Меню

Қашқадарё

20.11.2018 1832

ХАЙРИҲОҲ ИЗЛАГАН ОДАМ

Тўғри, бу дизайни жиҳатдан кўримсиз, муқоваси анча бадҳазм - қоп-қора тусдаги китоб, атрофидаги турфа безаклар билан ўқувчини ром этиши кутилган китоблар орасида кўзга ташланмаслиги тайин. Фақат номи ва заҳар сочишга шай турган капчабош илон тасвири билан саргузашт асарлар ишқибозлари назарини тортиши мумкин - "Илонлар комида". 

Турфа саргузаштларга бой асарлар аллақачон меъдамга тегиб бўлгани боис анча пайтгача ушбу китобни харид қилиш фикридан йироқда юрганим ҳам рост. Фақат муқовадаги ниманидир ваъда қилаётган "Нобель мукофоти совриндорлари кутубхонаси" битиги туфайли китоб дўконларига йўлим тушганида уни бир карра қўлимга олиб варақлаб қўярдим. Гарчи буюк рус адиби, 1970 йил катта шов-шувларга сабаб бўлган антисовет руҳдаги романлари учун мазкур мукофотга сазовор бўлган Солженицин таъбири билан айтганда "Жаҳон адабиёти мэтри" саналган Л.Н.Толстой бу соврин ҳақида "қандайдир керосин сотувчи адабиёт мукофотини таклиф этадими, бу қандай гап бўлди?", деб киноя қилган, гарчи бу мукофот ўтган аср жаҳон бадииятининг буюк сиймолари, сюрреализм оқими асосчиси Томас Вульф, модерн адабиёт етакчилари Франц Кафка, Жеймс Жойс, Марсель Пруст, беқиёс шоир Федерико Гарсиа Лорка каби машҳур номларни четлаб ўтган бўлса-да, унинг соҳиби номига эришган ижодкор ўқувчи диққатини тортмасдан қолмаслиги аён ҳақиқат, негаки аксаримизда бу мукофот фақат ва фақат кучлиларга берилади деган тушунча аллақачон шаклланиб улгурган. Шу боис интернетдан фойдаланиб,  роман муаллифи ҳақида маълумотлар тўплашга уриндим. Ва бундан олтмиш олти йил муқаддам адабиёт соҳасидаги энг нуфузли мукофот соҳибига айланган адиб ҳаёти ва ижоди ҳақида  қуйидагиларни билиб олдим:

Фаранг адиби Франсуа Мориак 1885 йилнинг 11 октябрида Бордо шаҳрида тижоратчи эр-хотин - Жан Пол ва Маргарита Мориаклар оиласида таваллуд топган. Табиатан тортинчоқ, ўзини омадсизлар ва бахтсизлар тоифасидан деб билган бўлғуси адиб етти ёшидан мактабда, кейин коллежда ва ниҳоят Бордо университетида таҳсил олади. 1908 йил ўзининг илк - "Боғланган қўллар" деб номланган шеърий тўпламини нашр эттиради. 85 йил умр кўрган адиб баракали ижод қилади. "Занжирлар жабридан туғилган гўдак", "Моховга тақдим қилинган бўса", "Олов дарёси", "Волида", "Ишқ саҳроси", "Тереза Декейра", "Илонлар комида", "Мунофиқ", "Қора дафтар", "Худойига аталган қўзичоқ", "Ўтмиш ҳосиласи"  романлари, бошқа ўнлаб қисса, эссе, драмалар унинг қаламига мансуб. Мориак илк бор 1946 йилда Нобель мукофотига тавсия этилган эди. Орадан олти йил ўтиб "ўз романларида инсон ҳаёти драмасини чуқур маънавий зеҳн ва бадиий маҳорат билан очиб берганлиги учун" ушбу номга муносиб деб топилди. У юксак мукофотга лойиқ кўрилган еттинчи француз ижодкори бўлди. Франсуа Мориак 1970 йил 1 сентябрь куни Париж шаҳрида вафот этади.

Франсуа Мориак ижоди ҳақида тадқиқотчи Анри Пейр битган қуйидаги фикр улкан адиб асарларига берилган муносиб баҳо десак хато бўлмайди: "1930 йилдан то 1945 йилгача француз адабиёти ихлосмандлари Мориакни йигирманчи аср француз адабиётида Марсель Прустдан кейинги иккинчи шахс дея баҳолаб келди, аммо 1945 йилдан кейин унга бўлган қизиқиш бироз пасайди".

Барча соҳалардаги каби адабиёт ҳам тараққий йўлидан бораётгани, янги номлар кашф этилаётгани боис, эҳтимол Мориак ижодига қизиқиш бирмунча сўнгани ҳақиқатга яқиндир, аммо ўз ботини қобиғида яшаётган инсон образининг мазкур адибга хос талқини ҳақиқий бадиият мухлислари қалбида ҳамон сақланиб қолаётгани ҳам исбот талаб қилмайдиган аксиомадир.

2

Франсуа Мориак "Илонлар комида" романида ўқувчини инсон ботинидаги ўзга биров англаши қийин бўлган лабиринтлар аро саёҳатга чорлайди. Асар бош қаҳрамоннинг  турмуш ўртоғига фақат ўзи вафот этганидан сўнг етиб боришини кўзлаган мактуби кўринишида ёзилган. Илк боб мутолаасиданоқ унинг қарийб ярим аср бирга яшаган аёлига нисбатан қалбида урчиган адоват учқунларининг гувоҳи бўласиз. Бу адоват гоҳ ўзаро рашк, гоҳ нафрат, гоҳ бир-бировига қалбан бегоналик кўринишида ривожланиб бораверади. Фикримизнинг далили сифатида асар илк бобининг, илк сатрларини айнан келтириб ўтишнинг ўзи кифоя:

"Ушбу хатни пўлат сандиқдаги қимматли ҳужжатлар устида кўриб, ҳайрон бўларсан. Балки бу хатни ўлимимдан кейин сенга бериб қўйиш шарти билан нотариусга топширганим ёки кўздан панароқ жойга яширганим маъқулроқмиди? Чунки баданим совишга улгурмасданоқ болалар ёзув столини очиб ярим аср давомида хаёлимда қайта-қайта пишитган интиқом хатини топиб олишлари мумкин. Лекин ташвиш тортма, кўнглинг хотиржам бўлсин. Банкдан қайтгач, йўлакда турибоқ қимматли ҳужжатларнинг ўз жойида турганидан хабар топиб, ғоят шодланишингни ва юзингдан чимматни кўтармасданоқ болаларга: "Қимматли ҳужжатлар ўз жойида турган экан", деб қичқиришингни эшитгандек бўлаяпман".

Мактуб муаллифи  туб маъноси билан айтганда нафақат жамият, балки унинг мўъжаз бўлаги бўлган оилада ҳам ёлғизланиб қолган киши. Унинг мақсад-муддаоси ягона - бойишга қўйилган ҳирс, йиллар ўтиб эса ўз ворисларини ушбу бойликдан маҳрум этиш, шу йўл билан бир умр ўзига бегона бўлган турмуш ўртоғи ва фарзандларидан интиқом олиш онларига гувоҳ бўлиш истаги. Табиийки, мутолаа жараёнида бош қаҳрамон дилида бу истак нимадан пайдо бўлган, унинг бош кўтариш жараёни қандай юзага келган, шаклланган ҳамда қатъий қарорга айланган деган савол Сизни сира тарк этмайди. Гарчи ушбу саволнинг ечимига бош қаҳрамоннинг истиғфоридан жавоб топгандек бўлсангиз ҳам оилавий муҳит бош мезон эмаслигига дилингизда шубҳа ўрмалайди: "Жанжаллашишга бўлган иштиёқ оиламизга мерос қолган. Онамнинг тез-тез ҳикоя қилиб беришича, отам ўз ота-онаси билан урушиб қолган, улар эса ўттиз йил давомида ўз қизлари билан юз кўрмас бўлиб яшашган ва шундай оламдан ўтишган экан (ундан марселлик, биз билан борди-келди қилмайдиган аммаваччалар қолган)”.

Бош қаҳрамон, анча-мунча шов-шувли ишларда енгиб чиққан адвокат гарчи оилавий жанжалларнинг нимадан келиб чиққанига ақл етказмаган бўлса-да, бир умр ўз ота-онасини ҳақ деб билган, балоғат ёшига етганидан сўнг ҳам узоқлашиб кетган аммаваччаларидан бегоналигича қолган. Бундан кўриниб турибдики, инсон ҳеч қачон ўз қобиғидан, тарбия топган муҳитидан айро тушолмас экан. Аммо бегонага айланган қариндошлар билан юз кўришмаслик бошқа нарса, ўз оиласи, пушт-камаридан бўлган фарзандлар билан бир умр, бир хонадонда яшаб, юз кўришишдан қочиб яшаш мутлақо бошқа нарса. Аслида бунинг иложи ҳам йўқ. Ахир бир хонадонда, ягона осмон остида истиқомат қилар экансан, истайсанми, йўқми, яқин-бегоналар билан исталган дақиқада юзма-юз қолишинг табиий. Энг ачинарлиси шундаки, уларнинг бир-бирларини кўрарга кўзлари йўқ ва айни пайтда уйларидан бош ҳам олиб кетишолмайди.

Мактуб жараёнида унинг муаллифи ўтган умрига бошдан-оёқ, сабр-бардош билан назар ташлайди ва ўзини оиласидагилар билан бегоналаштирган омилларни кашф этишга интилади. Қизиқ, у бахт қасрига илк қадам ташлаган навқиронлик йиллари турмуш ўртоғининг илгари Родольф деган йигит билан унаштирилгани, лекин бу унаштирув никоҳ қуришгача бориб етмагани ҳақидаги ҳикоясига деярли эътибор қаратмайди. Вақт ўтиб эса ўша Родольф билан кечирган кунлари ҳақидаги хотиралар аёлини ўзидан бегоналаштиргани тўғрисида шубҳага бора бошлайди. Қаҳрамонимизнинг ўзи ҳам мусичаи   беозор эмас, у ҳам вақтида оиласига хиёнат қилган, унинг ҳаётида ҳам ўз аёлидан излаб топмагани, муҳаббат қувончларини тортиқ этган бева математик аёл бор. Ҳатто ундан ўғил фарзанд ҳам кўрган. Шу боис гарчи анчадан буён хасталик тўшагида ётган бўлса-да, ўзига хайрихоҳ топиш илинжида ноқонуний ўғли - Робертни излаб у онаси билан яшаётган шаҳарга йўл олади. Агар ўзи учун ҳар нарсадан воз кечишга тайёр жазмани ва ундан туғилган фарзандидан ўз оиласида етишмаётган меҳрни топса бутун бойлигини уларга хатлаб бериб, хотини Иза, фарзандлари Губерт ва Женевьевадан батамом интиқом олиш нияти уни бу сафарга чорлайди. Афсуски, Роберт у истаганидек уддабурон эмас, аксинча қўрқоқ ва ландавур бўлиб чиқади. Бунинг устига онаси ва қўрқоқ Роберт ўз тинчликларини ўйлаб тўнғич фарзанди, бадфеъл Губерт билан хуфёна тил бириктиришганини   сезиб қолади. Энди унинг ўз истакларини рўёбга чиқариш учун кифоя қиладиган умри қолмаган, касаллик уни қадамба-қадам таъқиб этар, бир ҳафталик бесамар дайдишдан сўнг номига келган почта хат-хабарларни  титкилар экан, фарзандлари билан ўзига нисбатан иттифоқ тузиб олган турмуш ўртоғининг тўсатдан вафот этганлиги тўғрисидаги телеграммага кўзи тушади.

Асар воқеаларининг энг кульминацион нуқтаси ҳам шу ногаҳоний ўлимга бориб тақалади. Таъзия билан боғлиқ маросимлардан сўнг бизнинг адвокатимиз бор мол-дунёсини фарзандларига тақсимлаб бериб, ўзига турмуш ўртоғи билан умрларининг энг сара илк онлари ўтган уйни олиб қолади. Хотинининг сўнгги дамлари гувоҳи бўлганлар унинг ўлимидан олдин қандайдир қалин дафтарни ўтга ташлагани ҳақида қилган ҳикояларини эслаб, ўчоқ остидаги кулни титкилайди ва ўша дафтардан тасодиф туфайли омон қолган айрим парчаларни топади. Маълум бўлишича, Иза ҳам эридан яширинча ўз кечинмаларини қоғозга тушириб борган, ундан бегоналашиб қолаётгани сабабларини ўзича таҳлил қилган, бир умр унга талпиниб яшаган ва умрининг қайсидир қисмида уни ҳатто кекса эридан эрта бева қолган опаси Маринеттадан кучли эҳтирос билан рашк қилган экан.

Умрининг сўнгги онларини тазарру билан ўтказган асар қаҳрамони турмуш ўртоғининг хотираси билан яшаган кунлари қалб бедорлигини, умри давомида истаган, излаган хайрихоҳликни бир муддат ичкиликка муккасидан кетган, субутсиз эри ўзига оилада инсон эмас, ортиқча буюм сифатида қарашгани учун  тарк этган набираси Жанинидан топгандек бўлганини, умуман, ўткинчи умрни англашилмовчилик туфайли бир-бирига нафрат назари   билан ҳайф кетказган оила фожиасини тўлиқ англайман десангиз, яхшиси асарни ўзингиз мутолаа қилинг.

Абдунаби АБДИЕВ

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!