Меню
Қашқадарё
ХАЙР, “РАИС БУВА”...САЛОМ, РАИС БУВА...
Дафъатан ўйлаб қолдим. Умри далада ўтган бу одам қандай қилиб бунчалик мутелик кепатасига тушиб қолган экан?! Бу қадар музтару тобеинликдан унга нима наф?
...Бир қишлоқда кексалар сергўшт, серёғ, серсабзи қилиб бостириб сузилган бир товоқ паловни кўриб “полвонжони” бўпти-да”, деб қўйишганини эшитиб қолдим. Оқсоқоллардан бу иборанинг маъносини сўраган эдим, бир пайтлар қишлоқда Полвон бува деган иззатталаброқ раис ўтганини, тўй-мавридларда унга атаб ҳурмат билан сузилган таом шундай аталиб кетганини айтиб беришди...
Эсимда, болалигимда уйда тўй бошлангудай бўлса, “бисмилло”си “маслаҳат оши”ю “раис чақирди” бўларди...
Ҳа-да, “Абдуллажон” фильмидан ташқари кўп жойда фақат “газик”ларда юрадиган, шляпали, қориндор ва боқибеғам раисларнинг “кетмони учгани-учган” (креслоси билан) маҳаллар эди у пайтлар...
Тўй қилсанг ҳам, маърака қилсанг ҳам, томсувоққа ҳашар чақирсанг ҳам, томорқангга шолғом эксанг ҳам “раис бувадан сўраганмисан?”, дейиладиган пайтлар эди... (Минг бор узр, бу гапларимнинг ўшандай оғир замонларда ҳам элнинг бошини қовуштириб, юртига улуғ хизматлар қилган фидойи ва кайвони раис буваларга мутлақо дахли йўқ!)
* * *
Эски “раис бува”ларнинг соясига салом беришга ўрганганлардан бири – “Темир хотин” спектаклида Қўчқорвойнинг хотини Қумрига айтган гапларини бир эсланг:
“Дунёдаги бутун мавжудотлар ўзидан электромагнит тўлқинлар тарқатади. Сен ҳам тарқатасан, мен ҳам, бола-чақамиз ҳам... Шу... электромагнит тўлқинларни тарқатишга тарқатаяпмизу, лекин уларни қабул қиладиган аппарат ҳам бўлиши керак-да. Олимтой бир бало девди. Юмалоқ, патнисга ўхшаган... Ҳа, “локатир”... Ўзимизнинг идоранинг тепасида нима бор?.. Байроқ бор, ўқимаган... Байроқнинг ёнида ҳам битта “локатир” бўлиши керак. Бўлмаса, мана мен тарқатаяпман – қирқ йилдан бери. Сен тарқатаяпсан – туғилганингдан бери. Эшмат тарқатаяпти. Тошмат тарқатаяпти. Абдирайим, Мамарайим... Уни қабул қиладиган аппарат йўқ. Шунинг учун, Қумри, ҳар бир идоранинг тепасида тўлқинларни қабул қиладиган “локатир” ҳам бўлиши керак. Битта байроқ, битта “локатир”... Бизда эса битта байроқ турибди...”
Ўз-ўзидан маълум, идора тепасидаги байроқ – бу давлатнинг тимсоли, хўш, унда “локатир”-чи?
Менимча, бу – давлатнинг кўзи, қулоғи... Энди бир танангизга ўйлаб кўринг. Давлат бўлсаю, халқининг аҳволини кўрмаса, дардини эшитмаса?! Ўз фуқароларидан кўз-қулоқ бўлмаса?! “Локатир”и йўқ бундай давлат давлат бўладими? Қуруқ савлат бўлмайдими?
Эҳтимол шу сабабли неча йиллар давомида Қўчқор Қўчқорлигича, юқорида айтганим сертавозе “кичкина одам” “кичкина”лигича қолиб кетгандир?!
Эҳтимол шу сабабли ўша давлат ич-ичидан емирилиб, қулаб тушгандир?!
* * *
“Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да келтирилишича, “раис” арабча сўз бўлиб, “раҳбар”, “бошлиқ”, “сардор”, “бошқарувчи” деган маъноларни билдирар экан. Бир таърифда унга баъзи орган, ташкилот, идора, жамият ва шу кабиларнинг бошлиғи сифатида қаралса, иккинчисида эса у диний маросим ва урф-одатларни кузатиб борувчи, шунингдек, ўлчов ва тош-тарозиларнинг тўғрилигини текширувчи шахс сифатида эътироф этилади. Қаранг-а, бугун маҳалла оқсоқолию фермер хўжалиги ва МЧЖлар раисларидан тортиб, “тош-тарози” билан шуғулланадиган суд, бозор, стандартлаштириш ва сертификатлаштириш идоралари, акциядорлик жамиятию йирик компаниялар, бирлашмалар, уюшмалар, иттифоқлар, ҳатто халқ депутатлари ҳудудий кенгашларию Сенат раисларигача – барчаси “раис бува”нинг қайсидир вазифасини ўз зиммасига олишган экан.
Ҳа, бугун ҳам ҳар қадамда “раис бува”ларга дуч келаверамиз. Шу боис ҳам бу ибора бизга анчагина қадрдон бўлиб қолгандир?
Бугун ижтимоий тармоқларда ҳам “Раис бува” образи, у билан боғлиқ, долзарб ижтимоий муаммоларни елкасига олган карикатуралар жуда машҳур бўлиб кетди. Ҳатто Адлия вазирлигининг расмий “Ҳуқуқий ахборот” каналида ҳам бу карикатуралардан самарали фойдаланилаяпти. Омон бўлгур “Раис бува” ҳали порахўрни, ҳали боқибеғамни, ҳали лўттибозни... аёвсиз ҳажв тиғи остига олиб қолади. Карикатуралардаги “Раис бува”нинг бу қадар оммалашиб, барчага манзур бўлиб бораётганининг сабаби ҳам бу тимсолнинг бизга азалдан қадрдонлигида бўлса керак.
“Сэм тоға” ҳақида эшитган бўлсангиз керак?! Ҳа, бу америкаликларнинг, тўғрироғи, АҚШнинг тимсоли, янаям аниқроғи, “океан орти” фольклорида американча ватанпарварликнинг йиғма образи. Карикатурачи рассом Жеймс Флегг Америка байроғидаги юлдузлар тасвирланган цилиндр кийган бақувват эркак – “Сэм тоға” – “Uncle Sam”ни 1917 йилда ўз қиёфаси асосида яратганида бунчалик машҳур бўлиб кетишини ўйлаганмикан?
Бизда-чи, бизда?!
Менинг назаримда бизда ўзбекона донишмандлик, кайвонилик, элпарварлик сингари бетакрор ва гўзал фазилатлар биргина қадимий, навқирон, ўлмас ва улуғвор “раис бува” сиймосида мужассамдек...
Йўқ-йўқ, асло “Икки эшик ораси”даги Умар “закунчи”га ўхшаган, қамчисидан қон томадиган, одамлардан ўзини баланд тутадиган, ҳаромдан ҳазарни билмайдиган ёхуд ўша кинолардаги “тепадагилар”нинг содиқ мулозими бўлган, одамларнинг орзу-умидлари ва ўй-ташвишларидан кўра “план”ни муҳимроқ ҳисоблайдиган, манфаатпараст “раис”лар эмас, ҳалол, виждонли, одамларни бошқарадиган эмас, ягона мақсад йўлида бирлаштирадиган, бошини қовуштирадиган, сўзи тошниям кесадиган, қатъиятли, ориятли, иймон-эътиқодли Раис бувалар ҳақида гапираяпман.
Уларнинг идораси тепасида байроқдан ташқари одамлардан – Эшматдан, Тошматдан, Абдирайимдан, Мамарайимдан... – барча-барчамиздан тарқаладиган яхши-ёмон тўлқинларни қабул қиладиган “локатир”и ҳам албатта бўлади.
Ҳа, ўша Қўчқорвой орзулаган “Битта байроқ, битта “локатир”...
Биз ҳам юқоридаги танишим сингари муте ва “кичкина” бўлиб қолмаймиз. Ахир “катталар” (ёхуд “раис бува”) нима дейди?” эмас, “одамлар нима деяяпти?” деб сўраладиган, одамлар “катталар” эшигида сарғаядиган эмас, раҳбарлар одамларнинг, керак бўлса, эшигини қоқиб, уйма-уй юрадиган, дардига қулоқ тутадиган замонлар келди-ку.
Бир нарса аниқ. Бугун қалбимиз, онгу шууримиз муте бўлмаса, руҳиятимиздаги қолган-қутган кишанларни ҳам уза олсак, бизни ҳеч ким бука олмайди.
Шундагина...
Ҳар биримиз аввало ўз-ўзимизга РАИС бўламиз!
Одам бўламиз, биродар – ОЗОД ОДАМ!
Бир умр Шахс бўлиб қоламиз – ЭРКИН ШАХС!
Тоабад Миллат бўлиб қоламиз - ҲУР МИЛЛАТ!
Дунё тургунича Халқ бўлиб қоламиз – МУСТАҚИЛ ХАЛҚ!!!
Нима дедингиз, Раис бува?!
Нуриддин ЭГАМОВ