Меню
Қашқадарё
КЕЙИНГИ БЕКАТ – БИЛИМ, ҲУНАР ВА ЁРҚИН КЕЛАЖАК
Хусусан, вилоят ёшлар марказида Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, мудофаа, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармалари ҳамкорлигида “Кейинги бекат” лойиҳаси ташкил этилди.
Лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш мақсадида махсус ҳисобдан чиқарилган шахслар ва уларнинг фарзандларини Ватанга садоқат, илм-маърифатга муҳаббат руҳида тарбиялаб бориш бўйича ҳарбий хизматчилар, имом-хатиблар, фаол ёшлар ҳамда юксак марраларга эришган спортчилар иштирокида мобил гуруҳлар тузилди.
Мазкур гуруҳлар зиммасига махсус ҳисобдан чиқарилган шахсларнинг фарзандлари таҳсил олаётган таълим муассасаларида, улар яшайдиган маҳаллаларда мунтазам равишда маданий-маърифий ва кўнгилочар тадбирлар, спорт мусобақаларини юқори савияда ташкил этиш вазифалари юкланган бўлиб, ҳозирги вақтга қадар 78 тадбирда 1500 нафардан зиёд ёшлар қамраб олинди.
Шунингдек, ёшларнинг турли бузғунчи ғояларга қарши мафкуравий иммунитетини шакллантириш, уларни илм олишга қизиқтириш юзасидан таълим муассасаларида “Жаҳолатга қарши маърифат” шиори остида мингдан зиёд учрашувлар ўтказилди.
Ўтказилаётган тадбирлар самарадорлиги ва таъсирчанлигини ошириш мақсадида “Кейинги бекат”, “Ўз болангни ўзинг асра” номли фильмлар намойиши билан бир қаторда “Тинчлик ва фаровонлик – мустақил тараққиёт пойдеворидир”, “Интернет тармоғидаги қармоқлар”, “Миссионерлик ва прозелитизм таъсиридан огоҳ бўлинг” номли буклет ва рисолалар тарқатилди.
Ёшлар марказида ўтган тадбир ҳарбий хизматчиларнинг дунёдаги вазият шиддат билан ўзгариб, хавфсизликка нисбатан таҳдид ва хатарлар тобора кучайиб бораётган ҳозирги шароитда Қуролли Кучларни модернизация қилиш ва уларнинг жанговар тайёргарлигини, ҳар қандай тажовузга қарши тура олиш қобилиятини оширишни таъминлаш алоҳида аҳамият касб этаётгани, бунда билимли, ҳар томонлама юксак тафаккурга эга ҳамда жисмонан баркамол ёшлар муҳим ўрин тутиши борасидаги мулоҳазалари билан давом этди. Қолаверса, юртимизда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари учун яратилган шарт-шароитлар ва имкониятлар, бугун ҳарбий хизмат чин мардлар ишига айлангани таъкидлаб ўтилди. Қолаверса, муқаддас динимизда, муборак ҳадисларда ҳам Ватан осойишталигини сақлашга ҳисса қўшишнинг афзаллиги борасида муҳим фикрлар айтилади.
Шундай экан, ёт, бузғунчи ғояларга чалғимай фақат ўқиш, ёрқин келажакни таъминлайдиган йўлдан қадам босиш даркор. Ёшлик палласидаги ҳар бир бекат – фақат эзгуликка, нурга етакласин.
Тадбирда ёшларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди. Ҳужжатли фильмдан олинган таассуротлар билан ўртоқлашилди. Фаол ёшларга ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари топширилди.
Н.ХЎЖАЕВ
Суратларда: тадбирдан лавҳалар.
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.