Меню
Қашқадарё
КЕНГ МАЙДОНДА - КАТТА САЙЛ
Айтиш керакки, бу гал мазкур тадбирга аввалдан жиддий тайёргарлик кўрилгани сезилиб турди. Байрам учун кенг майдон, очиқ осмон ости танлангани ҳам тадбирнинг шукуҳли, шоду хуррамликда, эсда қоларли ўтишини таъминлади.
Наврўзни нишонлашда Шаҳрисабзда ўзига хослик бор, десак адашмаймиз. Ушбу байрам ҳудуд аҳолисига хос урф-одатлар, миллий либослар, турфа хил таомлар, ўлану лапарлар, ўйинларсиз ўтмайди. Бу сафар ҳам шу жиҳатларни тўлақонли кўрсатиб беришга катта эътибор қаратилди. Алоҳида-алоҳида ташкил этилган кўчма павильонларда ҳар бир ташкилот, маҳалла жамоалари пазандалик, миллий ҳунармандчилик намуналари, деҳқончилик маҳсулотларини кўргазма қилишди. Бунда меҳмоннавозлик, меҳр-оқибатнинг юқори даражаси акс этди.
Концерт дастури ҳам байрамга кўтаринкилик бағишлади. Ёш эстрада хонандалари, санъат мактаби ўқувчилари, фольклор жамоалари ўз ашула ва рақсларида юртимиз жамоли, баҳор таровати, Ватанга муҳаббатни мадҳ этишди. Қўшиқлар шодон ўйин-кулгиларга уланди.
Майдоннинг бир четида дор тикилиб, дорбоз, қизиқчи, жонглёр ва полвонлар ўз қизиқарли томошалари билан сайилга келган халққа қувонч улашишди.
Бу каби халқ сайиллари вилоятимизнинг барча ҳудудларида ўтказилмоқда.
МИРЖАҲОН
Суратда: тадбирдан лавҳа.
Собир Нарзиев олган сурат.