Меню

Қашқадарё

16.02.2021 1359

КЕЧИККАН ЖАВОБ ХАТИ ЖАРИМАГА САБАБ БЎЛДИ

Ижро интизоми

Маълумки, "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Қонунга кўра, ариза ёки шикоят масалани мазмунан ҳал этиши шарт бўлган давлат органига, ташкилотга ёки уларнинг мансабдор шахсига келиб тушган кундан эътиборан 15 кун ичида, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади. Ушбу талабларга амал қилмаганлар тегишли тартибда жавобгарликка тортилади.

Жумладан, 2020 йилнинг ноябрь ойида фуқаро К.Э. чорвачилик фаолиятини бошлаш мақсадида Қарши тумани ҳокимлигига 10 гектар ер майдони ажратишларини сўраб мурожаат қилган. Бироқ вақт ўтса-да, мурожаатга ҳеч қандай муносабат бўлмаган. Шундан сўнг фуқаро ушбу ҳолат бўйича туман адлия бўлимига кўмак истаб борган.

Адлиячилар томонидан ҳолат юзасидан ўтказилган ўрганишлар натижасида маълум бўлишича, фуқаро мурожаати чиндан ҳам туман ҳокимлигига келиб тушган, ҳокимиятдагилар эса уни тегишлилигига кўра ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимига ўрганиб чиқиш учун юборишган. Кадастрчилар масалани ўрганиб, 2020 йилнинг 22 декабрь санасида жавоб хати тайёрлашган ва уни биргина почта идорасига элтгунча 3 ҳафта вақт ўтиб кетган.

Туман адлия бўлими мазкур ҳолат бўйича туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими бошлиғи Б.Ш. "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Қонун талаблари бузилишига йўл қўйганлиги юзасидан маъмурий судга ариза киритди.

Суд кадастр идораси бошлиғи Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 43-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида - 446 минг сўм жарима жазоси тайинлади.

Н.ХЎЖАЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!