Меню
Қашқадарё
ХАЛҚАРО ФОРУМ ВИЛОЯТДА ЧОРВАЧИЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШГА БАҒИШЛАНДИ
Унда агентлик мутахассислари, халқаро консультантлар, вилоят ҳокимлиги, ҳокимлик тизимидаги соҳага алоқадор корхона ва ташкилотлар вакиллари, вилоятимиздаги чорвачилик ҳамда чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан шуғулланаётган тадбиркорлик субъектлари мулкдорлари иштирок этди.
Форумда сўзга чиққанлар томонидан таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда чорвачилик соҳасини ривожлантиришга жуда катта эътибор қаратилмоқда. Бу борада бир қанча ҳуқуқий ҳужжатлар, дастурлар, лойиҳалар ишлаб чиқилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 22 февраль, 2017 йил 16 сентябрдаги тегишли қарорлари мамлакатимизда чорвачилик, чорва маҳсулотларини қайта ишлаш соҳаларини ривожлантиришда устувор аҳамиятга эга бўлмоқда.
Мазкур ҳужжатларга асосан республикамизда Халқаро қишлоқ хўжалиги тараққиёти жамғармаси иштирокидаги “Ўзбекистоннинг сутчилик соҳасида қўшилган қиймат занжирини ривожлантириш”, Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Халқаро тараққиёт ассоциацияси иштирокидаги “Ўзбекистон Республикасида чорвачилик тармоғини ривожлантириш” лойиҳалари амалиётга жорий этилган. Ҳозирда кўплаб тадбиркорларимиз мазкур лойиҳалар молиявий кўмаги асосида чорвачилик ҳамда чорва маҳсулотларини қайта ишлаш соҳасида янги ташаббусларни амалга оширмоқда.
Форумда мутахассислар томонидан халқаро молия ташкилотлари иштирокидаги кредит маблағлари, уларнинг аҳамияти, олиш тартиблари ҳақида маълумот берилди.
Мисол учун, халқаро қишлоқ хўжалиги тараққиёти жамғармаси иштирокидаги “Ўзбекистоннинг сутчилик соҳасида қўшилган қиймат занжирини ривожлантириш” лойиҳаси Жиззах ва Қашқадарё вилоятларида чорва маҳсулотлари етиштиришни рағбатлантиришга қаратилган. Лойиҳа доирасидаги кредит маблағларини 5 йилгача бўлган муддатга, 1 йиллик имтиёзли давр билан олиш мумкин. У йирик шохли молларни боқиш, сут маҳсулотларини қайта ишлаш, ветеринария хизмати ва шу каби фаолиятларни амалга ошириш учун берилади.
- Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Халқаро тараққиёт ассоциацияси иштирокидаги “Ўзбекистон Республикасида чорвачилик тармоғини ривожлантириш” лойиҳаси эса қишлоқ хўжалиги корхоналари, фермер ва деҳқон хўжаликларига чорвачилик тармоғидаги ташаббусларни амалга ошириш учун тақдим этилиши кўзда тутилган, - дейди Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги лойиҳа раҳбари Шуҳрат Тошев. – Кредит маблағлари 10 йилгача муддатга, 3 йиллик имтиёзли давр билан берилади. Унинг асосида йирик ва майда шохли молларни парваришлаш, йилқичилик, туячилик, асаларичилик, қадоқлаш, чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлаш, сақлаш, ем ишлаб чиқариш, ветеринария хизматини йўлга қўйиш ва шу каби фаолият турларини амалга ошириш мумкин.
Таъкидлаб ўтиш жоиз, халқаро молия ташкилотлари иштирокидаги ушбу лойиҳалар 2017-2022 йиллар давомида фаолият юритади. Ҳозирда кўплаб тадбиркорлик субъектлари бу имкониятдан унумли фойдаланиб, соҳада янги ташаббусларни амалга оширмоқда. Ўтган вақт давомида вилоятимизнинг ўзида ушбу лойиҳалар асосидаги кредит маблағларидан фойдаланиб, 1 минг 587 бош наслли қорамолни боқиш, йилига 15 минг 300 тонна сутни қайта ишлаш ва омихта ем ишлаб чиқаришни кўзда тутувчи лойиҳалар йўлга қўйилди. Чироқчи туманидаги “Ҳайиткул қаймоқ-сут” масъулияти чекланган жамияти, Қарши туманидаги “Бахт”, Косон туманидаги “Истиқлол”, Миришкор туманидаги “Авазкўл чорвадори”, Шаҳрисабз туманидаги “Ғайрат насл чорва”, Китоб туманидаги “Дўстбой чорва” фермер хўжаликлари ва шу каби кўплаб тадбиркорлик субъектлари томонидан амалга оширилган лойиҳаларни бунга мисол қилиб келтириш мумкин.
- Вилоятимизда чорвачилик маҳсулотларини етиштириш ҳажми йил сайин ошиб бормоқда, - дейди вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси чорвачилик бўлими бошлиғи Байрамали Муродуллаев. – Мисол учун, 2018 йилнинг 1 октябрь ҳолатида вилоятдаги йирик шохли қорамолларнинг умумий бош сони 1 миллион 520 минг бошга, қўй ва эчкилар 4 миллион 448 минг 800 бошга етди. 2017 йилнинг мос даври билан солиштирилганда барча тоифадаги хўжаликларда йирик шохли қорамоллар бош сони 3,6 фоизга, қўй ва эчкилар сони эса 0,3 фоизга кўпайган. Ўз навбатида 2018 йилнинг январь-сентябрь ойларида чорвачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми ҳам 2017 йилнинг мос даврига нисбатан сезиларли даражада ошган. Лекин шунга қарамай, соҳада ҳали ишга солинмаган имкониятларимиз жуда кўп. Бугунги форум бу борада янги ташаббусларни амалга оширишни мақсад қилган тадбиркорларни ҳукуматимиз томонидан тақдим этилаётган лойиҳалар, имконият ва имтиёзлар билан таништиришда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.
Форум доирасида чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлаш, сақлаш ва қадоқлаш соҳаларида фаолият олиб бораётган корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмаси ҳам ташкил этилди.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ
Суратларда: Форумдан лавҳалар.
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.