Меню
Қашқадарё
«КАМОЛОТ» УЙИ ЁШ ОИЛАЛАРГА ТАНТАНАЛИ ТОПШИРИЛДИ
Янги “Камолот” уйини эгаларига тантанали топшириш маросимида вилоят ва шаҳар ҳокимликлари мутасаддилари, жамоат ташкилотлари вакиллари, ёшлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Тадбирда вилоят ҳокими Зафар Рўзиев сўзга чиқиб, Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида жисмонан соғлом, маънан етук, мустақил фикрлайдиган ва интеллектуал салоҳияти юқори авлодни вояга етказишга устувор аҳамият қаратиб келинаётгани ҳақида тўхталар экан, янги оила янги уй билан янада мустаҳкам қўрғонга айланишини, “Камолот” уйлари ёшларга Юртбошимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрликнинг ёрқин ифодаси эканини таъкидлади.
Шундан сўнг вилоят ҳокими, вилоят ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари Баҳодир Қодиров, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси Эсонбой Ражабов, Қарши шаҳар ҳокими Акмал Ачилов ва “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши раиси Фурқат Норматов ёш оилаларга хонадонларнинг калитларини топширишди.
Маълумки, Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 8 сентябрдаги “Мамлакатнинг ижтимоий ҳаётида фаол қатнашаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида “Камолот” уйлари қурилиб, ижтимоий фаол ёш оилаларга имтиёзли кредит эвазига, бошланғич бадалсиз берилмоқда.
- Бугунги кунни ҳеч қачон унутмайман, - дейди самбо бўйича икки карра Осиё чемпиони, миллий кураш бўйича жаҳон чемпионати кумуш медали соҳиби Динара Донаева. – Юртимизда биз учун яратилган беқиёс шароитлар туфайли спортда озми-кўпми натижаларга эришгандим. Шу ютуқларим инобатга олиниб, “Камолот” уйи хонадонларидан бирининг соҳибаси бўлдим. Қувонарлиси, фарзандим Акобиржон шундай кенг, шинам, барча қулайликларга эга хонадонда улғаяди. Худо хоҳласа, у ҳам спортчи бўлиб, Ватанимиз довруғини дунёга таратади.
Мазкур тўрт қаватли турар жой биноси “Қурилиш-индустрия компанияси” МЧЖ қурувчилари томонидан 5 миллиард 66 миллион сўм маблағ эвазига қуриб битказилди. Ундаги 2 ва 3 хонали хонадонларда ёш оилалар учун барча зарур қулайликлар мужассам бўлишига алоҳида эътибор қаратилган. Ана шундай шинам хонадонлардан бири “Ёш тадбиркор – юртга мададкор” республика кўрик-танловида 1-ўринни қўлга киритган Шерзод Маҳмудовга насиб этди. Унинг турмуш ўртоғи Моҳидилхон Ҳусанова бундан ўзида йўқ шод.
- Ҳамма аёл уйга аввало ошхонасига қараб баҳо беради, - дейди у. – Ҳозиргина калитини олган уйимиз шинам, барча шароитларга эгалиги, ошхонаси кенг ва ёруғлиги мени жуда хурсанд қилди. Ҳар бир аёл орзу қиладиган уйга кўчиб ўтаётганимиздан севинчим ичимга сиғмай кетаяпти.
Шу ўринда қайд этиш жоиз, айни пайтга қадар вилоятимизда ипотека кредити асосида давлат мукофотлари билан тақдирланган, нуфузли халқаро ва мамлакат танлов ҳамда фестивалларида ғолиб бўлган, фан, санъат, адабиёт, спорт ва бошқа соҳаларда юқори натижаларни қўлга киритган 240 ёш оила вакилларига Қарши шаҳри, Шаҳрисабз, Муборак ва Касби туманларида бунёд этилган “Камолот” уйлари берилди. Яқин кунларда Шаҳрисабзда барпо этилган яна бир 48 хонадонга мўлжалланган “Камолот” уйи фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, Қарши шаҳрида 64, Китоб ва Яккабоғ туманларида 32 хонадонга мўлжалланган “Камолот” уйлари қурилиши давом этаяпти.
Толиб ТЕМИРОВ