Меню

Қашқадарё

07.07.2018 2154

ХАЛҚАРО МАҚОМ ФЕСТИВАЛИГА ТАЙЁРГАРЛИК ҚАНДАЙ БОРМОҚДА?

- Нафақат мамлакатимиз, балки кўплаб хорижий мамлакатлар санъат аҳли ҳам ушбу фестивални орзиқиб кутмоқда, - дейди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, Шаҳрисабз шаҳар мақом маркази раҳбари Элмурод Боймуродов. – Масалан, Индонезия, Малайзия, Испания, Италия, Греция, Голландия, Германия, Франция, Чехия, Буюк Британия, Эстония, Финляндия, Миср каби давлатлар ҳозирданоқ  фестивалда иштирок этиш истагини билдирди. Уларнинг сони янада кенгайиши шубҳасиз. Шаҳрисабзга дунёнинг тўрт томонидан сайёҳларнинг келиши эса туризм салоҳияти юксалиши ва истиқболи учун янги саҳифа очади. Зеро, фестивални айнан шу шаҳарда ўтказишдан асосий мақсад ҳам Шаҳрисабзнинг ўзига хос туристик салоҳияти, тарихи ва маданияти, қадим қадрият ва ўлмас мероси, бой анъаналарини дунё узра намоён этишдир.

Мақомчилар саройи қарийб 3500 квадрат метр майдонни эгаллаган. Бу ерда анжуман ва конференц заллари, 400 кишилик катта зал, 134 кишилик кичик зал, миллий мусиқа асбоблари хонаси, кийиниш ва пардозлаш хонаси, миллий рақс хонаси, театр студияси, спорт инвентарлари хонаси, кичик кинотеатр, кутубхона ва ўқув зали ўрин олади. Ушбу муҳташам бинони қуриш ва таъмирлаш учун давлат бюджетидан 7 миллиард 800 миллион сўм маблағ ажратилган.

Амир Темур хиёбони ҳудудида жойлашган “Коба” мақом маркази ҳам бетакрор қиёфаси билан барчанинг диққатини тортади. Деворларда акс этган миллий меъморчилик намуналари, устунлардаги нақшинкор чизгилар ҳунармандчиликнинг узоқ ўтмишидан сўзлайди. Катта саҳна ўзида миллийлик ва замонавийликни мужассам этган.

Таъкидлаш лозимки, халқаро фестиваль доирасида илмий конференция ва давра суҳбатлари, ижодий учрашувлар, тақдимотлар, маҳорат дарслари ҳам ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, унга дунёнинг санъатга ихтисослашган нуфузли таълим муассасалари ва консерваторияларида фаолият олиб бораётган таниқли санъат намояндалари таклиф қилинади.

Мазкур халқаро мақом санъати фестивалини оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритиш мақсадида дунёнинг мусиқа ва маданият соҳаларига ихтисослашган теле ва радиоканаллари, босма оммавий ахборот воситалари вакиллари, интернет нашрлари журналистларини таклиф этиш ҳамда уларни аккредитациядан ўтказиш чоралари кўрилаётир. Совриндорларга топшириладиган диплом, сертификат, статуэтка намуналари эскизларини яратиш устида иш қизғин.

Дарҳақиқат, ўзбек миллий мақом санъати ўзининг жозибаси, услуби, дилларни яйратувчи таъсир кучига эга эканлиги билан йиллар давомида сайқал топиб, авлодлар тилида мудом янграмоқда. Бугун ана шу меросни дунё аҳлига намоён этиш барчамиз учун шарафлидир.

Акбарали ХУДОЙБЕРДИЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!