Меню

Қашқадарё

07.01.2022 1739

Касалликлар рўйхатига руҳий бузилишнинг янги тури киритилди

Компьютер ўйинларига қарамлик расман касаллик дея тан олинди ва Касалликлар ва улар билан боғлиқ муаммоларнинг халқаро статистик таснифи ўн биринчи янгиланишига киритилди.

Ҳужжат 2018 йилнинг июнь ойида нашр қилинган. У касалликларнинг мавжуд таснифини қайта кўриб чиқиш, шунингдек, илғор тиббий стандартларни жорий қилиш ва янги касалликларни тасдиқлашни назарда тутади. Унинг янги талқини Жаҳон соғлиқни сақлаш бош Ассамблеясининг 2019 йилда Женева шаҳрида бўлиб ўтган сессияси иши жараёнида иштирокчи давлатлар томонидан расман тан олинган. Янги ҳужжат жорий йилнинг 1 январидан кучга кирди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти экспертларининг таъкидлашича, руҳий бузилишнинг янги тури сифатида тан олинган касаллик - компьютер ва видеоўйинларга ҳаддан ташқари кучли қарамлик ташхисини қўйишни фақатгина тажрибали врач уддалай олади. Бунинг учун руҳиятдаги ўзгаришларни, қарамликнинг инсон ҳаётига акс таъсири ва бошқа белгиларни бутун йил давомида кузатиш керак бўлади.

Компьютер ўйинлари саноати вакиллари бундай ҳолатни касалликлар рўйхатига киритилишига қарши чиққан. АҚШ, Канада, Европа мамлакатлари, Бразилия ҳамда Жанубий Африка кўнгилочар ўйинлар дастурий таъминоти ишлаб чиқарувчилари ассоциация ва федерациялари ҳамкорликда қилган баёнотида бундай қадам учун объектив илмий асослар етарли эмаслигини қайд этган. Шу билан бирга, улар фикрига кўра, ўйинлар "билимни ошириш ва даволаш" функцияларига эга.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!