Меню
Қашқадарё
Кашандалик оқибатлари неча йилда кетиши аниқланди
Жанубий Корея олимлари собиқ кашанданинг юрак-қон томир тизими ҳолати чекмайдиган одам соғлиғи кўрсаткичларига етиши учун тахминан 25 йил керак бўлишини аниқлашди. Тадқиқот натижалари JAMA (The Journal of the American Medical Association) нашрида эълон қилинган.
Изланишлар доирасида тадқиқотчилар 100 минг нафардан ортиқ собиқ кашандалар ва 4 миллион нафар ҳеч қачон чекмаган киши соғлиғи ҳолати ҳақидаги маълумотларни таҳлил қилишган. Собиқ кашандалар бу зарарли одатни ташлаганидан сўнг ўн йил давомида кузатилган. Бунда бошқа омиллар, жумладан, чекишни бошлаш ёши ва бир кунда чекилган сигареталар сони ҳисобга олинган.
Натижалардан кўринишича, кашандалик ва юрак-қон томир касалликлари хавфи ўртасидаги муносабат никотин дозасига боғлиқ - ким камроқ чекса, соғлиғи чекишни ташлаганидан сўнг меъёрий кўрсаткичларга нисбатан тезроқ қайтади. Бироқ никотинга қарамлиги саккиз йилдан ортиқ давом этган собиқ ашаддий кашандалар учун тикланиш жараёнлари 25 йил вақт олиши мумкин.
Олимлар тамаки ва тамаки тутуни таркибидаги кимёвий моддалар юракни қон билан таъминловчи томирларга зарар етказиши мумкинлигини эслатишган. Кейинчалик бу юрак хуружи хавфини оширади.