Меню

Қашқадарё

14.12.2017 1978

КАСАЛЛИКНИ ҚУВОЛМАГАН ТАБОБАТДАН ҲЕЧ ҚАНДАЙ НАФ ЙЎҚ

Ҳаётни ўрганиш, фалсафани англашнинг вақти ҳали етиб келмади ёки ўтиб кетди, дейиш бахтиёрликни бой бериш ё уни кечиктириш билан баробар.

* * *

Кишини ҳеч қандай изтиробдан халос қилмайдиган файласуфнинг сўзлари қуруқдир. Вужуддан касалликни қуволмаган табобатдан ҳеч қандай наф йўқ бўлганидек, қалбдан ғуборни қуволмаган фалсафадан ҳам ҳеч қандай фойда йўқ.

* * *

Ақлли, ахлоқли ва адолатли бўлмай туриб, кўнгилдагидек яшаш мумкин эмас. Ва аксинча, кўнгилдагидек яшамай туриб, ақлли, ахлоқли ва адолатли ҳаёт кечириб бўлмайди.

* * *

Донолик ёшу қарига бирдек ярашади. Донишмандликни излашда ёшнинг аҳамияти йўқ.

* * *

Барча истаклар олдига шундай саволни кўндаланг қўймоқ керак: хўш, истагим амалга ошгач, мен нимага эришаман? Истагимга эришолмасам-чи?

* * *

Ўлимнинг биз учун хатарли жойи йўқ. Буни тушунишга одатлан. Ўлим биз ўйлаганчалик қўрқинчли эмас. Ундан устун келишнинг ягона йўли – мангу ҳаётга кетишдан олдин умрбоқийликни қўлга киритишдир.

* * *

Донишманд одам ҳаётини қадрлайди ва унинг поёнига етишидан у қадар ҳам изтиробга тушмайди. Одамлар мўл-кўл овқатдан кўра, оз бўлса ҳам мазали таомни афзал кўрганлари каби, донишманд одам ҳам узоқ эмас, маъноли ҳамда хушвақт умр кечиришни маъқул кўради.

* * *

… кучли хоҳиш кўп ҳолларда чексиз нафратга сабаб бўлади. Қаноат эса хотиржамлик ва бахтиёрликнинг калитидир. Хоҳишларимизнинг баъзилари табиий, баъзилари эса асоссиз. Табиий хоҳишларимизнинг ҳам маълум қисмигина зарур. Қолганларига эҳтиёж йўқ. Бунинг фаҳмига етиб, уларни ажрата оладиган киши улардан танасини соғлом тутиш ва тафаккурини бойитишда фойдаланади.

* * *

Ҳузур-ҳаловат – бу танадан оғриқни даф қилиш ва кўнгил безовталигидан халос бўлишдир. У шоҳона таомлар тортилган тўкин дастурхон эмаслигини ёдимиздан чиқармайлик.

* * *

Инсонлар ё ҳасад, ё кўролмаслик, ёки нафрат туфайли бир-бирининг дилини оғритадилар. Доно киши эса ақл-идрок ила буларнинг барчасидан устун туради. Доноликка эришган одам ҳатто атайин уринса ҳам бунинг аксини қилолмайди.

ЖАҲОНГИР тўплади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!