Меню
Қашқадарё
КАТТА АДАБИЁТДА УМРБОҚИЙ МАВЗУЛАР АКС ЭТИШИ КЕРАК
Қирғиз халқининг буюк фарзанди, адиб Чингиз Айтматов ҳаётлик чоғида бир неча бор юртимизга ташриф буюриб, ўзбек-қирғиз халқлари ўртасидаги дўстона ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга, ўзаро маданий алоқалар ривожланишига муносиб ҳисса қўшган.
Президентимизнинг жорий йил 2 апрелида қабул қилинган "Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида"ги қарори икки қардош халқ ўртасидаги азалий ҳамкорлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан ҳам ғоят аҳамиятли бўлди.
Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтида "Чингиз Айтматов ижодида эзгулик ва инсонпарварлик ғояларининг фалсафий талқини" мавзусида ташкил этилган адабий ва маънавий-маърифий тадбирда шулар ҳақида батафсил суҳбатлашилди. Унда Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими аъзолари, халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгаши депутатлари, институт ўқитувчи ва талабалари иштирок этди.
- Юртбошимиз таъкидлаганидек, буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов нафақат қирғиз эли, айни пайтда, бутун туркий мамлакатлар, жумладан, ўзбек халқи учун ҳам азиз ва қадрли сиймо, - дейди институт проректори Азамат Хайриддинов. - Бугунги тадбирда Чингиз Айтматовнинг ўзбек китобхонлари томонидан севиб мутолаа қилинадиган асарлари, уларда кўтарилган долзарб мавзулар хусусида кенг тўхталдик. Бундан кўзланган мақсад ёшларнинг бадиий адабиётга бўлган қизиқишини ошириш, ёшлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини тарғиб қилиш, ижодкорнинг ўлмас адабий меросидан баҳраманд этишдир.
Таъкидлаш ўринлики, Чингиз Айтматов асарлари ҳаётийлиги, ҳаққонийлиги билан аҳамиятли. Шу асосида уларда серқирра образларнинг яратилиши ижодкор маҳоратини кўрсатиши баробарида, ўқувчини ўзига мафтун этаверади.
Тадбир сўнгида "Ниҳол" талабалар театр-студияси ижодкорлари томонидан адибнинг "Асрга татигулик кун" асари асосида тайёрланган "Манқурт" спектаклидан парча ижро этилди.
Дилфуза ЖУМАЕВА