Меню
Қашқадарё
ХАЛҚАРО КЎРГАЗМАДА ВАКИЛЛАРИМИЗ 83 МИЛЛИАРД СЎМЛИК ШАРТНОМАЛАР ИМЗОЛАШДИ
Таъкидлаш жоиз, ушбу иқтисодий форум қишлоқда саноат ишлаб чиқариши ва қурилишини янада жадал ривожлантириш, мева-сабзавот ва чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича энг янги технологиялар ва замонавий техника билан жиҳозланган ихчам корхоналарни ташкил этиш, етакчи хорижий компаниялар томонидан ишлаб чиқариладиган илғор, юқори самарали технологиялар ва асбоб-ускуналар билан танишиш учун фермер хўжаликлари, агрофирмалар, бошқа тадбиркорлик субъектларига қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, уларни сотиб олишда кўмаклашиш мақсадида ўтказилди.
Мазкур кўргазмаларда Хитой, Жанубий Корея, Франция, Италия, Германия, Бельгия, Голландия, Беларусь, Россия каби ўн бешдан зиёд давлатдан элликдан ортиқ компания вакиллари қатнашди. Улар ихчам линиялар, қадоқлаш технологиялари, чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик ва боғдорчилик ускуналари, чорва учун ем тайёрлаш жиҳозлари, ўсимликлар ҳимояси учун кимёвий моддалар, терини қайта ишлаш, иссиқхона хўжаликларини ташкил этиш каби юзга яқин йўналиш бўйича кенг турдаги маҳсулот ва хизматларини намойиш этди.
Айтиш жоизки, мазкур кўргазмалар мева-сабзавот, полиз маҳсулотлари, гўшт ва сутни энергиятежамкор технологиялар асосида қайта ишлашни йўлга қўйиш, маҳсулот етиштиришнинг камхарж ва юқори самарадорликка эга усулларини жорий этиш мақсадида бўлган фермерларга кенг қулайлик тақдим этди. Улар кўргазмада намойиш этилган ускуна ва технологияларнинг имкониятлари билан яқиндан танишди, маъқул келган маҳсулотларни харид қилиш бўйича келишувларга эришди.
- Бундай тадбирлар бизга илм-фан ютуқлари, соҳага доир янгиликлардан бохабар бўлиш имконини беради, - дейди Китоб туманидаги “Акрамхўжаев Аббосхон” фермер хўжалиги раҳбари Фарҳод Боқиев. – Фаолиятимиз асосан сабзавотчиликка ихтисослашган бўлгани учун кўпроқ шу йўналишдаги технологиялар билан қизиқдик. Улар орасида Жанубий Корея компанияси маҳсулотлари бизга ҳар томонлама маъқул келди. Улар таклиф этган технология асосида иссиқхона барпо қилмоқчимиз. Ушбу иншоот 2 гектар майдонни эгаллайди. Мазкур иссиқхонада ўрнатиладиган қурилмалар 16 хил функцияни бажаради. Иқлимни назорат қилиш, кўчатларни озиқлантириш шулар сирасига киради. Асосийси, бунда қўл меҳнати кам, кўп юмушлар компьютерлаштирилган ҳолда бажарилади. Ниҳоллар ерда экилмайди, балки махсус тувакларда парваришланади. Бу эса сув ва ўғитдан самарали фойдаланишга шароит ҳозирлайди. Келгусида бундай усулда барпо қилинадиган иссиқхонада помидор ва бодринг етиштиришни мўлжаллаяпмиз. Режамизни амалга ошириш учун 1 миллион доллар сарфланади, 20 дан зиёд янги иш ўрни яратилади.
Чорвачилик, паррандачилик ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш Шаҳрисабз туманидаги “Шаҳрисабз озиқ-овқат моллари” масъулияти чекланган жамияти фаолиятининг асосий йўналишлари саналади. Корхона раҳбарияти ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, етиштирилган сутни қайта ишлашни ташкил этиш, янги қувватларни ишга туширишни режалаштирган. Корхона вакиллари ҳам халқаро кўргазмада иштирок этиш асносида ушбу истиқболли лойиҳаларнинг муваффақиятли рўёбга чиқиши учун муҳим замин ҳозирлади.
- Кўргазмада Туркиянинг “Панимор” фирмаси томонидан таклиф этилган батон ишлаб чиқариш линияси бизга жуда маъқул келди, - дейди корхона директори ўринбосари Бахтиёр Саидов. – Биринчидан, ушбу ускуна электр энергиясини кам сарфлайди. Қолаверса, унда қисқа вақт ичида катта ҳажмдаги маҳсулотни пишириш мумкин. Шу боис мазкур линияни сотиб олиш бўйича шартнома имзоладик. Унинг қиймати 166 миллион сўмга тенг бўлди. Бундан ташқари, кўргазма давомида макарон тайёрлаш, мураббо ишлаб чиқариш ва сутни қайта ишлаш технологиялари билан ҳам яхшироқ танишдик. Уларни тақдим этган чет эл компаниялари билан ҳамкорлик қилиш борасида оғзаки келишувларга эришдик.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, халқаро кўргазмалар якунларига кўра, вилоятимиз вакиллари замонавий асбоб-ускуналар ва технологиялар ҳамда қишлоқ хўжалиги техникаси ва машиналар харид қилиш бўйича қиймати 83 миллиард сўмлик шартномалар имзолаб қайтишди. Бунда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, мева-сабзавотни қуритиш, қадоқлаш, ички ва ташқи бозорларда харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконини берувчи минитехнологиялар асосий ўринни эгаллади.
Мирзоҳид ЖЎРАЕВ