Меню
Қашқадарё
КАМ ҲАРАКАТ, НОТЎҒРИ ОВҚАТЛАНИШ ВА БЎЛАР-БЎЛМАСГА АСАБИЙЛАШИШ ҚАНДЛИ ДИАБЕТ ХАВФИНИ ОШИРАДИ
Вилоятимизда бугунги кунда 1633 киши биринчи тип, 6329 нафар киши эса иккинчи тип қандли диабет касаллиги бўйича рўйхатга олинган. Вилоят аҳолиси орасида яширин диабетни эрта аниқлаш мақсадида жорий йилнинг тўққиз ойида ўтказилган текширувлар натижасида 802 кишида касаллик белгилари кузатилган ва улар назоратга олинган.
- Қандли диабет келиб чиқишининг асосий омили, бу - генетик мойилликдан ташқари, нотўғри овқатланиш ва кам ҳаракат қилишдир, - дейди вилоят эндокринология диспансери бош шифокори ўринбосари Азамат Бобоқулов. - Кундалик овқатланиш тартибининг бузилиши, жумладан, таомлар таркибида оқсил, ёғ ҳамда углеводларнинг меъёридан ошиб кетиши вазн ортишига сабаб бўлади. Бу ўз-ўзидан жисмоний фаоллик сусайишига олиб келади. Натижада меъда ости бези фаолияти издан чиқиб, инсулин етишмовчилиги юзага келиши мумкин. Маълумки, инсулин ёрдамида инсон организмидаги ҳар бир ҳужайрага глюкоза етказиб берилади. Глюкозанинг ҳужайралар таркибига сингиш ўрнига қон ва пешоб билан ажралиб чиқиши, табиийки, уларнинг аста-секин емирилишига олиб келади. Беморда қувватсизлик, оғиз қуриши, вазн камайиши, кўз хиралашиши, баданга игна санчилаётгандек бўлиши каби аломатлар пайдо бўла бошлайди. Ана шундай белгилар сезилиши билан дарҳол шифокорга мурожаат этиб, қондаги қанд миқдорини текширтириш лозим. Зеро, бемор ўз саломатлигини доимий назорат қилиб борса, шифокор тавсиясига риоя этган ҳолда, соғлом турмуш тарзи қоидаларига амал қилса, узоқ умр кўриши мумкин.
Хабарингиз бор, бутун дунёда 14 ноябрь - Халқаро диабетга қарши курашиш куни сифатида белгиланган ва ноябрь ойи диабетга қарши кураш ойлиги, деб қабул қилинган. Шунга асосан, жорий йилда халқаро миқёсда ўтказиладиган мазкур ойлик “Диабет - ҳаёт тарзи” шиори остида ташкил этилмоқда. Ойлик давомида аҳоли ўртасида қандли диабет касаллиги бўйича тушунтириш ишлари олиб борилади, тиббий кўриклар ўтказилади. Истироҳат боғлари ва аҳоли гавжум масканларда сайёр лабораториялар фаолияти йўлга қўйилиб, ортиқча вазн ва қондаги қанд миқдори аниқланади. Ҳар ҳафта шанба куни вилоят эндокринология диспансери ва жойлардаги тиббиёт муассасаларида диабетга чалинган болалар ва уларнинг ота-оналари, катталарга психолог маслаҳати берилади. Аҳолининг ижтимоий ёрдамга муҳтож қатлами диспансерда чуқурлаштирилган текширувдан ўтказилиб, керакли маслаҳатлар берилади.
- Касалликни доимо текширтириб, даволаб туришдан ташқари, беморлар парҳезга амал қилишлари талаб қилинади, - дейди мутахассис. - Диабет парҳези асосан ўсимлик, сут маҳсулотлари асосида бўлади. Чунки хом сабзавотлар ва меваларни истеъмол қилиш ошқозон ости безининг инсулин ишлаб чиқаришини кучайтиради. Шу сабабли ҳам диабетдан азият чекувчи беморлар кундалик таомномасига иложи борича кўпроқ сабзавот, мевалар, бошоқли дон маҳсулотлари, пишлоқ, дуккаклилар, пиёз, саримсоқпиёз, бодринг ва турпни киритишлари лозим. Осон ҳазм бўладиган углеводлар - шакар, қандолатчилик маҳсулотлари, мураббо, шоколад, асал, узум, хурмо, консерваланган мевалар ва бошқа ширинликлар диабет билан оғриган кишилар таомномасидан чиқариб ташланиши зарур. Ширинликларсиз тура олмайдиган беморларга шакар ўрнини босувчи табиий маҳсулотларни истеъмол қилиш тавсия этилади.
Диабет йилдан-йилга кўпаяётган экан, бугун унинг олдини олишдан кўра, келтириб чиқарадиган асоратларга эътибор қаратиш лозимлигини унутмаслик зарур. Яъни касалликдан йироқ бўлиш учун ҳар нарсадан асабийлашиш, жиғибийрон бўлиш, шошқалоқлик кўникмасидан воз кечиш даркор. Демак, соғлиғимизни мустаҳкамлаш – ўз қўлимизда.
Шоҳиста БОЗОРОВА