Меню
Қашқадарё
Кадастр ҳужжатлари йўқ хонадонлар хатловдан ўтказилади
Жорий йил 15 сентябргача вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларида эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ва кадастр ҳужжатларига эга бўлмаган якка тартибдаги уй-жойлар маҳаллабай хатловдан ўтказилиб, уларнинг электрон рўйхати шакллантирилиши лозим.
Мазкур жараёнга оид топшириқ ва талаблар вилоят ҳокимининг жорий йил 23 августдаги фармойишида жамланган. Ушбу ҳужжатга биноан аҳоли хонадонларини маҳаллабай таҳлил қилиш, аввалдан фуқароларнинг фойдаланишида бўлган якка тартибдаги уй-жойга эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ва кадастр ҳужжатига эга бўлмаган ҳамда уй-жойга эгалик ҳуқуқини эътироф этишга асос бўлувчи ҳужжатларни тўплаш билан бирга электрон базага киритиш ишларини ташкил этиш бўйича ҳудудий ҳамда туман ва шаҳар ишчи гуруҳлари таркиби тасдиқланди.
Бевосита хатловни ўтказиш ва ҳужжатсиз уй-жойларнинг электрон рўйхатини тузиб, тасдиқланган ҳолатини тегишли жадвалга киритиб бориш туман ва шаҳар ишчи гуруҳларининг зиммасига юклатилди.
Ҳудудий ишчи гуруҳ эса рўйхат тўлиқ ва сифатли шакллантирилганлигини ўрганиб чиқиб, аниқланган камчиликлар ва ноаниқликларни бартараф этган ҳолда тасдиқланган рўйхатнинг электрон вариантини жорий йил 20 сентябрга қадар Адлия вазирлигига тақдим этиши даркор.
Шу ўринда эслатиш жоизки, жорий йил 18 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида юртимизда 2 миллион 600 мингта хонадоннинг кадастр ҳужжатлари йўқлиги қайд этилиб, уларнинг эгалари томорқа учун кредит, субсидия ҳамда уйини кенгайтиришга ипотекадан фойдалана олмаётгани ҳақида Халқ қабулхоналарига кўплаб мурожаатлар тушганлиги таъкидланганди.
Ўшанда Адлия вазирлигига кадастри йўқ хонадонлар масаласини узил-кесил ҳал қилиш учун алоҳида қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилиб, янги қонун қабул қилингунига қадар, бу уйларга уч карра оширилган солиқ қўллаш тўхтатиб турилиши айтилганди.