Меню

Қашқадарё

23.03.2017 3130

КАСАЛЛИК НАСЛ СУРАДИМИ?

- Қадимда сил наслдан-наслга ўтувчи ирсий касаллик деб ҳисобланган, - дейди у. – Ўша вақтда касаллик одамдан одамга ҳаво-томчи йўли орқали юқишини ҳеч ким билмаган. Шарқнинг машҳур алломаси, табобат илми султони Абу Али ибн Сино ўзининг “Тиб қонунлари” асарида силнинг ташқи омиллар таъсирида юқиши мумкинлиги ҳақида фикр билдирган. Немис олими Роберт Кох 1882 йилнинг 24 март куни бу жумбоққа нуқта қўйиб, сил касаллиги қўзғатувчи микробни аниқлади Бу қўзғатувчи унинг шарафига кох таёқчаси деб аталди. Дарҳақиқат, асосан ўпка фаолиятини издан чиқарувчи кох бактерияси (сил микобактерияси) сил касаллиги қўзғатувчиси саналади. Микроблар бемор йўталганда, аксирганда, баланд овозда сўзлаганда атрофга тарқалади. Кўзга кўринмас мазкур зарраларда минглаб сил таёқчалари бўлади. Улар ҳавода бир неча соатгача сақланиши мумкин. Ўпка сили билан касалланган бемор хонада узоқ вақт қолса, ҳавода бактериялар кўпайиб, бошқа кишиларнинг нафас йўлларига ўтади. Бу эса силни юқтиришнинг асосий сабаби бўлиб, ҳаво-томчи усули деб юритилади.  Сил бактериялари мавжуд ҳаводан нафас олган кишининг иммунитети паст бўлса, хас­таликни юқтиради. Ўпка силида хасталикнинг асосий белгиси йўтал бўлиб, у узоқ вақт давом этади (2-3 ҳафтадан ортиқроқ) ҳамда бунда балғам ажралиши, айрим ҳолларда эса қон тупуриш, кўкрак қафасида оғриқ, тез-тез нафас олиш кузатилиши мумкин. Шунингдек, ҳайвонлар ва қушлар ҳам бу хасталикка чалинади. Санитария ва эпидемиология назоратидан ўтказилмаган гўшт, сут ва парранда маҳсулотлари, шунингдек, кўча-кўйда сотиладиган номаълум шароитда тайёрланган таомларни истеъмол қилиш ҳам мазкур хасталик хавфини оширади.

Агар одамда сил касаллиги ривожланиб борса, унинг дастлабки босқичида йўтал, иситма, терлаш, вазн йўқолиши каби асоратлар бир неча ой давомида “мудроқ” ҳолатда бўлади. Бу эса шифокорга мурожаатнинг ортга сурилишига ва касалликнинг бошқа одамларга юқишига олиб келади. Ўпка сили билан хасталанган беморнинг оила аъзолари ва у билан яқин мулоқотда бўладиган одамларда бактерияни юқтириб олиш хавфи юқори бўлади.

Силга кўпинча ночор ҳаёт кечирадиганлар касаллиги деб қаралади. Бироқ бугунги кунда ҳатто фаровон ҳаёт кечираётган одамлар ҳам унга чалиниши мумкин. Бунга касаллик авж олган минтақаларга аҳоли миграциясининг кучаяётгани сабаб бўлмоқда. Қолаверса, кучли руҳий зўриқиш ҳам катта таъсир кўрсатмоқда. Организми ҳолсиз бўлиб қолган одамлар сил бактериялари таъсирига тез тушиб қолади. Таниқли олим Николай Гамалей ўз вақтида сил таёқчасига бежиз “даҳшатли зирҳланган” деб таъриф бермаган эди.

Хонадондаги артилмаган полда сил бактериялари 10-12 ой фаол ҳолатда “яшайди”. Сил билан касалланган бемор қўлга олган китоб 3-4 ойгача бактерияни ўзида сақлайди. Таёқчалар паст ҳаво ҳароратига чидамли: улар 23 даража совуқда олти йилгача йўқолмайди. Шунга қарамай, қуёш нури уларни 3-4 соатда “ўлдиради”.

Касалликнинг олдини олишда шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиш, ўз вақтида шифокор кўригидан ўтиб туриш муҳим. Бугун бу борада бир нечта усуллар мавжуд. Улардан бири - эмлаш. Бунда эмлаш орқали организмда сил инфекцияси бор-йўқлигини аниқлаш мумкин. Эмлашдан сўнг терида юзага келадиган ўзгаришлар орқали сил қўзғатувчиси мавжудлиги борасида бир тўхтамга келинади. Шунингдек, туғруқхоналарда болалар силга қарши махсус вакцина билан эмланади. Бола эмланганидан сўнг унда касалликка қарши иммунитет ҳосил бўлади. Бироқ бу касалликдан тўлиқ ҳимояланиш имконини бермайди. Агар бола сил касаллигига чалинган одам билан тез-тез бирга бўлса, уни юқтириб олиши мумкин. Бироқ эмлаш касалликнинг энг ёмон шакли — сил менингити ривожланишининг олдини олади. Шунга қарамай, ушбу вакцина касалликдан бутун умрга ҳимояланиш имконини бермайди. Шу боис бола 7-8, ҳатто 14 ёшга тўлганида ҳам эмланади.

Шунингдек, сил касаллигига чалинган беморлар ДОТС дастурига мувофиқ, икки босқичда даволанади: бошланғич (жадал) ва қўллаб-қувватловчи даврлар. Биринчи даврда силга қарши курашиш диспансерларида даволаш ишлари олиб борилади. Иккинчи босқичда эса оилавий поликлиникада муолажа давом эттирилади. Бунинг афзаллиги шундаки, бемор бевосита тиббий ходим назорати остида дориларни қабул қилади ва доимий равишда умумий амалиёт шифокорининг назоратида бўлади. Мазкур хасталикка чалинган беморларнинг оила аъзолари саломатлиги ҳам мунтазам текширувдан ўтказилади.

Шуни ишонч билан айтиш мумкинки, шифокорга ўз вақтида қилинган мурожаат мазкур хасталикни бартараф этиш гаровидир.

Шоҳиста БОЗОРОВА ёзиб олди.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!