Меню
Қашқадарё
ХЎЖАИЛҒОР – КЕНГ ЖАМОАТЧИЛИК ВА ХОРИЖ САЙЁҲЛАРИ ДИҚҚАТ-МАРКАЗИДА
6 гектарлик Амир Темур боғида Соҳибқирон ёшлик йилларига бағишланган музей ташкил этилди. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси лойиҳасига кўра, музей 3 қисмдан иборат бўлиб, унда Темур ва унинг даври маиший ҳаёти ҳамда ўрта асрлар анъанавий хонадонини ифода этувчи хоналар қад кўтаради.
Музей ва боғ учун айнан ушбу ҳудуд танлангани бежиз эмас. Манбаларга кўра, Амир Темур шу ердаги кўҳна қудуқ ёнида туғилган ва қадимий хариталарга таяниб топилган мазкур сув иншооти айни пайтда тикланган. Қолаверса, қишлоқда ислом оламининг улуғларидан бири Хўжа Муҳаммад ибн ал-Қосим мақбараси, Амир Темур отаси даврида қурилган масжид меҳроби сақланиб қолган.
9 апрель куни бу ерда Амир Темур таваллудига бағишланган телемарафон – Халқаро пресс-клуб сайёр сессияси бўлиб ўтади. Сессиядан кўзланган мақсад – Амир Темур ва Темурийлар тарихи билан боғлиқ ҳозиргача кўпчиликка номаълум бўлган тарихий фактларни очиш ҳамда Амир Темур ва унинг аждодлари туғилган қадимий қишлоқларни янги туристик объектлар сифатида кашф қилиш, бунда Президентимиз томонидан илгари сурилган “Маданиятсиз туризм, туризмсиз маданият йўқ” ғояси ўз ифодасини топишини таъминлашдан иборатдир. Шу сабаб мазкур сессияга хориж сайёҳлари ҳам таклиф қилинган.
Пресс-тур доирасида Хўжаилғор қишлоғидаги қадимий қудуқ, Амир Темур ёшлигида кўтарган полвонтош, ўша даврлардан бери сақланиб келаётган масжид меҳроби ва қадимий тут дарахтлари, Чироқчи тумани Тарағай қишлоғидаги Темур ғори, маҳаллий аҳоли хонадонларида сақланиб келинаётган қадимий буюмлар ва бошқа қатор ноёб ёдгорликлар бориб кўрилади.
Тадбирга янада кўтаринкилик бағишлаш мақсадида Амир Темур даврини акс эттирган театрлашган саҳна кўринишлари намойиш этилади. Ўз навбатида бу йил Шаҳрисабзда илк бор мақом фестивали ўтказилиши муносабати билан пресс-клуб сессиясида фестиваль моҳиятини очиб берувчи экспертлар ва мақомчилар ҳам қатнашади.
Умуман олганда, эртага бошланадиган мазкур тадбир Амир Темур ва Темурийлар даврида яратилган маънавий, маданий ва илмий мероснинг инсоният тарихидаги ҳаққоний ролини очиб бериш ва кенг жамоатчиликка етказишдан иборатдир.
Н.ХЎЖАЕВ