Меню

Қашқадарё

15.05.2020 1732

КАМ ЕРДАН КЎП ДАРОМАД ОЛИШ СИРЛАРИ

Ҳаракатда баракат

Ғузор тумани Чақар маҳалласида яшовчи Камол бобо Чаққоновнинг 6 сотих томорқаси бор. Энди ўйланг, шугина ердан миллионлаб даромад олиш, оиланинг икки-уч аъзосини доимий иш билан банд этиш мумкинми? Ҳарақалай Камол бобо буни уддаламоқда.

- Аввал бу жойда рўзғор учун зарур полиз ва сабзавот экинларини экардик, - дейди у. - Аммо очиқ дала шароитида ердан ҳамма фаслда бирдек фойдаланиш, кўп даромад олиш қийин. Шу боис ўтган йили ўғилларим билан маслаҳатлашиб, томорқанинг 3,5 сотих майдонида иссиқхона қуришга қарор қилдик.

Бобонинг таъкидлашича, улар иссиқхонанинг  мустаҳкам ва ҳамма талабларга мос бўлишини хоҳлаб, буни тажрибали усталарга топширишган. Харажат ҳам кам бўлгани йўқ - 50 миллион сўм. Шунинг 25 миллион сўми оиланинг ўз жамғармасидан бўлса, қолгани банк кредити ҳисобидан қопланди. Аммо бобонинг айтишича, шу йилнинг ўзидаёқ харажатнинг камида ярми қайтади.

- Ўтган йили октябрь ойида "Чита" навли помидор кўчатларини эккандик, - дейди Камол бобо. - Қишда ўтин ва кўмир ёрдамида ўсимлик учун зарур иссиқликни таъминладик. Мутахассислардан маслаҳат сўраб, керакли агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга ошириб турдик.  Дастлабки йил бўлишига қарамай, ёмон ҳосил олмадик. Апрель ойи бошидан бозорларга маҳсулот етказиб бераяпмиз. Шу кунгача уч тонна помидор сотдик. Ҳали яна камида 2 тонна ҳосил олишни мўлжаллаб турибмиз. Бошида 10 минг сўм ва ундан ошириб ҳам сотган бўлсак, кунлар исиб, бозорда маҳсулот кўпайгани сайин 5-6 минг сўмдан сотаяпмиз.

Энди ҳисоб-китоб қилиб кўринг, 5 тонна помидор ўртача 6 минг сўмдан сотилди ҳам дейлик. Бу соф 30 миллион сўмни ташкил этади. Оила июнь ойи бошидан помидорни олиб, ўрнига бодринг экишни мўлжаллаб турибди. Демак, октябрга қадар ҳали яна бир маротаба даромад олиш имкони бор.

- Маҳалламизда 1312 та хонадон, 7416 нафар аҳоли бор, - дейди Чақар маҳалла фуқаролар йиғини раиси Қувондиқ Нафасов. - Деярли барчасида томорқа ерлари мавжуд. Камол бобо каби ўз ҳовлисида замонавий иссиқхона барпо этиб, ердан миллионлаб даромад топаётган оилалар кўп. Бизни қувонтираётган жиҳати, уларни кўриб бошқалар ҳам шунга интилмоқда, томорқадан унумли фойдаланиб, яхши даромад олишга ҳаракат қилмоқда.

Шу маҳаллада яшовчи Ўктам Маъмуровнинг ҳам 16 сотих томорқаси бор. Уни кўздан кечирар экансиз, бўш қолган бир парча ерни кўрмайсиз. Ҳар бир дарахт, озиқ-овқат экинлари шундай тартиб билан экилганки, кўзни қувнатади.

- Аслида болалигимдан деҳқончиликка меҳрим баланд, - дейди Ўктам Маъмуров. - Нафақага чиққач, томорқа учун янада кўпроқ вақтим ва имконим бўлмоқда. Асосан невараларим билан биргаликда ишлаймиз. Мен буни меҳнат эмас, завқ деб биламан. Қолаверса, томорқа яхшигина даромад манбаи ҳам. Масалан, бирорта сабзавот маҳсулотини сотиб олмаймиз. Ҳаммаси ўзимиздан чиқади. Мавсумда экиб, ҳосилни йил давомида сақлаб ишлатамиз. Истеъмолдан ортиқчасини эса бозорга чиқарамиз.

 Ҳа, томорқа - ризқ-насиба, мўмай даромад манбаи. Унинг дастурхонимиз файзу баракаси, аҳоли турмуш фаровонлиги, юрт ободлигини таъминлашдаги ўрни беқиёс. Ҳамма гап ундан оқилона фойдаланишда.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!