Меню
Қашқадарё
Касби тумани: ЯРАТИШ, ЯНГИЛАНИШ ИШТИЁҚИ БИЛАН ЎТАЁТГАН КУНЛАР ШУКУҲИ
Бу – кечаги кун манзараси, бундан чорак аср аввал қулоққа чалинадиган гап эди. Ўша пайтларда туман бор-йўғи “Ульянов номидаги район” эди, холос. Қадимдан ҳунармандчилик гуллаб-яшнаган, не-не азиз-авлиёлар яшаб ўтган табаррук замин эмас, шунчаки, собиқ шўро тузумининг зўрма-зўраки ёпиштирган номию “эскилик сарқити” деган нишон остида кўҳна қадриятлари яшириб келинаётган, халқ турмуши ҳаминқадар, одамлари кун ўтарига яшаётган ҳудуд эди.
Бугун-чи? Бугун одамларининг дилини сурурга тўлдириб, тилларга ярашадиган Касби деган асл номи ўзига қайтган, кўҳна қадриятлар, ҳунарлар қайта юз очган, қай гўшасига боқманг, ободлик ҳукм сурган, фаровон туманга айланган бу маскан вилоятимизнинг олди туманларидан. Истиқлол насимлари касбиликлар ҳаётига олиб кирган оламшумул ўзгаришлар бугун ҳар қадамда “манаман” деб кўзга ташланади, одамлар турмушида, эришилаётган марраларда ўзини намоён қилади.
АЖДОДЛАРГА ҲУРМАТ – ОЛИЙ ҚАДРИЯТ
Азалдан Касби дейилса, дарров Султон Мирҳайдар номи билан аталадиган зиёратгоҳ ёдга олинади. Яссавия тариқатининг машҳур вакилларидан бири, йирик мутасаввиф, халқ орасида авлиё даражасида улуғланган бу инсон хоки ётган мақбара нафақат воҳамиз ва республикамизда, балки бутун Марказий Осиёда ўзига хос мавқега эга қадамжолардан ҳисобланган. Амир Темур даврида ободон гўшага айлантирилган, асрлар оша эъзозланиб келинган, аммо собиқ шўролар тузуми даврида деярли унутилган бу гўша истиқлол йилларида буткул янги қиёфа касб этаяпти.
- Илгари бу ер пастаккина, усти тунука билан қопланган кўримсиз аҳволдаги бино эди, - дейди айни кунларда зиёратгоҳ ҳудудида капитал таъмирлаш ишларини олиб бораётган “Оққамиш жилоси” МЧЖ иш юритувчиси Турсун Тўраев. - Давлатимиз томонидан муқаддас қадамжоларни обод қилишга қаратилган эътибор туфайли мустақилликдан кейин Султон Мирҳайдар зиёратгоҳи ҳам қайта чирой очди. 2009 йилда мақбара қайта қурилди, янгича кўриниш касб этди. Ўтган йилдан бери эса мақбара ҳудудида қўшимча қурилиш-таъмирлаш ишларини бошладик.
Зиёратгоҳдаги бунёдкорлик ишлари учун 500 миллион сўм миқдорида давлат ва ҳомийлик маблағлари йўналтирилган. Бу ерда қишки масжид ва хонақоҳ биноси қайта таъмирланаяпти. Миллий услубда 12х4 метр ҳажмдаги янги айвон қуриб битказилди. Ҳозирда сўнгги пардозлаш ишлари олиб борилмоқда. Зиёратгоҳнинг ҳовли девори ҳам қурилиши кўзда тутилган.
- Насиб этса, олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ишлари натижасида зиёратгоҳ майдони кенгайтирилади, - дейди Турсун Тўраев. - Ҳозирда 1 гектар жойни эгаллаган қадамжо 3 гектарга кенгайиб, йирик мажмуага айланади. Ҳовлида фавворалар қурилиши мўлжалланган. Бу ишларни мустақиллигимизнинг 25 йиллик тантаналарига қадар якунлашни режалаштирганмиз.
Айни кунларда туман марказидан мажмуага олиб борадиган 2 километрлик йўлда ҳам таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда: икки томонлама ҳаракатни таъминлайдиган бордюр тортилиб, асфальт ётқизилаяпти. Демак, туман аҳолиси ва меҳмонларининг севимли гўшасига айланган мазкур мажмуа яқин кунларда янгича қиёфа касб этиб, янада муҳташам маскан кўринишини олади.
ОБОД ГЎШАДА ЯШАШ СУРУРИ
Дарвоқе, туманда кейинги пайтларда қурилиш-ободонлаштириш ишларига катта аҳамият қаратилаяпти. Ички автомобиль йўллари, замонавий уй-жойлар, маданият ва дам олиш масканлари кишига ҳаётдан мамнунлик ҳиссини улашади.
Хусусан, жорий йилда туманнинг 4 та - Оқжангал, Тинчлик, Талишбе, Фазли массивларида 57 та намунавий лойиҳа асосидаги уй-жой қурилаётганини алоҳида қайд этиш ўринли. Бунга қадар эса ҳудудда ана шундай 393 та турар жой бунёд этилиб, уларда оилалар фаровон ҳаёт кечирмоқда. Айниқса, бундай уйларда яшаётган аҳоли учун барча керакли шароитлар муҳайё этилгани, зарур инфратузилма шакллантирилгани одамларнинг яшаш тарзи ўзгарганининг яққол ифодаси бўлиб, уларнинг ўз ҳаётидан мамнунлигини таъминловчи муҳим омилга айланаётир.
- Бевосита Юртбошимизнинг ташаббуси билан қурилган бундай уй-жойларда яшашни бугун ҳамма орзу қилади, - дейди касбилик Муҳаббат Абдураҳмонова. – Биз ҳам икки йилдан бери оиламиз билан шундай шинам, ҳамма шароити етарли, энг муҳими, шаҳардагидан кам бўлмаган уйда яшаяпмиз. Шу ерда тўй қилиб, қиз узатдик. Ҳамма шароитлар етарли, болалар учун алоҳида хонаси бор, ҳар бир аёл орзу қиладиган шинам ошхона хизматингизда. Илгари пахсадан қурилган уйда яшаган одамларга вақти келиб, замонавий лойиҳа асосида пишиқ ғиштдан қурилган, қатор имтиёзлар эвазига бериладиган уй-жойларда яшаш имконияти туғилади, деса, ишонмасди. Мустақилликнинг шарофати, қудратини мана шунда ҳам кўриш мумкин.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 8 сентябрдаги “Мамлакатнинг ижтимоий ҳаётида фаол қатнашаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан жорий йилда Муғлон шаҳарчаси ҳудудида 32 хонадонга мўлжалланган, 4 қаватли “Камолот” уйи қурилиб, ёш оилаларга топширилди. Тумандаги илғор, жамият ҳаётида фаол иштирок этиб келаётган ёшлар ўзлари учун яратилган бу имкониятдан мамнун эканликларини изҳор этишади.
- Бу биз учун катта совға бўлди, - дейди шундай уйлардан бирининг соҳиби, тумандаги 1-ўрта умумтаълим мактаби директор ўринбосари Азизжон Камолов. – Оиламиз билан ҳар жиҳатдан қулай шароитларга эга уйда яшаётганимиздан хурсандмиз. Энди янада кўпроқ куч-ғайрат билан ишлашга, юрт равнақига ҳисса қўшишга ҳаракат қиламиз. Чунки бизнинг Ватанимиз ҳар қандай фидойиликка муносиб юртдир.
ХЎЖАХАЙРОН ЁРЛИҒИ ОСТИДА
Касбининг Хўжаҳайронига борсангиз, дарров “Юрт ризқи” наслчилик МЧЖ фаолияти ҳақида сўз очишади. Қишлоқдаги кўплаб ёшларни иш билан таъминлаган, наслли қорамол етиштириш билан шуғулланиб келаётган мазкур жамият хўжаҳайронликларнинггина эмас, бутун Касбининг ифтихорига айланган. Фермасида узунпойча герман зотли сигирлару бўйи томдай келадиган ҳўкизлар парваришланаётган жамиятга қарашли 240 гектарлик ерда чорва озуқаси етиштиришдан ташқари, пахтачилик, ғаллачилик учун ҳам, биогумус тайёрлаш ва иссиқхона фаолияти учун ҳам жой ажратилган. Бундан ташқари, жамият жамоаси асаларичилик билан ҳам шуғулланади.
- Тармоқларда 50 нафар ишчи ишлайди, - дейди жамият иш юритувчиси Абдураҳмон Худойбердиев. - Натижаларимиз ёмон эмас. Бу йил 51 гектар ерда ғалла етиштириб, давлатга дон сотиш шартнома режасини 120 фоизга бажаришга эришдик. 26 гектар майдонда ғўза парваришланаяпти. Қолган майдонларда чорва учун озуқа бўладиган экинлар экилади. 30 сотихлик иссиқхонада помидору бодрингдан тортиб, лимон, апельсин ва мандарин ҳам етиштираяпмиз. Ҳосил ишчи-ходимларга тарқатилади, бозорга чиқарилади. Хуллас, ишлар кўнгилдагидек, буларнинг бари истиқлол шарофати туфайли.
2006 йилда жамият қошида яна бир тармоқ – ишлаб чиқариш цехи фаолияти йўлга қўйилганди. Бу эса чорвачилик тармоғида ишлаб чиқарилаётган сутдан шу ернинг ўзида қатиқ, қаймоқ, творог, пишлоқ, бринза, пишлоқ қаламчалари, йогурт каби маҳсулотлар тайёрлаш имконини берди. Бугун ушбу маҳсулотлар вилоят маркази ва тумандаги боғча-мактабларга шартнома асосида етказиб берилмоқда.
Энг муҳими, бугун ҳудудда ана шундай кўп тармоқли фаолиятга эга юзлаб фермер хўжаликлари, юртимизда яратилган кенг имкониятлар самараси сифатида юзага чиқаётган тадбиркорлик, кичик бизнес субъектларида янги иш ўринлари яратиш, ишлаб чиқариш ва хизматларнинг энг замонавийларини йўлга қўйиш борасида катта ишлар қилинмоқда.
ЭЛ САЛОМАТЛИГИ ЙЎЛИДА
Бир пайтлар даволаниш учун туман марказидаги биттаю битта шифохонага ёки вилоят марказига боришга мажбур бўлган касбиликлар бугунга келиб, ўз қишлоқларида қурилган, барча шароитлари етарли бўлган қишлоқ врачлик пунктларида ўз саломатликларини назоратдан ўтказиш, керакли тиббий маслаҳатларни олиш имконига эга.
- Илгари бундай шароитлар қаерда эди? – дейди туманнинг Қозоқ қишлоғида яшовчи Ойимгул Йўлдошева. – Эсимдан чиқмайди, бундан 30 йиллар олдин ўғлимнинг тоби қочиб қолганида, узоқ йўл босиб, неча марта машина алмаштириб (бунинг учун йўлларда соатлаб йўловчи машина ё автобус ўтишини кутиб), туман марказига борганмиз. У ерда бизга зарур мутахассис врач бўлмагани сабабли Қаршига кетгандик. Бугун эса, минг шукурки, ҳар бир ҳудудда врачлик пунктлари ишлаб турибди. Қўли енгил ҳамширалар доимо хизматга шай, ўзлари уйингизга келиб, ҳолингиздан хабар олиб кетишади.
Бугун тумандаги Месит қишлоғида ҳам замонавий қишлоқ врачлик пунктида қишлоқ аҳлига сифатли тиббий хизмат кўрсатиб келинаяпти. Истиқлол меваси сифатида 2001 йилда ташкил этилган ва бугунги кунда 12 нафар тиббиёт ходими фаолият кўрсатаётган ушбу муассаса 50 қатновга мўлжалланган бўлиб, 5 минг нафарга яқин аҳолига хизмат кўрсатади.
- 4 нафар патронаж ҳамширамиз бўлиб, улар хонадонма-хонадон юриб, кексалар, ёш болали оналар ҳамда ҳомиладор аёлларнинг ҳолидан доимий равишда хабардор бўлишаяпти, - дейди пункт бош врачи Зафар Саломов. - Шу кунларда туғиш ёшидаги хотин-қизларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказаяпмиз.
Туманда худди шу каби 26 та қишлоқ врачлик пункти фаолият кўрсатаяпти. Туман марказий шифохонаси, кўп тармоқли марказий поликлиника ва туман саломатлик марказида аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатилаяпти.
- Жорий йилда туманимиздаги Наврўз қишлоғида жойлашган “Наврўз” ҚВПда жорий таъмирлаш ишлари олиб борилди, - дейди туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Аббос Ҳасанов. – Марказий шифохона таркибидаги туғруқ комплексида олиб борилган бунёдкорлик ишларига эса 2 миллиард 200 миллион сўм маблағ сарфланди. Бунинг натижаси ўлароқ аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати янада яхшиланмоқда.
Дарҳақиқат, бу каби хайрли тадбирлар Соғлом она ва бола йили давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг изчил амалга оширилишида муҳим аҳамият касб этиб, соғлом авлодни тарбиялаш, эл соғлиғини мустаҳкамлашда қўл келаётир. Тумандаги қатор коллеж, мактабларда олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ишлари ҳам баркамол авлодни вояга етказиш йўлидаги мақсадларимизга ҳамоҳанглик касб этган.
ПАРВОЗГА ШАЙ ҚАНОТЛАР
Юртбошимиз кўп бора таъкидлаганидек, ёшлар – эртанги кун ишончи, келажак эгалари. Истиқлол йилларида ёшлар масаласига давлат сиёсати даражасида аҳамият қаратилгани самараларини ҳар соҳада бошқа тенгдошларидан қолишмайдиган Касби фарзандларининг ютуқлари, орзу-интилишлари мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Бугун бу истиқлол ёшлари ўзлари учун яратилган шароитлардан унумли фойдаланиб, катта-катта мақсадлар билан яшаяпти, шунга яраша улкан муваффақиятларга эришаяпти.
Тумандаги 14-болалар мусиқа ва санъат мактабининг тасвирий санъат бўлимида таҳсил олаётган Моҳичеҳра Яҳёева ана шундай иқтидорли ёшлардан. Ўтган 2015 йил ёш мусаввир учун ниҳоятда омадли келди. Россия Федерациясининг Сочи шаҳрида ўтказилган “Истеъдодлар қутлови” IX халқаро болалар ва ўсмирлар танловида у ўз ишлари билан қатнашиб, фахрли биринчи ўринни эгаллади.
- Тасвирий санъатга ёшлигимдан жуда қизиққанман, - дейди Моҳичеҳра. – Расмларимда она юртим жамолини, одамларимизнинг турмуш тарзини миллий бўёқларда акс эттиришга ҳаракат қиламан. Айни шу жиҳат танлов ташкилотчиларининг ҳам эътиборини тортди.
Моҳичеҳра жорий йилнинг май ойида “Баркамол авлод” марказлари аъзолари ўртасида ўтказилган фестивалнинг туман ва вилоят босқичларида биринчи ўринни, республика босқичида эса иккинчи ўринни эгаллади. Ёш рассом бу ютуқларини ўзининг Ватани олдидаги кичик бир хизмати деб билади. Келажакдаги орзу-ўйлари ҳам санъат билан чамбарчас боғланган бу қиз тасвирий санъат йўналишидаги иқтидорини янада сайқал топтириш, юксак марраларга эришишни мақсад қилган.
ЯХШИ ДАМ – МЕҲНАТГА ҲАМДАМ
Бугун жойларда замонавий маданият ва аҳоли дам олиш марказлари ташкил этилаётгани кексаю ёш юртдошларимиз учун айни муддао бўлмоқда. Қатағон қишлоғидаги “Гулшан” маданият саройи капитал таъмирланиб, замонавий типдаги маданият ва аҳоли дам олиш марказига айлантирилгани ҳам ҳудуд аҳолиси учун қувончли воқеа бўлди.
Ўтган йили капитал таъмирланган туман марказидаги Алишер Навоий номли истироҳат боғи эса бугун энг гавжум гўшалардан бири. Боғ ҳудудида 22 та савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари қурилиб, уларда фаолият йўлга қўйилиши натижасида 35 та янги иш ўрни яратилди.
- Туманимиз марказидаги бу истироҳат боғига фарзандларимиз билан тез-тез келиб турамиз, - дейди Касби қишлоқ хўжалиги коллежи ўқитувчиси Гулноз Шодиева. – Бу ердаги аттракционлар болаларга жуда ёқади. Бундан ташқари, боғдаги майдончаларда ўрнатилган турли эртак қаҳрамонлари ва жониворлар ҳайкалчалари ҳам уларнинг қувончига қувонч қўшади.
Боғда яқинда мусиқий фаввора ишга туширилди. Унинг салқинида суҳбат қуриш, сунъий мўъжаз кўлда катамаранларда сайр қилиш кишиларга катта завқ бағишлаши табиий. Буларнинг бари туман аҳолисининг турмуш маданиятини юксалтириш, уларнинг кўнгилли ҳордиқ чиқаришларини таъминлаш мақсадида амалга оширилган бўлиб, шубҳасиз, юрт равнақи учун хазмат қилади.
Хуллас, туманда бўлган киши бугун ана шу каби истиқлол йўл очган имкониятлар самараларига гувоҳ бўлади. Мустақилликнинг 25 йиллиги арафасида эса юрт, эл фаровонлиги йўлида ҳудудда амалга оширилаётган хайрли ишлар янада кенг қулоч ёйган.
- Жумладан, Касби деҳқон (озиқ-овқат) бозори қайта реконструкция қилинмоқда, - дейди туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Фахриддин Дўстмуродов. - Мавжуд савдо дўконлари капитал таъмирланиб, 2 та 9х35 метр ҳажмдаги савдо комплекси янгидан қурилмоқда. Вилоят ҳокимининг тегишли қарорига асосан туманимиз марказидаги 25 та кўчада лойиҳалаштириш, реконструкция, қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Дарҳақиқат, бугун Касби том маънода янгиланиб, тобора обод қиёфа касб этиб бораяпти. Айниқса, яратиш-бунёдкорлик иштиёқида яшаётган касбиликлар юрагида жўш урган орзу-истаклар эртанги ёруғ, порлоқ кунларга ишонч ҳиссини мустаҳкамлаб, янгидан-янги ютуқ-муваффақиятларга йўл очаётир.
Хуршида АБДУЛЛАЕВА
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.