Меню
Қашқадарё
КЕКСАЛАР ҲАМ ЧЕТДА ТУРМАЙДИ
Муносабат
Январ ИНОЯТОВ, "Нуроний" жамғармаси вилоят бўлими раиси:
- Маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга масъул жамоатчилик ташкилотлари ўртасида ҳамкорлик шартномалари ҳар йили тузиб борилса-да, лекин ҳар бир идора ўз қобиғи доирасида иш юритгани сабабли натижа сезилмаган. Жамоат ташкилотларининг бундан кейинги ҳамкорлигида энди ўзига хос тизим пайдо бўлди.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, Хотин-қизлар қўмитаси, "Нуроний" жамғармаси, Маънавият ва маърифат маркази, Ёшлар иттифоқи, "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан халқимизга йўлланган мурожаатнинг ҳар бир бандида кенг қамровли вазифалар ўрин олган. Агар шулардан бирортаси бажарилмаса, қолганини амалга ошириш қийинлиги боис барчамиз бор куч ва имкониятимизни ишга солиб, вазифалар ижросига киришамиз. Мисол учун, мурожаатнинг ҳар бир бандида "Нуроний" жамғармасига тааллуқли жиҳатлар бор. Айниқса, тўй ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш, ёшларни Ватанга муҳаббат, эзгулик руҳида тарбиялаш бўйича нуронийлар гарданига ҳам маълум вазифалар юкланган. Бу борада табаррук ёшдаги инсонлар тажрибаси, йўл-йўриқлари, насиҳатларидан унумли фойдаланилади.
Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш мақсадида "Кўринг, ҳавас қилинг, ибрат олинг!" мавзусида давра суҳбатлари ўтказиш, Қарши шаҳридаги "Ватанпарварлар" боғида уруш қатнашчилари ва урушорти меҳнат фахрийлари иштирокида "Кексаларнинг ибратли ҳаёти" каби тадбирларни ташкил этиш кўзда тутилган ва бу борада амалий ишлар бошлаб юборилган.
МУАММО БИР ЁҚАДАН БОШ ЧИҚАРИБ ҲАЛ ҚИЛИНАДИ
Қурбон САРИҚОВ,
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши раисининг биринчи ўринбосари:
- Мурожаатда таъкидланганидек, кундалик ҳаётимизда учраётган ташвишли, оғриқли нуқталарни, муаммоларни бартараф этиш ва олдини олиш бугун барчамиздан бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилишни, бирлашишни кун тартибига қўймоқда.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, вилоятимизда 2019 йилнинг 9 ойи давомида оилаларда турли ҳуқуқбузарликлар содир этганлиги учун 594 нафар шахс профилактик рўйхатга олинган. Ачинарлиси шуки, ажрашаётган оилалар сони камаймаяпти, жорий йилнинг 9 ойи давомида 1130 эр-хотиннинг никоҳи бекор қилинган.
Шунга кўра, ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда "Маҳаллаларда маънавий-маърифий тадбирларни тизимли ташкил этиш бўйича жамоат ташкилотларининг 2019 йил ноябрь-декабрь ойларига мўлжалланган ҳамкорлик дастури" тайёрланди. Дастур оилаларда меҳр-оқибатни мустаҳкамлаш ва ажримларнинг олдини олиш, хотин-қизлар ўртасида маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш, тўй-маросимлар ўтказилишини тартибга солиш, ёшларни Ватанга муҳаббат, эзгулик руҳида тарбиялаш ҳамда муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар ва қабристонларни ободонлаштириш каби йўналишларни ўз ичига олган.
Ушбу тизим қисқа фурсатда ижобий натижаларини бериши мақсад қилинган. Энди ҳамма гап ҳар бир ташкилот муайян мақсад йўлида ўзаро ҳамкорликни қўллаб-қувватлаб, ўз зиммасидаги вазифани қай даражада уддалашида.
ЁШЛАР МАСАЛАСИ ДОИМИЙ ЭЪТИБОРДА БЎЛИШИ ШАРТ
Дилшод УСМОНОВ,
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши раиси:
- Ёшлар билан, уларнинг орзу-мақсади, муаммоларини ўрганиш билан ҳар қанча кўп шуғулланмайлик, ҳақиқий вазиятни маҳалла-кўй иштирокисиз ҳал қилиб бўлмайди. Чунки ёшларга оид муаммолар, уларнинг биз билмаган камчиликларини, албатта, маҳалладагилар яхши билади. Бундай ҳолатлар барча жамоат ташкилотлари доирасида биргаликда ўрганилса, эътибор қаратилса, янада аниқроғи, ҳар олти ташкилот ўзаро бирлашса, олдимизда турган муаммолар тез ечим топади.
Шу мақсадда "Нуронийлар эъзозимизда", "Ёшлар тарбиясига барчамиз масъулмиз", "Кексалар маърифати" мавзуларида 8 ноябрдан бошланган семинарлар ҳозирга қадар 30 дан ортиқ муассасада ташкил этилди.
Шунингдек, маҳалла фуқаролар йиғинларида кенгашимиз томонидан ўз боласи тарбиясига лоқайд ота-оналарнинг 28 нафари билан якка суҳбатлар ўтказилди, салбий хулқдаги, муросага келмайдиган ота-оналар бор ҳудуддаги қўшнилар билан гаплашиб, бир болага етти қўшни ота-она бўлиши кераклигига доир тушунтириш ишлари ўтказилмоқда.
Тадбирлар шуни тасдиқлаяптики, Президентимиз таъбири билан айтганда, "Ёшлар тарбияси йўлида барчамиз бир бўлиб ишлашимиз шарт!"