Меню

Қашқадарё

15.06.2021 2254

КАСБИДАГИ ОБОД ҚИШЛОҚ

Уни масъуллар шундай атайди, бу манзилда яшовчи аҳолининг эса ҳафсаласи пир бўлган

 1960-1980 йилларда Қарши чўлининг ўзлаштирилиши муносабати билан бошқа ҳудудлардан кўплаб аҳоли вакиллари ҳозирги Нишон, Қарши, Касби туманлари ҳудудига кўчириб келтирилган эди. Ўша вақтда уларнинг бу манзилларда яшаши, ишлаши учун зарар шарт-шароитлар яратиб берилгани муқим туриб қолишларига  замин ҳозирлаган, десак муболаға бўлмайди.

 Хусусан, 1976 йилда Яккабоғнинг тоғли Тошқўрғон қишлоғидан бир нечта оила Касби туманининг ҳозирги Ғалаба маҳалласи ҳудудига кўчиб келган. Ишлаган, рўзғор қилган, бора-бора шу ерда яшаб қолган.

 - Ўша пайтда бизни янги қуриб битказилган 2 қаватли "дом"ларга жойлаштиришди, - дейди аҳоли вакилларидан бири Худойқул Авлоқулов. - "Дом" бўлса-да, ҳамма шароит бор, иссиқ сув, совуқ сув, газ, электр энергияси узлуксиз бериларди. Шу боис тоғли ҳудудда ўсиб улғайганимизга қарамай, бу маконга осон кўникдик. Ҳаммамиз турли соҳаларда ишлай бошладик.

 Суҳбатдошимнинг таъкидлашича, йиллар ўтиши билан улар яшаётган икки қаватли уйлар ўта таъмирталаб ҳолатга келиб қолган. Мавжуд коммуникация тармоқлари бирин-кетин ишдан чиқа бошлаган. Аввал табиий газ берилмай қўйган, сўнг канализация тизими ишламай қолган. Иссиқ сув, ҳатто ичимлик суви қувурлари ҳам эскириб, бора-бора батамом йўққа чиққан.

 - Ўз вақтида муаммони ҳал қилиш учун кўп ҳаракат қилдик, лекин натижа бўлгани йўқ, - дейди Худойқул Авлоқулов. - Шундан сўнг одамлар ўзи учун ўзи шароит яратиб олишга мажбур бўлди. Газ бўлмаганидан сўнг ҳамма "дом"нинг атрофидан тандир, ўчоқ қурди, ёнига ўтин ғамлади. Канализация ишламагач, ҳамма тўғри келган жойдан ҳожатхона қурди. Шу тарзда ичимлик суви учун мўлжалланган ҳовузлар ҳам пайдо бўлди.

 Хуллас, ҳудудда маиший муаммолар шу қадар кўпайиб кетадики, аҳоли таъбири билан айтганда, ҳамма қочиб қутила бошлайди. Имкони борлар  бошқа ҳудудлардан уй-жой қуриб, кўчиб кетади. Бунга қурби етмаганлар эса муаммога кўмилиб яшайверади. Токи 2018 йилга қадар...

 Ўша йили Президентимиз ташаббуси билан "Обод қишлоқ" дастури йўлга қўйилиб, Ғалаба маҳалласи ҳам Касби туманидаги обод қилинадиган қишлоқлар рўйхатига биринчилардан бўлиб киритилгани  маҳалла аҳлини бирдек қувонтирди. Ахир дастур доирасида амалга оширилиши ваъда қилинган ишлар, ҳал этилиши белгиланган муаммолар ҳам унча-мунча эмасди-да. Агар шу ишларнинг ҳаммаси бажариладиган бўлса, ғалабаликларнинг яшаш шароити, турмуш фаровонлиги бутунлай ўзгариб кетиши аниқ эди. Аммо...

 - Маҳаллада дастур ижроси бошланган дастлабки кунлариданоқ ишларни фақат кўзбуямачилик учун, номигагина қилишга киришилди, - дейди шу ерлик  аҳоли вакиллари. - Асосий ишни ўзимиз бажардик. "Дом" олдидаги барча қўшимча хўжалик биноларини маҳалла, ҳокимлик вакиллари талаби билан бузиб олдик, атрофни ободонлаштирдик. "Дом"ларимиз тўлиқ таъмирланади, йўлларимиз яхшиланади, сув, газ билан боғлиқ муаммолар барҳам топади, канализация ишлайди, деб ўйлагандик. Буларнинг бирортаси ҳам бўлгани йўқ. Бизда "Обод қишлоқ" дастури бошлангандан сўнг муаммоларимиз кўпайса кўпайдики, асло аримади.

 Ғалаба маҳалла фуқаролар йиғини раиси Қудрат Мавлонов ҳолатга изоҳ берар экан, ўша пайтда ўзи маҳаллада ишламагани боис, "Обод қишлоқ" дастури доирасида қандай ишлар бажарилиши керак бўлганлиги ҳақида кўп маълумотга эга эмаслигини билдирди.

 - Қилинган ишлардан эса хабарим бор, - дейди у. - Мисол учун, мавжуд 14 та "дом"дан 4 тасининг том қисми мукаммал таъмирланиб, шифер қоқилган.  Ушбу "дом"ларда томдан чакка ўтиши билан боғлиқ муаммо йўқ. Қолганларининг эса томи тунука билан ёпилганди, улардаги аҳоли кўп норозилик билдиради. Сабаби шу уйлар томи жуда тез таъмирталаб аҳволга келиб қолди. Аксариятининг томидан чакка ўтади. Бундан  ташқари, мактаб ва боғча таъмирланган, маҳалла ичидаги озгина йўлга шағал тўкилган, ичимлик суви қувури тортиб келинди, тўғри сув хонадонларга чиқиб боргани йўқ, лекин пастдан олиб чиқса бўлади. Хуллас, кўзга кўринарли ишлар шулар. Яна дўкон, дорихона ва бошқа савдо шохобчалари қурилган, лекин уларни тадбиркорларнинг ўзлари барпо этишган. 

 Ўша пайтда Ғалаба маҳалласида амалга оширилган "Обод қишлоқ" дастури доирасидаги ишларнинг бир қисмига масъул ҳисобланган Касби тумани ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Муҳаммад Гулмуродовнинг маълумот беришича, мана шу ишларни амалга оширишнинг ўзи ҳам осон кечгани йўқ.

 - Тўртта икки қаватли уйнинг том қисмини таъмирлаш учун маблағ ажратилганди, - дейди у. - Ўша уйлар ҳақиқатан ҳам жуда чиройли таъмирланди. Лекин қолганларига маблағ берилгани йўқ, ҳаммаси ҳомийлик асосида амалга оширилган. Ўзи бир амаллаб ҳомий топган, уни шу ишга кўндирган бўлсак, яна қандай қилиб ишнинг сифатини талаб қиламиз. Тўғри, режада "дом"лар орасида йўлаклар қуриш, кўча чироқлари ўрнатиш каби ишлар ҳам бор эди. Лекин ҳаммаси маблағга бориб тақалади, маблағ бўлмагач, қийинда.

 Шу ўринда савол туғилади. Маблағ бўлмаса, бекорга чираниш, ҳар йили иккита, учталаб қишлоқ ва маҳаллани "Обод қишлоқ" дастурига киритиб, бекорга у ердаги аҳолининг тинчини қочириш, бор шароитини ҳам йўқ қилиш шартми? 

 Яна Ғалаба маҳалласи мисолида олайлик.

 Маҳалла аҳли ноқонуний, санитария-гигиена талабларига зид бўлса-да, "дом" пастидан ўзлари учун зарур бўлган ёрдамчи хўжалик биноларини қуриб олишган эди. Ҳудуд чиройига мутлақо мос бўлмаган бу биноларнинг бузиб ташлангани яхши, лекин одамларга шунинг ўрнини босадиган шароит яратиб бериш ҳам керак эди-да.

 Тасаввур қилинг, "дом"нинг канализация тизими ишламайди. Шу боис аҳоли мажбурликдан кўчадаги бўш жойларга ҳожатхона қуриб олган эди. Улар бузиб ташланди ва ўрнига аёллар ва эркакларга алоҳида ажратилган битта ҳожатхона қуриб берилди. Ушбу ҳожатхонадан юзга яқин хўжалик фойдаланишини инобатга олсак, аҳволни кўз олдига келтириш қийин эмас.

 Ҳудудга ичимлик суви қувури тортиб келинган, лекин баъзан кунлаб, ҳафталаб сув келмайди. Газ тармоғидан узиб қўйилган "дом"да аҳолининг хавфсизлик талабларига мутлақо зид равишда суюлтирилган газ баллонларидан фойдаланаётганига нима дейсиз?! Бундай муаммоларни санаб адоғига етиш қийин.

 Энг қизиғи, ана шундай ҳолатда туман масъуллари Ғалабани "Обод қишлоқ" дастури доирасида гўёки аллақачон обод ва фаровон манзилга айлантирилган ҳудудлар сирасига киритиб, ҳозир бошқа қишлоқларни обод қилишга киришиб кетишган.

 Хўш, Ғалаба маҳалласи энди шундай аҳволда қолиб кетаверадими? Нега унда яшовчи аҳоли аввалига умидвор қилиниб, энди ҳафсаласи пир бўлиб ўтириши керак? Қачонгача қолган ишга қор ёғдириб юрамиз. Ахир, маҳаллада дастур доирасида бажарилиши белгиланган ишлар фақат масъуллар наздида тугаган, аҳоли баҳосига кўра эса деярли ҳеч нарса. Бинобарин, турмушию яшаш манзилидаги ободликни аввало улар ҳис қилиши керак эди-да.

 Ж.БОЙМУРОДОВ

 

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!