Меню
Қашқадарё
КАПИТАЛ БОЗОРИДА НИМА ГАП?
Семинар
Қарши шаҳрида капитал бозорини ривожлантириш истиқболлари ва соҳада мавжуд муаммолар, уларни бартараф этиш йўлларига бағишланган семинар-йиғилиш ўтказилди.
Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги вилоят бошқармасида ташкил этилган семинарда ҳудудда фаолият юритаётган акциядорлик жамиятлари вакиллари, қимматли қоғозлар бозори иштирокчилари, бошқа манфаатдор шахслар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
тадбирда капитал бозорини ривожлантириш агентлиги директорининг ўринбосари Диёр Муҳаммедов ҳамда агентликнинг вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Самариддин Рўзиқулов сўзга чиқиб, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида соҳада амалга оширилган ишлар натижадорлиги ҳамда келгуси вазифалар хусусида сўз юритишди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда ривожланган мамлакатларда нафақат банк сектори, балки капитал бозори ҳам иқтисодиёт равнақини таъминлаш ва уни молиялаштиришнинг асосий негизи бўлиб хизмат қилмоқда. Қолаверса, бу бозор аҳоли ва тадбиркорларнинг бўш пул маблағларини жалб этиб, уларнинг даромадини ошириш омили ҳисобланади. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳам бу жабҳага аҳамият қаратилиб, капитал бозорини ривожлантириш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Айни пайтда соҳада муаммолар ҳам йўқ эмас.
Мисол учун, жорий йилнинг февраль - ноябрь ойлари мобайнида агентликка 777 та ариза ва мурожаат келиб тушган. Уларда қайд этилган муаммолар бартараф этилгач, фуқаролар ва тадбиркорларга умумий миқдори 7,6 миллиард сўмга тенг дивидендлар тўлаб берилиши таъминланди. Демакки, капитал бозорига замонавий технологияларни кенг жорий этиш орқали ундаги шаффофликни таъминлаш, соҳага етук малакали кадрларни жалб этиш ва яна кўплаб ишларни амалга ошириш зарурати мавжуд. Президентнинг 2019 йил 24 январдаги тегишли қарори билан Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлигининг ташкил этилишидан кўзланган мақсад ҳам бу борадаги ишларни изчил ривожлантиришга қаратилган.
Семинарда Капитал бозорини ривожлантириш стратегияси концепциясини ишлаб чиқиш, республикада қимматли қоғозлар савдоси ва ҳисоби, уларни муомалада юритиш ва сақлаш бўйича бутун тизимни қўллаб-қувватловчи IT-инфратузилмасини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар, тизимга киритилган янги тартиб-таомиллар ҳамда савдога чиқарилаётган корпоратив облигациялар ва акциялар ҳақида тўлиқ маълумот берилди.
Семинар давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олишди.
Ж.ҚИЛИЧЕВ