Меню
Қашқадарё
“Камалак” болалар ташкилотининг XXII анжумани: Ватан, дўстлик ва бахтли болалик учун!
“Қадрият, урф-одат, анъана ва болалар!” ҳамда “Халқлар дўстлиги” фестиваллари, “Мунозара” ва “Заковат” интеллектуал ўйинлари, “Энг намунали ҳудудий сардорлар кенгаши”, “Қувноқлар ва зукколар” танловлари, “Олимпия куни”, “Сўнгги қўнғироқ” ва “Дўстимга совға” лойиҳалари, “Плоггинг” экологик акцияси...
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи қошидаги “Камалак” болалар ташкилотининг вилоятимизда ўтказилаётган XXII анжумани дастуридан шулар каби кўплаб тадбирлар ўрин олган.
Шаҳрисабз тумани “Лочин” болалар оромгоҳида 19-24 май кунлари “Ватан, дўстлик ва бахтли болалик учун!” шиори остида бўлиб ўтаётган мазкур анжуманда республикамизнинг барча ҳудудларидан келган 300 нафар сардорлар иштирок этмоқда.
Анъанавий тарзда “Камалак” болалар ташкилоти ташкил топган сана – 23 май арафасида уюштириладиган бу оммавий тадбир жорий йилда болалар парадидан бошланди. Қарши темир йўл шоҳбекатида кутиб олиниб, Шаҳрисабзга йўл олган анжуман иштирокчилари Яшил шаҳарнинг тарихий марказидан ўтишди ва Амир Темур ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйишди. Сўнг фаол ёшлар Мираки шаҳарчасидаги “Лочин” оромгоҳи – бевосита анжуман ўтказилаётган жойга етиб боришди.
Тадбирнинг тантанали очилиш маросимида вилоятимиз ҳокимлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши, “Камалак” болалар ташкилоти вакиллари ва бошқалар сўзга чиқиб, анжуман ишига омад тилашди ва ёшлар иштирокидаги янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда сардорларнинг алоҳида ўрни ҳақида гапиришди.
Анжуманнинг илк кунларидан сардорлар учун фойдали бўлган ўқув-семинарлар ва учрашувлар, бошқа тадбирларга старт берилди. Масалан, "Ёшлар парламенти" раиси Шахноза Жўлдасова иштирокида "Ёшларга оид давлат сиёсати" мавзусида учрашув ўтказилиб, сардорлар ўртасида "Заковат" интелектуал ўйини ташкил қилинди. Тадбир доирасидаги танлов ва беллашувларнинг ғолиблари анжуманнинг ёпилиш маросимида эълон қилинади ва тақдирланади.