Меню
Қашқадарё
ХАЛҚҚА МАНФААТ ЕТКАЗИШНИНГ ФАЗИЛАТИ
Абу Наср Омилий айтади: “Демишларки, неъматларнинг закоти яхшилик қилишдир”. Муҳаммад ибн ал-Ҳанафийя эса шундай деган: “Эй одамлар, билингизким, одамларнинг сизларга иши тушиб, муҳтож бўлиши Аллоҳ таолонинг сизларга ато этган неъматларидир. Бу неъматларни малол олмангизким, интиқомга эврилмасин! Яна билингизким, энг яхши бойлик охиратга захира бўлган, ортидан яхши ном ила эсланишга сабаб бўлган ва ажрни вожиб қилганидир. Агар яхшиликни одам суратида кўрганингизда унинг кўркам, чиройли ва бутун олам гўзаллигидан устун эканини кўрган бўлардингиз”.
Одамларга фойда етказиш энг улуғ солиҳ амаллардандирки, унинг ажри Аллоҳ таолонинг ҳузурида фақат банданинг ўзига наф берадиган нафл ибодатдан афзалдир. Зеро, Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай дебдурлар: “Аллоҳ таолога энг севимли амал мўминнинг қалбига шодлик киритишдир: унинг ғамини кетказасан, ёки бирор қарзини адо этасан, ёки қорнини тўйдирасан. Менинг бир мусулмон биродарим билан бирор иши учун бирга юришим масжидда икки ой эътикоф ўтиришдан яхшироқ. Кимки ғазабини тийса, Аллоҳ унинг айбларини ёпади. Кимки аламини олишга қодир бўла туриб аччиғини ютса, Аллоҳ унинг қалбини розилик ва қаноатга тўлдириб қўяди. Кимки мусулмон биродари билан бирор иш учун бирга юрса, Аллоҳ унинг оёқларини қиёмат куни собит қилиб қўяди”.
Одамларга ёрдам бериш орқали уларнинг муҳаббати қозонилади, диллардаги ғашликлар арийди. Банданинг одамларга ёрдами давом этгани миқдорича Аллоҳнинг бандасига ҳам ёрдами ризқи рўз, нусрат билан бардавом бўлади. Одамларга наф келтириш хору зорлик ва ҳалокатдан тўсиқ ва гўзал хотимага эришмоқ йўлидир. Расули акрам (с.а.в.) марҳамат қилиб дедилар: “Яхшилик қилиш ёмон ўлим топишдан сақлар”.
Хадича разияллоҳу анҳо Набий алайҳиссаломга ваҳий келиб, ўзларидан хавотирга тушган пайтларида шундай деганлар: “Асло, Аллоҳ таоло сизни асло хорлаб қўймас, нечунки, сиз ҳамиша қариндошлар билан борди-келди қиласиз, рост сўзлайсиз, қийналганларнинг юкини енгил қиласиз, йўқсилга ёрдам берасиз, меҳмонни икром этасиз, кулфатларга қарши кўмаклашасиз”.
Абу Бакр разияллоҳу анҳу маҳалла аҳлининг қўйларини соғиб берардилар. Халифа этиб сайлангач, бир жория “Энди соғиб бермайди”, деди. Абу Бакр эса: “Йўқ. Мен эгаллаган иш олдин қилиб юрган ишларимдан ўзгартирмайди, деб умид қиламан”, дея жавоб бердилар.
Умар разияллоҳу анҳу эса бева хотинларга тунда сув ташиб беришга одатланган эдилар. Бир кеча Талҳа Умарнинг бир бева хотиннинг уйига кираётганларини кўриб қолди. Ўша аёлникига кундузи бориб кўрдики, у қари, кўзлари ожиз, бир ерда ўтириб қолган кампир экан. Талҳа ундан: “Анави одам сизнинг уйингизда нима қилади?”, деб сўради. Кампир: “Бу одам мана бунча пайтдан бери олдимга келиб, хизматимни қилади, ахлатларни тозалаб, ташлаб келади”, деди. Шунда Талҳа разияллоҳу анҳу ўз-ўзига: “Шўринг қурсин, Талҳа, сен ҳали Умарнинг изини пойлаб юрибсанми?” деди.
Одамларга наф етказиш жуда кенг қамровли, имкони кўп иш. Бирор киши ундан маҳрум этилган эмас. Наф етказишнинг энг улуғ кўриниши эса билган илмини бошқаларга ўргатиш ва агар давлатманд бўлса молини саховат билан беришдир. Расулуллоҳ (с.а.в.) дебдурлар: “Иккита одамдан бошқасига ҳавас қилиб бўлмайди: бири Аллоҳ кўп молу дунё берган ва бу молу дунёсини ҳақ йўлда сарф этган киши; яна бири Аллоҳ таоло унга илм-ҳикмат берган ҳамда бу илм билан адолатли ҳукм қилган ва уни ўргатган киши”.
Обрў-мартабаси билан, куч-қуввати, касб-ҳунари билан ёрдам, жўяли маслаҳат бериш ҳам ўша наф етказишнинг бир туридир. Наф етказишнинг энг содда кўриниши кўнгилни кўтариш, юмшоқсўзлик, бергани бирор нарса бўлмаганда, чин дилдан дуо қилишдир.
Агар яхшилик қилиш имкони бўлмаса, ундан пастроқ яна бир даража ҳам борки, уни бажариш ҳар кимнинг қўлидан келади. У ҳам бўлса, ёмонликдан тийилишдир. Пайғамбаримиз (с.а.в.) айтдилар: “Ҳар бир мусулмонга садақа қилиш вожибдир”. Одамлар: “Агар садақа қилгудек нарса топмаса-чи?” деб сўрашди. Шунда у зот: “Қўли билан ишлаб пул топади-да, ўзига наф етказиб садақа қилади” дедилар. Улар: “Агар бунга қодир бўлса ёки бундай қилмаса-чи?” дедилар. У зот: “Бечора ҳожатмандларга ёрдам беради” дедилар. Одамлар яна: “Агар бундай қилолмаса-чи?” дейишганди, “Унда яхшиликка буюради”, дедилар. Улар: “Буни ҳам қилолмаса-чи?” дейишди. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “У ҳолда ёмонликдан тийилади. Зеро шу ҳам садақадир”, деб жавоб бердилар”.
Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир хайрли ишимизда ният ва ихлосимизнинг тўғри бўлишига, Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида кўплаб хайрли ишларни амалга оширишга муяссар қилсин! Юртбошимиз бошчилигида халқ манфаатлари йўлида жадаллик билан олиб борилаётган ишларга Ўзи барака ато қилсин!
Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ