Меню

Қашқадарё

10.11.2022 8301

Касаба уюшмалари - Янги Ўзбекистонни бунёд этиш жараёнининг фаол иштирокчиси

Президент 2020 йил 23 ноябрда "Ўзбекистон касаба уюшмалари кунини белгилаш тўғрисида"ги Қонунни  имзолаган эди.  Унга кўра, 11 ноябрь Ўзбекистон касаба уюшмалари куни деб белгиланди. Бундан кўзланган асосий мақсад, касаба уюшмалари ташкилотларини маънавий қўллаб-қувватлаш, уларнинг янада самарали фаолият юритишини таъминлаш, ташкилот фидойи ходимларини рағбатлантиришдир.

Қарши шаҳридаги "Офарин" ресторанида "Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!" шиори остида ташкил этилган тадбир ҳам ана шу санага бағишланди. Унда меҳнат фахрийлари, вилоят секторлари, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари, касаба уюшмалари фаоллари, ҳамкор ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот  воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда вилоят ҳокими Муротжон Азимов, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қашқадарё вилояти кенгаши раиси Бахтиёр Жўраев ва бошқалар барчани байрам билан табриклаб, сўнгги йилларда жамият ҳаётида касаба уюшмаларининг ўрни ва роли ортиб бораётганлиги, Янги Ўзбекистонни барпо этишда ташаббускорлик намуналари кўрсатаётганини қайд этишди. 

Таъкидланишича, сўнгги йилларда касаба уюшмалари томонидан ишчи-ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, улар учун муносиб меҳнат ва дам олиш шароитлари яратиш, кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар ва уларнинг фарзандларини, кексаларни, ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

 Айни пайтда вилоятда 2936 та бошланғич  касаба уюшма ташкилотлари ўз сафида 510 мингга яқин аъзони бирлаштириб, уларнинг меҳнатга оид ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга яқиндан кўмаклашмоқда.  Шунингдек, 2022 йилда 846 та нодавлат секторидаги ташкилотларда меҳнат қилаётган  9513 нафар ишчи-ходим касаба уюшма аъзолигига қабул қилинди.

Воҳада ишчи-ходимларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий манфаатларини таъминлаш, уларга муносиб меҳнат шароитлари яратиш, болаларни ёзги оромгоҳларда соғломлаштириш каби йўналишларда ҳам кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. 

Тадбирда жойларда "Аёллар дафтари" тизими самарадорлигини таъминлаш ҳамда аёлларнинг муаммоларини ҳал этишда ўзининг фидокорона меҳнати билан барчага намуна кўрсатган масъулларни муносиб рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан эълон қилинган "Энг яхши сектор раҳбари", "Энг яхши маҳалла фуқаролар йиғини раиси", "Энг яхши аёл иш берувчи", "Энг яхши ҳоким ёрдамчиси", "Энг яхши ёшлар етакчиси", "Энг яхши хотин-қизлар фаоли" сингари танловлар ғолибларига диплом ва пул мукофотлари топширилди. Бир гуруҳ соҳа ходимлари ва фаол ишчи-хизматчилар вилоят ҳокимининг совғалари билан тақдирланди. 

- Вилоятимиздаги 16 та шаҳар ва туман секторлари орасидан, қолаверса, республика миқёсида ҳам бизнинг 4-сектор фаолияти муносиб баҳоланиб, "Спарк" автомобили билан тақдирланганимиз учун кўрик-танлов ташкилотчиларига миннатдорлик билдираман, - дейди Шаҳрисабз шаҳар давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Хумоюн Эшболтаев. - Бу нафақат менинг жамоам, балки сектор учун масъул бўлган барча ҳамкор ташкилотларнинг ҳам ютуғи деб ҳисоблайман.

Шунингдек, тадбирда 2022 йил ёзги болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш мавсуми якунлари бўйича "Болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш ташкилотчилари" кўрик-танлови бўйича ғолиблар ҳам аниқланиб, рағбатлантирилди.

Тадбирда санъаткорларнинг қизиқарли байрам дастури барчага бир олам қувонч бағишлади.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!