Меню

Қашқадарё

31.05.2018 1947

КЕЛАЖАК УЛАР ҚЎЛИДА

Юртимизда болаларнинг бахтли камол топишлари учун барча шарт-шароитлар яратилган. Зеро, эртамизнинг шифокори, рассом, муҳандис, ўқитувчи, санъаткор ва ҳисобчилари улар орасида улғаймоқда.

БОЛА ТАСАВВУРИДАГИ ДУНЁ

6 ёшли Сабина Алиқулова Қарши шаҳридаги “Дўмбоқча” мактабгача таълим муассасаси тарбияланувчиси. Келажакда рассом бўлмоқчи. Эртак китоблар ўқийдими, телевизор томоша қиладими, улар натижасида ҳосил бўлган тасаввурини қоғозда акс эттиришга интилади.

Эртак қаҳрамонлари, ота-онаси, бобою бувиси, дугоналари, табиат манзаралари - у доимий мурожаат қиладиган мавзулар. Митти ҳаваскор ўчирғич ишлатишни ёмон кўради. Унинг ирода ва қатъияти қалам юргизишидан ҳам маълум.

- Сабина фикри теран, тили бийрон, интилувчан қиз, - дейди боғча опаси.       - Расм чизади, гимнастика билан шуғулланади. Рус ва инглиз тилларида      мустақил сўзлаша олади. Қизиқишлари расмларида намоён бўлади. Хурсанд бўлса оқ, яшил, кўк рангларни кўп ишлатади, аксинча бирор нарсадан хафа бўлса қора, тўқ яшил, қизил ранглардан фойдаланади. Келажакда зўр рассом бўлишни орзу қилган.

Нозик дидли, зукко қизалоқ кўплаб шеърларни ҳам ёддан билади. Ўқиган эртакларини гуруҳдошларига айтиб беришдан эринмайди.                              

МУРАККАБ СОНЛАР АҚЛНИ ЧАРХЛАЙДИ

Одатда, математика фани деганда – қийин мисоллар, бошқотирма ва сонлар кўз ўнгимизда гавдаланади. Аслида аниқ фанларни ўрганиш доимо машаққатли ҳисобланган ва бу жараён одамдан кучли сабр-тоқат, ирода талаб қилишини биламиз. Яккабоғ туманидаги 77-мактабнинг 3-синф ўқувчиси Дилноза Темирова эса уни қандай қилиб мураккабликдан кўнгилочар машғулотга айлантириш йўлини яхши билади. Бунда унга устозининг “Ҳеч ким математик бўлиб туғилмаган ва ҳаммага математикани ўргатса бўлади”, деган фикри қанот беради.

Дилноза мураккаб мисол ва масалалар ечишдан қўрқмайди, балки мароқ билан завқланиб ишлайди. Ҳаётни арифметик ҳисоб-китобда ифодалайди ва ҳар бир кунини режали тақсимлайди.

У мактабнинг иқтидорли ўқувчиларидан, “Ёш математик” тўгарагининг фаол аъзоси. Математика бўйича жорий йилги фан олимпиадасида туманда 1-ўрин, вилоятда 2-ўринни қўлга киритди. Устози Зоҳида Очилова эса унга фан сирлари билан бирга одамийлик, самимийлик, тўғрисўзлик каби фазилатларни ҳам сингдириб боради.

МАҚСАДИМ - ДЗЮДО БЎЙИЧА ЖАҲОН ЧЕМПИОНИ БЎЛИШ

Паҳлавон Шотемиров деган номнинг ўзи ҳам ҳар қандай киши тасаввурида негадир катта полвон тасаввурини уйғотади. Йўқ, Паҳлавон ҳали бола. Бироқ мақсади улкан, дзюдо бўйича жаҳон чемпиони бўлишга аҳд қилган. Тўрт йилдан бери машғулотларга қатнаса, шу интилишлари эвазига мусобақаларда 20 га яқин медалга эга чиқди. Хусусан, жорий йилда Тошкентда ўтказилган дзюдо бўйича “Буюк ипак йўли” турнирида 2009-2010 йилларда туғилган болалар ўртасидаги баҳсларда 26 килограмм вазнда қатнашиб, 3-ўринни, Соҳибқирон Амир Темур таваллудига бағишланган миллий кураш бўйича мусобақада ўз тенгдошлари орасида 1-ўринни, 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ташкил этилган вилоят жисмоний тарбия ва спорт  бошқармаси соврини учун кечган баҳсда 2-ўринни қўлга киритди. 

Паҳлавон Нишон туманидаги 11-мактабнинг 4-синф ўқувчиси. У спортда илғор бўлиши билан бирга бошқа фанлардан ҳам аъло баҳоларга ўқийди. Шу боис, унга синфдошлари, тенгдошлари ҳавас билан қарайди. Унга эргашиб, спортга ошно бўлганлар ҳам кўпчилик.

ЗУЛФИЯХОНИМ ИЗДОШЛАРИ...

Муштарий Саидова аксарият тенгдошлари қатори шеър ёзишга қизиқади. Фақат кўнгил чизгилари ва кечинмаларини содда, самимий ва гўзал сатрларга тиза олиш иқтидорига эгалиги билан ажралиб туради. Қарши туманидаги Пармитон қишлоғида оддий ишчи оиласида туғилиб вояга етаётган қизалоқнинг кўнгил сарҳадига қулоқ тутсангиз, сеҳрли ва мазмундор сўзлар сизни сеҳрлаб олади.

Муштарийнинг шеъриятга, адабиётга қизиқиши уни Қарши шаҳридаги  Абдулла Орипов номли она тили ва адабиёти фанига ихтисослашган мактаб-интернати сари етаклади. Ҳозирда ушбу мактабнинг 5-синфида ўқийди.

- Муштарийнинг шеърларида мустақил диёр, она Ватан, ота-она, дўстлик, бетакрор табиатимизнинг гўзал манзаралари мадҳ этилади, - дейди устози Нафосат Абдуллаева.      - Айниқса, “Ўзбекистон”, “Ватан”, “Ёшлик”, “Она”, “Устозим” каби шеърлари эртага ундан нимадир умид қилишимизга ишонч беради.

Ҳаёт давом этаверади. Умри давомида ўрнак бўларли ишларни бажара олган инсонлар эса бошқаларни ҳам ҳаракатга, интилишга ундайди. Энг асосийси, улар ҳам бир вақтлар бола бўлишган...

С.АЛЛАЁРОВА

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!