудио ва видео дисклар, китоблар, альбомлар,  фотосуратлар намойиши ва уларнинг сотуви ташкил этилишини;

 Анжуман дастурини ишлаб чиқиш ва унинг Анжумандан уч ой аввал туристик ташкилотларга тақдим этилиши, Интернет жаҳон ахборот тармоғи ва ижтимоий тармоқларда жойлаштирилишини таъминласин.

 9. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси:

 анжуман қатнашчилари ва меҳмонлар учун меҳмонхоналардан жой ажратсин;

 Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда Қашқадарё вилояти ҳокимлиги билан биргаликда ижодий гуруҳ ва бадиий дастур иштирокчиларига ҳамда хорижий меҳмонларга Тошкент шаҳри ва Қашқадарё вилоятидаги меҳмонхона ва овқатланиш хизматларини 50 фоизлик чегирма билан ташкил этсин.

 10. Анжуманни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ сарф-харажатлар Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган ва белгиланган тартибда тасдиқланган смета асосида қуйидаги тартибда:

 70 фоизи – Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг харажатлар сметасида маданий тадбирларни ўтказиш учун ҳар йил назарда тутиладиган бюджет маблағлари доирасида;

 30 фоизи – ҳомийлик хайрия, маҳаллий бюджет маблағлари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.

 11. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, “Дунё” ахборот агентлиги ва  бошқа оммавий ахборот воситаларига Анжуманга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишларни атрофлича ёритиб бориш тавсия этилсин.

 12. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти           Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри, 2018 йил 6 апрель

 

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!