Меню
Қашқадарё
ХАЛҚ ҚАБУЛХОНАЛАРИ СОКИНЛИК ҲУКМ СУРАЁТГАН МАНЗИЛГА АЙЛАНДИМИ?
Инсон ва мурожаат
Инсоният тарихида давлатчилик пайдо бўлибдики, унда ўрнатилган бошқарув тизими йўриғи асосида халқ ва ҳокимият, бошқарувчилар ва бошқарилувчилар ўртасида муносабат боғлашнинг энг мақбул усулларини излаш давом этмоқда. Шунга кўра, бизда халқни рози қилиш - бош мақсад, барча даражадаги раҳбарларнинг энг устувор вазифаси этиб белгиланган экан, Президент виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарини ана шу саъй-ҳаракат самарадорлигини таъминлаш учун юзага келган тизим сифатида кўришимиз мумкин.
Давлат раҳбарининг 2016 йил 28 декабрдаги "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонига асосан ташкил этилган Халқ қабулхоналари ўтган даврда "Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак", деган тамойилни тўла-тўкис рўёбга чиқариш учун кўп ишлар қилди.
Халқ қабулхоналари энди очилган, Президент виртуал қабулхонаси тизими янги ишга туширилган пайтларни эсланг. Муаммоси, масаласи бор фуқароларнинг аксарияти умиди тикилган ва муроди ҳосил бўладиган манзиллар сифатида бўй кўрсатган эди. Бугунги кунга келиб эса бу атрофда анча сокинлик ҳукм сураётганга ўхшайди.
Нега, одамларнинг муаммоси камайдими?
Йўқ, муаммо тугамайди. Биттаси бартараф этилса, бошқаси пайдо бўлиши тараққиёт сари интилаётган, одамларнинг дунёқараши ўсаётган, кундан-кунга ўзгараётган жамият қоидасига айланиб улгурди.
Унда ўзини қийнаётган саволи бор аҳоли вакиллари Халқ қабулхоналари ва виртуал қабулхонадан нажот топа олмай қолдими?
Йўқ, бундай ҳам эмас. Ўтган давр мобайнида давлат идораларининг мурожаатлар билан ишлаш тизими мукаммаллашди. Аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатлар натижа кўрсатди. Одамлар қайси масалада қайси идорага мурожаат этишни яхши фарқлай бошлади, тўғридан-тўғри тегишли жойга бориб ёки турли кўринишда мурожаат йўллаб, қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни, асосли талаб қўйишни ўрганди.
Энди масъуллар битта хонада ўтириб олиб эмас, жойларга чиққан ҳолда аҳоли муаммоларини ўрганишга ўтди. Мурожаатлар билан ишлашнинг сайёр қабул кўриниши фаоллашди.
Президентнинг 2019 йил 2 апрелдаги "Аҳоли муаммолари билан ишлашда маҳалла институтининг мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони кўрсатмасига биноан мурожаатлар билан ишлаш, аҳоли муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш бўйича "маҳалла - сектор - Халқ қабулхонаси - маҳалла" принципи асосида ҳамкорлик тизими жорий қилинди. Шу доирада:
ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, уйма-уй юриш, ижтимоий ва бошқа объектларни ўрганиш орқали муаммоларни аниқлаш ва ҳамкорликда бартараф этиш чораларини кўриш, таъсирчан жамоатчилик назорати;
ҳар чоракда жамоатчилик назоратининг натижалари, аниқланган муаммолар тўғрисида умумлашган маълумотлар, шунингдек, тегишли мансабдор шахсларнинг ҳисоботини эшитиш бўйича таклифларни халқ депутатлари Кенгашлари мажлисларида муҳокама қилиш учун киритиш;
аниқланган муаммоларни умумлаштириш ҳамда ҳал этиш мақсадида электрон ахборот алмашиш;
жойларда ижтимоий-иқтисодий дастурлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда бевосита иштирок этиш ва уларнинг ижросини таъминлашда тизимли ҳамкорлик йўлга қўйилди.
Демак, лўнда қилиб айтганда, бугун масъуллар муаммоси, масаласи бор фуқаронинг ўз идорасига мурожаат қилишини кутиб ўтириш усулидан, жойига чиқиб муаммоси, масаласи бор аҳоли вакилларини излаб топиш, улар билан мулоқот қилиш тизимида ишлашга ўтди. Аниқроғи, аслида талаб ҳам шундай қўйилди.
Ана шулар таъсирида бўлса керак, Халқ қабулхоналари ва виртуал қабулхонага тушаётган мурожаатлар сонида камайиш тенденцияси кузатилаяпти. Буни Китоб тумани мисолида таҳлил қилсак, ўтган йилда ҳудуддан Халқ қабулхонасига ва виртуал қабулхонага 6 минг 809 та мурожаат келиб тушган. Бу кўрсаткич 2022 йилда 8 минг 191 тани, 2021 йилда эса 9 минг 179 тани ташкил қилган.
2023 йилда қабул қилинган мурожаатларнинг таркибига эътибор қаратсак, 365 таси алимент ўндириш, 199 таси электр таъминотидаги муаммолар, 198 таси моддий ёрдам, 196 таси 18 ёшгача бўлган болалар нафақаси, 170 таси даволанишга ва 163 таси уй-жойини таъмирлашга ёрдам бериш, 103 таси мутахассислиги бўйича иш билан таъминлаш, 62 таси кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш ҳамда қолганлари бошқа масалаларга оиддир. Кўриб чиқиш асосида уларнинг 6 минг 84 таси ижобий ҳал қилинган бўлса, 680 нафар мурожаатчига тушунтириш берилган, 45 та мурожаат эса рад қилинган.
Умуман, Халқ қабулхоналари, Президент виртуал қабулхонаси фуқароларимизга ҳеч бир тўсиқсиз, эмин-эркин ва туну-кун давлат идораларига мурожаат қилиш имкониятини очган бўлса, давлат аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш, муаммоларни ичига кириш тизимига эга бўлди. Яна, кези келганда шуни ҳам айтиш ўринлики, Халқ қабулхоналари ва виртуал қабулхона таъсири сабаб идора, корхона, муассаса ва ташкилотлар масъуллари фаолиятида фуқаролар мурожаатлари билан тизимли ишлашга, муаммоларни имконият даражасида ижобий ҳал қилишга интилиш кузатилаяпти.
Шунга қарамай, Халқ қабулхоналарининг жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлашдаги ваколатини ошириш, таъсирини янада кучайтиришни давр талаб қилаяпти, деб ҳисоблайман. Чунки, айрим масъуллар томонидан турли йўналишдаги баъзи мурожаатларни шунчаки "ёпиб" юбориш ёки ўз ҳолига ташлаб қўйиш, кимнингдир дардига юзаки қараш ҳолатлари учраб турган экан, кўтарган масаласи, муаммоси замирида адолат, қонунийлик борлиги шундоққина кўриниб турган арзлар шу туфайли қайта-қайта ёзилишига йўл қўйиб бўлмайди.
Абдишукур ОМОНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Китоб туманидаги Халқ қабулхонаси мудири