Меню
Қашқадарё
"КЕЛИН САЛОМ КИМГА КЕРАК?
Бу маросим номига қараганда жуда ҳам гўзал ва жимжимадор. Лекин шу ном остида қилинаётган ишлар манманлик, риёкорлик, исрофгарчилик, шону шуҳратга берилиш, ҳасад, ғийбат, ёлғон, одобсизлик ва шариат ҳукмларини оёқости қилишдан иборат бўлиб қолмоқда.
"Янги келинчак уни йўқлаб келаётган меҳмонларга эҳтиром кўрсатиб салом берса, нимаси ёмон?!" дерсиз. Тўғри, салом бериш шариатимизда суннат амал. Ва бу амал туфайли қанчадан-қанча барокатлар, хайриятлар ва ўзаро меҳр-оқибатлар тикланиб, мустаҳкамланади. Лекин асли суннат бўлган салом бериш байроғи остида қанчадан-қанча гуноҳ-маъсиятларнинг амалга оширилишига жим қараб бўладими?
Қолаверса, "келин салом"дан барча қиз чиқарган ота-оналар безиб қолишган. Лекин мажбур бўлганларидан, қудаларининг олдида сохта обрў-эътибор олиш, ундан ташқари қизининг ушбу хонадонда тиниб-тинчиб, бахтли-саодатли ҳаёт кечириши, қайнонаси қўлини бигиз қилиб, келинга таъна-дашном қилавермаслиги учун бу бидъатлар амалга оширилади.
Оз муддат илгари бир аёл келиб, қизини чиқаришга қийналаётганини айтиб, ёрдам сўради. Унга имконият даражасида ёрдам берилди. Орадан ҳеч қанча ўтмасдан бояги аёл яна кўзида ёш билан бир аҳволда кириб келди. "Ҳа, онахон, тинчликми?" деб сўрасам, кўнгли тўлиб йиғлаб юборди. "Тинчликмикан, яқиндагина тўй қилган эди, тўй асносида бирор мусибатга учраб қолдимикан?" деган хавотирга бордим. Аёлнинг айтишича, амаллаб қизини узатиб, ҳаммасидан қутулдим, деганида "келин салом"га тутилибди. Тўй харажат ва ташвишлари билан овора бўлиб, "келин салом"ни унутиб қўйган экан, қудалари яхшигина эслатиб қўйишибди. Энди ана шу "келин салом"га сарпо, совға-салом ва яна нималардир олишга қийналиб, боши қотибди.
Аслида бундай ҳолат бир-икки эмас, сон-саноқсиздир. Лекин халқимиз ўта ориятли ва мулоҳазали бўлгани туфайли кўп ҳам шикоят қилмайди. Гоҳ-гоҳида эса бундай ташвишлардан ёрилиб, "портлаб" кетаётганларнинггина шикоятларини эшитиб қоламиз.
Баъзилар эса "Имконияти бўлмаса, қилмай қўяверсин, уни биров мажбурлаяптими? Ҳар кимнинг ўз хоҳиши, кўрпасига қараб оёқ узатсин", дейди. Жуда ҳам тўғри гап. Лекин қуда-андаларнинг вужудингни тешиб юборадиган даражадаги гаплари, заҳарли ўқ каби юрагингга санчиладиган пичинг ва таъналари ҳар қандай инсонни ҳам (баъзи тушунган одамлар бундан мустасно) мазкур бидъат-хурофотларни қилишга мажбур этади. Қолаверса, қизингиз ялиниб, илтижо қилиб, сиздан умидвор бўлиб турса, унинг илтимосини ерда қолдирармидингиз?!
Ҳар қандай ота-она қизининг бахти учун ҳамма нарсага тайёр бўлади. Лекин мазкур бидъатларга кимдир чек қўймаса, кундан-кунга илдизи чуқурроқ ботиб, танаси бақувватлашиб бораяпти. Агар фурсат борлигида қайсидир бидъатчилар тўқиб чиқарган бундай балоларга зарба бермасак, уларга қарши курашмасак, бунинг касофати барчага оммавий бўлади. "Бундай бидъатларнинг менга таъсири бўлмайди, менинг улар билан ишим йўқ, ким эътибор берадиган бўлса, ўзи курашаверсин", дейишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Зотан, ҳар бир бидъатга қарши барча мўмин-мусулмонлар биргаликда курашишлари вожибдир.
Бир куни ҳожи акаларимиздан бири жуда ҳам тушкун ва ғамгин ҳолатда келиб қолди. "Ҳа, ака, тинчликми, кайфиятингиз йўқ?!" десам, "Шу тўйдаги бўлар-бўлмас урф-одатлар, "чаллари", "келин салом"у бошқасини ўйлаб топганларнинг падарига..." деб нолиб қолди.
Энди ўйлаб кўринг, бир эзгу ишни жорий қилиб "Отангга раҳмат!" деган дуони олган қайдаю, "келин салом"га ўхшаш бидъатни авж олдириб, қанчадан-қанча инсонларнинг кўз ёши оқишига, ҳаттоки баъзи бир оилаларнинг ажрашувига сабаб бўлиб, "Шуни чиқарганнинг падарига лаънат!" деган дуои бадни олиш қайда?!
Юқорида "келин салом" маросимидаги гуноҳ-маъсиятлар тўғрисида айтгандик. Хўш, улар нимадан иборат ўзи?
Биринчиси - салом беришдаги ҳолат билан боғлиқ. Маълумки, ислом динида кишилар эгилиб салом беришдан қайтарилган. Саҳобалар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан: "Киши биродарига йўлиққанда (саломлашиш учун) унга эгилса бўладими?" деб сўрадилар. Шунда у зот: "Йўқ", дедилар ("Мажаллатул буҳусил исламия").
Демак, "келин салом" маросимида келинларимиз етти букилиб салом берар эканлар, бу шариатимиз кўрсатмасига хилофдир. Агар намоздаги рукуъ даражасида эгилиб салом берса, қаттиқ гуноҳкор бўлади. Қолаверса, янги келинчакнинг барча меҳмонлар олдида кетма-кет эгилиб салом беравериши унинг нафақат жисми, балки кайфиятига ҳам салбий таъсир қилади.
Иккинчидан, келинчак уч кундан бир ҳафтагача келган ҳар қандай меҳмон ёки чиққан қўшнилар учун ҳам эгилиб салом беришда давом этади. Қайси келин бу урфга амал қилмаса, гўёки беодоб сифатида баҳоланади.
Учинчидан, келинчак қуруқ салом бермаскан. Балки салом берилиши керак бўлган кичигидан тортиб каттасигача, албатта, совға улашиш "одат"и авж олибди. Совғалар эса оддий эмас, қимматбаҳо бўлиши шарт эмиш. Акс ҳолда келин бошига маломатлар ёғилармиш.
Тўртинчидан, "келин салом" маросимида бир қанча аёллар иштирок этар экан, уларнинг баъзиларига берилаётган совға ёки бу жойдаги шарт-шароит ёқмаганлиги тўғрисида ғийбат, туҳмат ва бўҳтонлар тўқилади.
Бешинчидан, мазкур маросимда нафақат аёллар, балки "эркак"лар ҳам қатнашади. Ва, албатта, улар ҳам келиннинг қўлидан совға олиш билан фахрланишади. Ўзингиз ўйлаб кўринг, тоғни урса, талқон қиладиган эркаклар (қайнота, амаки, тоға, қайноға, қайни ва ҳоказолар) нозиккина ва ожиза келиннинг қўлидан совға оладилар. Лекин келиннинг мажбуран бераётган совғалари балки қарз эвазига келгани билан қизиқишмайди ҳам.
Олтинчи - ушбу маросимдан энг катта моддий манфаатдор бўладиган шахслар, албатта, "келин салом" айтувчи санъаткорлардир. Уларнинг қуйи табақаси 100 минг, юқориси 1 миллион cўм атрофидаги нархда хизмат кўрсатади. Баъзилари эса кетма-кет уч-тўрт маросимни бир-бирига улаб, биринчи борган жойида бир оз иштирок этади-да, кейин ёрдамчиларини ўринбосар қилиб, ўзи кейингисига шошилади. Қарабсизки, бир кунда анча-мунча пулни қўлга киритади. Бундай маросимларнинг кундан-кун турли-туман, хилма-хил бўлиб кўпайиб бораётгани санъаткорларнинг чўнтагини тўлдираяпти, холос.
Еттинчи - ушбу маросим бир соатдан уч соатгача чўзилади. Демак, кўплаб кишиларнинг уч соат умри бидъат-хурофотларга сарфланади.
Саккизинчи - ушбу маросимда бўлаётган дабдабабозлик, риёкорлик, манманлик ва исрофгарчиликларнинг чеки йўқ.
Кимлардир "Кетса, бизнинг вақтимиз кетаяпти, қолаверса, бировнинг пулини эмас, ўзимизнинг пулимизни ишлатаяпмиз. Бунинг нимаси исроф?" дейиши мумкин. Ваҳоланки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларида шундай марҳамат қилганлар:
"Қиёмат кунида банданинг қадами то тўрт нарсадан сўралмагунча жойидан жилмайди: умрини қандай ўтказгани, ёшлигида нима қилгани, молини қаердан топиб, нимага сарф қилгани, илмига қай даражада амал қилгани ҳақида".
Демак, Аллоҳ берган бебаҳо неъматлар - умр, ёшлик, мол-дунё, илм ҳисоб-китобсиз, сўроқ-саволсиз қолмас экан. Қаердаги бир бидъат маросим деб шунча неъматларни исроф қилган инсон Аллоҳ таолога қандай ҳисоб-китоб беришини тасаввур қилинг.
Азизлар, кўзимизни очайлик. Ғафлат ва лоқайдлик уйқусидан уйғонайлик, ҳаёт ва атрофга теранроқ назар ташлайлик. Биз кимларнинг авлодларимизу ҳозирда кимларга эргашаяпмиз?! Аждодларимиз ўз даврида ҳаётнинг барча соҳаларида дунёга устозлик қилганлар, нима учун? Бунинг сабабини биласизми? Агар билмасангиз, пиримиз, улуғимиз бўлмиш Баҳоуддин Нақшбанднинг қуйидаги ҳикматига назар ташланг: "Ким вақтини зое кетказса, вақт унинг душманига айланади, нафаснинг зое бўлишига йўл қўйманг ва ундан эҳтиёт бўлинг".
Мана шунча далил ва танбеҳларга қарамасдан қанчадан-қанча иллатларни ўзида жам қилган тадбирни ўтказиш кимга керак? Биз бу ерда барча иллатларни санаб ўтмадик. Чунки мақсадимиз уларни бирма-бир санаш эмас, балки улар ҳақида эслатиш ва огоҳлантиришдир. Мазкур иллатларнинг энг ёмонларидан бири - бу маросимни "ўзбек миллатининг миллий урф-одати" деб бошқа миллат вакилларига фахрланиб кўрсатишдир.
Яна ҳам ажабланарлиси эса юртимизда ишлаб чиқарилаётган деярли ҳар бир кино маҳсулотида тўйларимиздаги исрофгарчилик, манманлик ва дабдабавозликни ташвиқот қилиш билан бирга "келин салом"нинг миллий урф-одатимиз ҳамда қадриятларимиз сифатида намойиш этилаётганидир. Буюк алломалар юрти бўлмиш Ўзбекистон халқининг ҳозирги кундаги авлодлари китоб ўқиш, ёзиш, ихтиро, кашфиёт ва илм-маърифат билан шуғулланиш ўрнига кимлардир тарафидан бидъат ўлароқ ўйлаб топилиб, халқимиз онгига сингдириб ташланган қандайдир маросимларга ўралашиб юриши ниҳоятда ачинарли ҳолатдир.
Исҳоқжон БЕГМАТОВ