Меню

Қашқадарё

03.03.2020 1182

КАМЧИҚИМ ВА КЎНГИЛДАГИДЕК ЎТКАЗГАНГА НИМА ЕТСИН?!

 

Муаммо ҳақида мулоҳаза

Ана шу шов-шувли ордона тўйни деб хотинлар бўғчасини титиб, кўйлаклик мато тополмагач, эрининг елкасини силаб, янги либос харжини ололмай, қаҳратоннинг қаҳрига қарамай аразлаб отасиникига кетиб қолгани қанча. Эҳ, ақли сочининг тескариси бўлган бу жувонларни қўйинг, йигитман деб, кўксини шамолга бериб от устида елиб юрган шунқорлар ҳам кўпкаридан чиқиб, кечки базмда қизларнинг рақсга тушишини томоша қиламиз деб пастга эниб, Деҳқонободнинг лой бозоридан куртка-шим олишга ошиққанига, айниқса, кўпчилигининг умри дала-қирда от-уловнинг устида ўтган чапани чавандозлар бўлгани учун савдоси келишмай изғиринда дирдираб ўтирган бечора олибсотарнинг жағини "силаб" қўйганига нима дейсиз.

Бўрибой тўй базмига Қашқадарёнинг артистларига ҳам қаноат қилмай, Тошканнинг фалон долларга юрадиган, қўшиғини хўжалик омборининг эшигидай келадиган овоз кучайтиргич орқали ваданглатиб қўйиб, лабини қимирлатиб турадиган қўғирчоқдайгина аёл хонандаларидан олиб келармиш, деган гап ёшу кексанинг оромини бузди. Қишлоқнинг бекорчихўжа йигитлари Бўрибойнинг эшигига турнақатор тизилиб тўй олди ҳашарни ҳам бошлаб юборишди. Қўлтиғига тарвузи сиғмай турган бу йигитлар у ёқ-бу ёқларни тозалагандай бўлиб кечгача ҳазил-ҳузил қилиб уйга қайтишади. Бойга  суюмли кўриниш учун тўйболаларнинг дўпписи остига пул қистириб ҳам қўяди, шоввозлар.

Қишлоқнинг чевар кампирларидан бири   Ойсулув момо Бўрибойга атаб чопон тика бошлади. Буёғи невараси Тиркашхоннинг кўнгли бойнинг қизида, шундай кунда бўлажак қудаларнинг кўнглини овламаса, қачон овлайди?

Анави Эргаш тегирмончининг ўтган йили тирамада тоғ бағрида ўтказилган кўпкарисида оёғи синиб, оқсоқ бўлиб қолган арзандаси Жамолтўранинг ҳам эс-хаёли бойнинг қизида.

Мана сизга ҳали бошланмаган тўйнинг машмашаси, ваҳимаси. Бир тўйни деб қанча оворагарчилик, қанча кўнгилсизлик, яна қанча харажат. Дабдабани бошлаган бошқаю, ташвишидан тиллоси тўкилган бошқалар экан-да.

Ва ниҳоят, орзиқиб кутилган тўй куни келди. Тўйдан бир кун олдин қўша-қўша ҳўкизлар сўйилди, ўнлаб бўрдоқи қўчқорларнинг боши танасидан жудо этилди. Қаршидан келган олифта видеотасвирчи йигит қони отилаётган ҳўкизларни ерга юмалаганча камера ҳам қолиб қўл телефонига тасвирга олиб, "Телеграм" дегич бир балодаги гуруҳдаги дўстларига жўнатиб, зўр қаҳрамонлик кўрсатгандай ишшайиб турганда, Бўрибойнинг "ўтириб" - ўтган йили қайтган укаси яхшилаб пўстагини қоққач, бурнининг қонини тозалади-да, камерасини қўлга олиб, қассобларни тасвирга ола бошлади.

Азондан кўпкари, пешиндан сўнг кураш бошланди. Совринга беш туя, беш тойчоқ, ўнта қўчқор, йигирмата серка, даста-даста пул ва  бошқа қимматбаҳо совғалар қўйилди.

Қишлоқ халқи азалдан тўйга ташна. Аслида бундай тўйлардаги дабдабаю асъасани тўкинлик деб эмас, исрофгарчилик десак, янглишмаймиз. Бунинг ўрнига муҳтожларга, боқувчисини йўқотганларга ёрдам берган маъқул эмасми?

Келинг, узоқ кутилган тўйнинг тунги базм қисми оқибати нима билан тугаганига эътибор берайлик.

Бўрибойнинг пастки қишлоқдаги жиянлари арзанда қизи билан қилпанглаб ўйинга туша бошлади. Шу пайт ҳозиргина бойнинг елкасига қимматбаҳо чопон ташлаган момонинг невараси ҳам даврага сакраб чиқди. У ёқда Жамолтўра ҳам жўралари кўмагида дабдираганича даврага отилди. Қизлар эса уларни баттар сархуш қилишга шайлангандай "тумпалалай"га тушиб кетди. Уларнинг атрофида жилпанглаётган йигитлардан иккитаси давранинг қоқ ўртасида роса муштлашиб кетса денг. Ҳамма ҳайрон. Бу ароқвойнинг "шарофат"и-да. Бўрибой эса улфатлари билан навбатдаги шишани йиқитган, сархуш, дунё билан иши йўқ. Қора тун қўйнида даврада тўй гулхани эмас, шайтонлар рақсига монанд тарбиясизлик, ғазаб олови ўрлайди. Зумда атрофдан безори ўсмирлар чиқиб, муштлашиш бошланиб кетди. Қани у, қишлоқдаги оқсоқоллару орага кириб, кўпни кенгаштирадиганлар, қолаверса, маҳалла раиси, профилактика инспектори қани?!

Хотинларни кўринг, қайси бири гўдагини бағрига босиб қочган. Тошга йиқилиб, тиззасини сидириб, вой-войлаган чолу кампирлар... Бунинг устига қатор дошқозонлардаги шўрваю ош дастурхонга тортилмасдан увол бўлганига нима дейсиз. Жанжал-ку босди-босди қилинди, кўнгиллар ва вужудларнинг яралангани қолди.

Савол туғилади: ана шу тўйлар кундуз куни ўтказилса, яна сарф-харажатлар камайтирилса, таклиф этиладиган одамлар ҳам меъёрида бўлса, нур устига аъло нур эмасми?

Бу борада кенг жамоатчилик томонидан фикрлар билдирилмоқда, тўйларни ихчамлаштириш ва тартибга келтириш бўйича топшириқ ва кўрсатмалар берилишига қарамасдан чекка қишлоқларда, ҳатто марказларда ҳануз бунинг аксига дуч келаяпмиз.

Кўпгина инсонлар дабдабали тўй маросимлари ва уларни ўтказишга сарфланадиган катта харажатлар оқибатида қарзга ботиб, қарзни узолмай, соғлиғини йўқотаётгани ҳам бор гап. Қарз балосидан қутулиш мақсадида ўзини турли йўлларга ураётганлар ҳам топилади.

Бундай ҳолатларга чек қўйиш мақсадида тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маросим ва    марҳумлар хотирасига бағишланган тадбирларни ўтказиш тартиби бўйича махсус низом ишлаб чиқилгани муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Унга кўра, оилавий тадбирларда 200 нафаргача, мазкур тадбирлар муносабати билан бериладиган ошда 250 нафаргача, қўшалоқ тўйларда ҳам шунча одам қатнашиши белгилангани сарф-харажатларни ва исрофгарчиликни бир қадар аритиши тайин. Қолаверса, "келин навкари", "чарлар", "куёв чақирди", "келин чақирди", тоғора юбориш каби турли кераксиз расм-русумларни ўтказишга йўл қўйилмайди. Буёғи энди одамларнинг виждонига ҳавола.

Юқорида бир тўй мисолида юз берадиган кўнгилсизликларни тилга олдик. Аслида бу каби фақат машмашалардан иборат бўлиб қолган, исрофгарчилик асосига қурилган тўйлар қалби уйғоқ ҳар қандай инсонни ўйлантириши табиий. Шундай экан, тўйларимиз ортиқча чиқимларсиз, ёшларнинг кейинги ҳаёти ўйланган ҳолда ўтказилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Турдиқул МАМАНОВ,

халқ депутатлари Деҳқонобод туман Кенгаши депутати

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!