Меню
Қашқадарё
КАРАНТИН ҚОИДАЛАРИ НАЗОРАТЧИЛАРГА ТЕГИШЛИ ЭМАСМИ?
Қилмиш-қидирмиш
Коронавирус пандемияси сабаб жорий қилинган карантин ҳар бир кишидан белгиланган тартиб-қоидаларга қатъий риоя этишни тақозо этади. Шу вақтгача бу борадаги чекловлар ўз самарасини бергани учун ҳам бугун аҳолига кўплаб қулайликлар яратилмоқда, автобус, поездлар қатновига, чекланган миқдорда бўлса ҳам тўйлар ўтказишга рухсат берилди, чойхоналар, бозорлар, боғчалар фаолияти қайта йўлга қўйилди ва ҳоказо. Бу албатта яхши.
Бироқ шу ишларнинг бошида туриб, санитария-гигиена қоидаларига риоя этилиши устидан назоратни таъминлайдиган, бошқаларга ўрнак бўлиши керак бўлган соҳа вакилларининг ўзи тартибни бузса, жуда ғалати бўларкан.
Ички ишлар вазирлигининг “Постда” нашри ёзишича, шу йилнинг 28 май куни соат тахминан 13:00 атрофида Деҳқонобод тумани Қорашина қўрғонида жойлашган “Ингичка булоқ” хусусий корхонасига қарашли ошхона эшиги очиқ тургани ички ишлар ходимлари эътиборини тортади.
Ичкарига кирилганда эса карантин қоидаларини бузган ҳолда, бир стол атрофида овқатланиб, спиртли ичимлик истеъмол қилиб ўтирган беш кишига дуч келинади. Маълум бўлишича, улар Давлат санитария-эпидемиология назорати инспекцияси туман филиали бўлими бошлиғи Р.Э. ва унинг қўл остидаги ходимлар – М.Ш., С.Ж., Б.Б., А.С. экан. Натижада ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилади.
Кейин бу шахслар ишни “босди-босди” қилиш йўлини ахтаришади. Р.Э. ва М.Ш. 1 июнь куни майор Б.Эшбоевнинг хизмат хонасига келиб, ўзларига нисбатан қонуний чора кўрмаслик эвазига 500 минг сўм пул таклиф қилишади. Аммо бу натижа бермагач, шу куни тушдан кейин яна келиб, бўлиб ўтган воқеа раҳбарларга етиб борса, ишдан бўшатиб юборишларини айтиб, ишни “ёпиш”ни сўрашади. Бунинг учун энди 1 миллион сўм таклиф этишади. Шундан сўнг профилактика инспектори ушбу фуқароларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраб туман ИИБ бошлиғи номига билдирги билан мурожаат қилади.
Шунга кўра ўтказилган тезкор тадбирда Давлат санитария-эпидемиология назорати инспекцияси туман филиали бўлими бошлиғи Р.Э. жорий йилнинг 4 июнь куни 1 миллион сўм пулни пора тариқасида бераётган вақтда жиноят устида қўлга олинади.
Ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.